Президентимиз пойтахтимиздаги саноат ва ижтимоий соҳа объектлари билан танишди, Ёшлар боғига дарахт ўтқазди — Фоторепортаж

22:27 19 Март 2024 Сиёсат
2021 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Бугун, 19 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги саноат ва ижтимоий соҳа объектларига ташриф буюради, маҳалладаги ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан танишди, шунингдек, баҳорги дарахт экиш тадбирида иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг биринчи манзили Тошкент шаҳридаги Қуюв-механика заводи бўлди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Қирқ гектардан зиёд гектар майдонли бу завод бир пайтлар тўлиқ ишламай, паст рентабелли бўлиб қолган эди. Шу боис «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тасарруфига ўтказилиб, 2013 йилда модернизация қилинди. Сўнгги йилларда маҳаллийлаштириш жадал кенгайиб, унинг иқтисодий самарадорлиги янада ошди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Бугун мажмуа йилига 1 минг 200 та юк вагони ишлаб чиқариш ва 1 минг 500 тасини таъмирлаш қувватига эга барқарор корхонага айланди. Бугун бу ерда ярим очиқ, усти ёпиқ, узун базали ҳамда дон, цемент, минерал ўғит ташишга мўлжалланган 6 турдаги юк вагонлари ишлаб чиқарилмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Металл қуйиш оғир саноатнинг энг муҳим тармоғи, таъбир жоиз бўлса, «юраги» ҳисобланади. Бу ерда 120 миллион доллар ҳисобига қуюв цехи барпо этилган. У йилига 26 минг тонна маҳсулотлар тайёрлашга мўлжалланган.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Корхонада 2018-2023 йилларда маҳаллийлаштириш дастури бўйича 100 га яқин турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. 2023 йилда жами 267 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган, 10 миллион долларлик 170 та вагон ва эҳтиёт қисмлар экспорт қилинган. Жорий йилда экспорт ҳажмини 15 миллион долларга етказиш бўйича шартномалар имзоланган.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Корхонада халқаро стандартларга мувофиқ ISO 9001 сифат менежменти ва ISO 50001 энергетика менежменти тизими жорий этилган.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Сергели туманида ташкил этилаётган Ёшлар боғига кўчат ўтқазди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йилдан буён «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жумладан, экологик вазиятни яхшилаш мақсадида Тошкентнинг «яшил белбоғи» ташкил этилмоқда. Ёшлар боғи шу ҳалқанинг муҳим бўғини бўлади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Давлатимиз раҳбарига боғ лойиҳаси ҳақида ахборот берилди. Унинг майдони 75 гектардан зиёд бўлиб, ҳудуди жиҳатидан пойтахтимизда «Янги Ўзбекистон» боғидан кейин иккинчи ўринни эгаллайди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Боғ еттита катта ҳудудга бўлинади. Марказий хиёбонда турли майдонлар, минг ўринли очиқ амфитеатр, миллий ва халқаро гастрономик зоналар барпо этилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Очиқ ҳавода овқатланиш ва қизиқарли машғулотлар учун алоҳида жойлар бўлади. Мусиқий фавворалар, очиқ осмон остидаги кинотеатр, санъат кўргазмалари ва лазер-шоу имкониятлари яратилади. Болалар учун спорт ва ўйин майдонлари, машҳур эртаклардаги қишлоқлар, устахона, кутубхона, сунъий кўл, каноэ ва сузиш ҳавзаси ташкил этилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Яна бир эътиборли томони, бу боғда табиийлик, ўрмон шакли, экзотик манзара ҳосил қилинади. Боғ фойдаланишга топширилиши билан 350 тадан ортиқ иш ўрни яратилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводини бориб кўрди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Мамлакатимизда темир йўл транспорти ривожланиб, қатновлар сони кўпаймоқда. Бу вагонларга бўлган талабни ҳам оширади. Мазкур заводда 16 турдаги йўловчи вагонлари ишлаб чиқарилади ва таъмирланади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Ўтган йили корхонада 32 та йўловчи вагони тайёрланиб, 319 таси таъмирланган. Муҳими, кооперация орқали эҳтиёт қисмларнинг 70 фоизи маҳаллийлаштирилган.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Умуман, аввалги йилларда 300 дан зиёд йўловчи ва техник хизмат вагонлари ишлаб чиқарилиб, 50 дан ошиғи экспортга юборилган. Бундан ташқари, 112 та метрополитен вагонлари модернизация қилинган.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Улар 28 йил давомида фойдаланишга мўлжалланган ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради, йўловчилар учун ҳар томонлама қулай, юқори сифат ва хавфсизликка эга.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Давлатимиз раҳбарининг навбатдаги манзили Яккасарой туманидаги Дилбулоқ маҳалласи бўлди. Айни кунларда маҳаллада Наврўз шукуҳи. Бу ерда давлат-хусусий шерикчилик асосида замонавий маҳалла идораси қурилди. Кўп қаватли уйлар йўлаги ва ички кўчалар, ертўлалар таъмирланди. Анҳор бўйи тартибга келтирилиб, обод сайилгоҳга айлантирилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Ўтган йили кузда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 4 минг туп дарахт ва бута кўчати ўтқазилган эди. Шу кунларда кўп қаватли уйлар олдидаги майдонларга райҳон, намозшомгул каби гуллар экилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Дилбулоқ маҳалласида 6 минг 700 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳалла хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Уч юзга яқин савдо, саноат ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида маҳаллий ёшлар ва аёллар ишламоқда. Мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиника, ихтисослаштирилган спорт мактаби, педагогика институти филиали фаолият юритмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

«Хавфсиз маҳалла» тамойили асосида ҳудудга 360 та видеокузатув мосламалари ўрнатилган, улар маҳалла профилактика инспектори хизмат хонасига уланган.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Ўтган йили 112 киши ишга жойлаштирилиб, 181 нафари ўзини-ўзи банд қилган. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 23 та лойиҳага кредит ва ўнга яқин фуқарога субсидия ажратилган.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Давлатимиз раҳбари ушбу мажмуаларни кўздан кечирди, маҳалла аҳли билан самимий суҳбатлашди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ногиронлиги бўлган болалар учун 1-сонли «Мурувват» интернат уйини бориб кўрди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Ўзбекистон – ижтимоий давлат. Бу халқимизнинг азалий қадриятларига, бугунги инсонни қадрлаш тамойилига мос. Сўнгги беш йилда «Мурувват» уйларига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар 3 баробардан зиёд ошган. Улардаги ходимлар ва ўринлар сони ҳам кўпайтирилган.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Аҳолига сифатли хизмат ва ёрдам кўрсатиш мақсадида ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилган эди. Панционат, реабилитация маркази каби кўплаб ижтимоий муассасалар қатори «Мурувват» уйлари ҳам ушбу агентлик тизимига ўтказилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Ўтган йили бундай муассасалар учун давлат бюджетидан 624 миллиард сўм ажратилди. Шунингдек, уларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш учун аввалгига қараганда икки баробардан ортиқ маблағ берилмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Илгари «Мурувват» уйлари ўртасида ҳамкорлик бўлмаган. Ҳозир улар ўзаро фикр алмашиб, самарали усулларни, таълимдаги тажрибаларни татбиқ этмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Давлат ғамхўрлиги натижасида Тошкентдаги ушбу «Мурувват» уйи ҳам янги қиёфага кирди. Қўшимча бино қурилиб, эски бинолар капитал таъмирланди. Ёзги спорт зали, ногиронларни парваришлаш ва жисмоний даволаш бўлимлари, тиббиёт ва машғулот хоналари, фаоллар зали, кутубхона, ётоқхона ва ошхона бутунлай янгиланди. Ҳар бир бўлим, махсус хоналар талаб даражасида жиҳозланди. Ҳаракатланиши қийин болалар махсус аравачалар билан таъминланди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Муассасада руҳиятида сезиларли нуқсони бор 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатилади. Бугунги кунда 299 нафар ўғил-қиз васийликка олинган. Уларга 334 нафар ходим, жумладан, малакали педагог, дефектолог ва шифокорлар ёрдамлашмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”
Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер