Парламент Регламенти ўзгариши мумкин

22:03 01 Май 2020 Сиёсат
1541 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу йил 1 май куни бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид муҳим масалалар қаторида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин кўриб чиқилди.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, гарчанд парламент назоратининг турли шакллари амал қилаётган бўлса-да, давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мониторинг ва назорат қилишнинг мукаммал тизими мавжуд эмас. Депутатларнинг фикрича, бу ҳолат қонун ҳужжатларининг бажарилиши устидан назорат самарадорлигини пасайтирмоқда. Натижада фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишига шароит яратиляпти.

Олий Мажлис ва сиёсий партияларнинг демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишдаги ролини янада кучайтириш мақсадида қонун лойиҳаси билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги ва “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунларга ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.

Чунончи, Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотларини эшитиш тартиб-таомилларини жорий қилиш назарда тутиляпти (бугунги кунга қадар Олий Мажлис палаталари фақат Ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитишга ҳақли).

Шунингдек, улар якунлари бўйича Олий Мажлис палаталари қарорлари мазкур органлар раҳбарларига юборилиши, Ҳукумат аъзолари юзасидан қарорлар эса Вазирлар Маҳкамасига юборилиши тартибини татбиқ этиш белгиланяпти.

Халқ вакиллари бу борада хорижий тажриба кенг таҳлил этилганини таъкидлашди. Уларнинг фикрича, юқоридаги қонунларга ўзгартишлар киритилиши парламент ваколатларини кенгайтириш, ҳуқуқий ҳужжатларнинг самарали ижросини таъминлашда унинг роли ва мавқеини оширишга хизмат қилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер