Президент “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форумининг очилишида нутқ сўзламоқда

11:39 17 Сентябр 2025 Сиёсат
154 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида 30 дан ортиқ нуфузли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар иштирокидаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форумининг очилишида нутқ сўзламоқда.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича учинчи бор ўтказилаётган халқаро анжуман иштирокчиларини самимий қутлади. Тадбирда иштирок этаётган Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Ал-Жассир, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Инмин Янг, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги бош вице-президенти Сачико Имото; Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каха Имнадзе, Жаҳон банкининг камбағалликни қисқартириш бўйича глобал директори Луис Фелипе Лопез-Кальва ва барча меҳмонларга миннатдорлик билдирди.

Президентимиз инсоният оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган ўта кескин ва мураккаб даврни бошидан кечираётганини қайд этди. Дунёда геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий беқарорлик тобора ортиб бормоқда. Ер юзида кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги ва пандемиялар туфайли оғир ва машаққатли синовлар пайдо бўлмоқда.

2015 йилдан буён глобал иқтисодий ўсиш суръати ўртача 3 фоизни ташкил этиб, олдинги ўн йилликка нисбатан секинлашди. Оқибатда, агар беш йил олдин дунёда 650 миллион аҳоли камбағалликда яшаган бўлса, бугун уларнинг сони 800 миллиондан ошди.

“Бу ҳолат барча давлатлар, халқаро ташкилотлар, умуман, дунё ҳамжамияти олдига янги ва долзарб вазифаларни қўйиб, уларга ечим топиш бўйича тезкор қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда”, деди Президентимиз.

Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда инсон ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, муносиб иш жойи билан таъминлаш, даромадини ошириш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган улкан ишларни амалга оширилгани таъкидланди.

Барча саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун шароит яратиш ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.

Энг мураккаб даврда камбағалликка қарши кураш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилиб, умуммиллий ҳаракатга айлантирилди.

Давлатимиз раҳбари ўша пайтда бизда камбағаллик даражасини баҳолаш бўйича аниқ мезон ва методология йўқ бўлганини қайд этди. Жаҳон банки ва БМТ институтлари билан ҳамкорликда халқаро тажриба асосида камбағалликнинг миллий мезонлари ишлаб чиқилдик.

Янгиланган Конституциямизда пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдам миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.

Изчил ислоҳотлар туфайли 7,5 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 2024 йилда 8,9 фоизга туширилди. Йил якунигача уни 6 фоизгача камайтириш мақсад қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?