Қиш ғамини ҳозирдан енг

Кузнинг салқин кунлари бошланиши билан остона ортида қиш пойлаб туради. Шукрлар бўлсинки, юртимизда ҳали куз келмасидан тайёргарлик ишларига киришилади. Маҳалла вакиллари уйингизгача келиб, айнан шу бўйича муаммони ўрганишади.
Андижон вилоятида бу борада жўяли ишлар амалга оширилмоқда. Шу пайтгача 2 минг 200 та кўп қаватли уйларнинг ҳолати ўрганиб чиқилди. Мавжуд камчиликлар бартараф этилди. Биргина Андижон шаҳрида 280 дан зиёд кўп қаватли уйларда таъмирлаш ишлари олиб борилди. 173 та уйнинг иссиқлик тизими тўлиқ янгиланиб, 18 та уйда ички коммуникациялар алмаштирилди. Бу ишларни 12 та бошқарув сервис компаниялари амалга оширди.
— Бугунги асосий вазифамиз фуқароларни узлуксиз иссиқлик билан таъминлаш, — дейди “Андижон шаҳар қурилиш сервис” МЧЖ масъул ходими Аброр Мирзабоев. – Ҳар бир кўп қаватли уйда жойлашган иссиқлик пунктлари назоратга олинган, зарур ҳолатда ишлатиш учун резерв генераторлар тайёр ҳолатга келтирилган.
Таълим ва тиббиёт муассасаларида ҳам мавсум олди ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятдаги 764 та мактаб, 218 та боғчада иситиш тизимлари текширувдан ўтказилди. Улардан 645 тасида қувурлар, батареялар таъмирланиб, 89 та муассасада янги иссиқлик қозонлари ўрнатилди. Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, 42 та шифокорлик пунктлари, 13 та марказий шифохонада энергия тежамкор иссиқлик ускуналари жорий этилди.
Энергетика соҳасида ҳам муҳим ўзгаришлар кузатилмоқда. “Андижон ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси томонидан бу йил 37 та трансформатор пунктлари капитал таъмирдан чиқарилди. 96 километр электр тармоқлари алмаштирилди. Шунингдек, 19 минг хонадонда ҳисоблагич ускуналари янгиланган. Бу нафақат электр таъминотини барқарорлаштириш, балки фойдаланиш ҳисобини аниқлаш имконини берди.
“Андижон сув таъминоти” АЖ томонидан ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
— Вилоятдаги 1200 километрдан зиёд ичимлик суви тармоқлари текширувдан ўтказилди, — дейди жамият директори Дилшодбек Қўлдошев. — 37 та насос станцияси таъмирланиб, 12 тасида замонавий автомат бошқарув тизимлари ўрнатилди. Мавсум давомида ҳамюртларимиз ичимлик суви таъминоти ҳамда оқова сув хизматидаги муаммоларга дуч келмаслиги учун ҳар бир шаҳар ва туманда навбатчилик гуруҳлари ташкил этилган. Улар томонидан ҳудудларни назорат қилиш, юзага келган муаммоларни вақтида бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Айни пайтда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари якунига етиб, назорат ишлари давом этмоқда. Ҳокимликлар ва маҳаллаларда ишчи штаблари фаолияти ташкил қилинди. Бугунга қадар бажарилган тайёргарлик ишлари ўз самарасини беради. Зеро, инфратузилмалардаги бунёдкорлик узоқни кўзлаб амалга оширилди. Нафақат эртанги кунимиздан, балки келгуси йиллардан ҳам кўнглимиз тўқ!
Саминжон ҲУСАНОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Доллар курси тушишда давом этмоқда
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг