Парвозлар географияси кенгаймоқда
Андижон шаҳрида “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси томонидан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда авиакомпания масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда сайёҳлик маркази ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида мамлакатимизда йўловчилар учун яратилган қулайликлар, хизмат сифатини яхшилаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Таъкидланишича, 2024–2025 йилларда авиакомпания парвозлар географиясини кенгайтириб, Тошкентдан Санья, Фукукок, Ҳанчжоу, Гоа, Ҳургада, Махачқалъа, Нячанг, Исломобод, Мадрид ва Тюмень шаҳарларига янги йўналишларни очган. Шунингдек, Рим, Мумбай ва Лахор йўналишлари ҳам қайта тикланди.
— Шу кунларда республикамизда, жумладан, Андижон вилоятида туризмни ривожлантиришга бўлган эътибор ҳар доимгидан ортган, — дейди “Парвоз” сайёҳлик маркази вакили Равшанбек Арслонов. — Саёҳатни эса парвозсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун авиакомпания масъулларига ички туризмни янада ривожлантириш мақсадида Андижондан Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда Нукус шаҳарларига парвозларни ташкил этиш бўйича таклиф киритдик. Бир сўз билан айтганда, бугунги тадбир фаолиятимизга янги имконият эшикларини очди.
Айтиш жоиз, авиакомпания томонидан жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Андижон аэропортидан мунтазам халқаро ва ички йўналишларда авиақатновларни амалга ошириш бошланади. Бунинг натижасида Фарғона водийси аҳолиси учун Россия, Туркия ва республикамизнинг йирик шаҳарлари билан барқарор ҳаво алоқасини таъминланади. Бу эса ҳудуддаги ишбилармонлик, сайёҳлик ва ижтимоий алоқалар ривожига хизмат қилади.
Тадбир якунида иштирокчилар авиакомпания фаолиятидаги янгиликлар, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, хизматлар самарадорлигини ошириш ва ички туризмни қўллаб-қувватлаш бўйича фикр алмашди. Мулоқот очиқ ва конструктив руҳда ўтди, мазкур ташаббус келгусида минтақавий авиаташувлар тармоғини янада кенгайтиришга замин яратиши таъкидланди.
Саминжон ҲУСАНОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Ўзбекистон дунёдаги сайёҳлар оқими энг тез ўсаётган етти мамлакатдан бири — БМТ ҳисоботи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг