Президент темир йўл соҳасидаги натижалар ва келгуси режалар тақдимоти билан танишди
Фото: Президент матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев 6 август куни темир йўл соҳасида олиб борилаётган ишлар ва келгуси режаларга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўтган йили 10 октябрда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятини трансформация қилишга оид Президент қарори қабул қилинган эди. Бу жараёнга кўмаклашиш мақсадида халқаро консалтинг компанияси ҳам жалб этилди.
Жамият таркибида инфратузилма, вагон хизмати, йўловчиларни ташиш кабилар билан шуғулланувчи 6 та мустақил корхона иш бошлади. Самарасиз ва бир-бирини такрорловчи вазифалар бирлаштирилиб, ортиқчалари қисқартирилди.
Поездлар таркибига 1 минг 40 та янги юк ва 45 та йўловчи вагони қўшилди. Ички йўналишда юк ташиш муддати 2 карра қисқарди. «Келес» станциясида қўшимча 2 та электрлашган йўлни қуриш орқали Тошкент атрофида поездларни ўтказиш имконияти 30 фоизга ошди.
Илгари йиллар давомида зарарга ишлаб келган «Ўзбекистон темир йўллари» бу ислоҳотлар натижасида фойда кўришга ўтди.
Тақдимотда галдаги вазифалар, ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Кейинги вақтларда йўловчи вагонларининг аҳволи, совутиш тизимидаги муаммолар бўйича кўп эътирозлар бўлмоқда. 143 та вагон таъмирталаб. 59 та локомотив хизмат муддатини ўтаб бўлган.
Шунинг учун янги йўловчи вагонлар ишлаб чиқаришга Саноатни ривожлантириш жамғармасидан 50 миллион доллар ажратилмоқда. 38 та локомотив олиб келиш ва 12 та электровозни модернизация қилиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан 181 миллион долларлик келишувга эришилган.
Мутасаддилар ушбу маблағлар ҳисобидан поездлар паркини янгилаш режалари бўйича ахборот берди.
Шавкат Мирзиёев ўтган йили қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувда Тошкентдан Нукусга тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилишини айтган эди.
Бунинг учун Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компаниясидан 6 та замонавий электропоезд олиб келиниши белгиланган. Ҳозирги кунда узунлиги 465 километр бўлган «Бухоро-Урганч-Хива» темир йўли электрлаштирилмоқда ва буни йил охиригача якунлаш мўлжалланган. Келгуси йилларда 196 километрлик «Мискин-Нукус» тармоғи электрлаштирилади. Натижада йўловчиларнинг манзилга етиб бориш вақти 16 соатдан 7 соатгача қисқаради.
Тақдимотда, шунингдек, акциядорлик жамиятига қарашли носоҳавий активларни хусусийлаштириш, соҳада хизматлар сифати ва экспортини ошириш масалалари бўйича кўрсатмалар берилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг