ЎзМУ халқаро «QS World University Rankings»да юқорилади

«QS World University Rankings» таҳлилий агентлиги 2025 йил учун дунёдаги энг нуфузли университетлар рейтингини эълон қилди. Қайд этиш керакки, мазкур рейтингда университетлар академик обрў, иш берувчилар орасидаги нуфузи, иқтибослик, халқаро ҳамкорлик, хорижий талабалар ва профессорлар сони, барқарорлик ҳамда талабалар ва ўқитувчилар сони нисбати каби кўрсаткичлар бўйича баҳоланади. Шу асосда Ўзбекистон Миллий университети жаҳон миқёсида 721–730 ўринлар орасида жой олди ва ўтган йилги натижага нисбатан 50 поғона юқорилади.
ЎзМУ ушбу рейтингда бир қатор муҳим индикаторлар бўйича ижобий натижаларга эришди. Жумладан, халқаро профессор-ўқитувчилар сони бўйича 200-ўринни, иш берувчилар орасидаги обрў (Employer reputation) кўрсаткичи бўйича 185 поғона юқорилаб, 355-ўринни, академик обрўда эса 412-ўринни эгаллади. Шунингдек, бандлик кўрсаткичи бўйича 14 ўринга кўтарилиб, 545-ўрин қайд этилди. Бу натижалар университетнинг халқаро майдондаги салоҳияти ва ривожланиш салоҳиятини намоён этмоқда.
QS халқаро рейтинг агентлиги минтақавий директори Сергей Христолюбовнинг таъкидлашича, ҳар йили дунё бўйича 30 мингдан ортиқ университетлар мазкур рейтингда иштирок этиш учун ариза топширади. Университетнинг бундай юқори натижаси унинг салоҳияти ва жамоавий фаолияти самараси экани қайд этилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Миллий университети халқаро академик майдонда ўз ўрни ва нуфузига эга ўқув даргоҳларидан бири сифатида танилаётгани муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Миллий университетининг мамлакатимиз олий таълим тизими тарихидаги натижани қайд этиб, жаҳонинг нуфузли рейтингларида юқори поғоналарни эгаллагани муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Унда нуфузли меҳмонлар, фан ва жамоат арбоблари, турли вазирлик ва идоралар масъуллари, университет жамоаси, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев, ЎзМУ ректори Ином Маджидов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, академик Шавкат Алимов ва Гавайи университети профессори Дилмурод Азимов сўзга чиқиб, университет жамоасини мазкур ютуқ билан табриклашди. Улар таълим, фан ва инновация соҳасидаги ислоҳотлар университетнинг халқаро майдондаги муваффақиятларига замин яратганини таъкидлашди.
Шунингдек, 18 июнь куни эълон қилинган «Times Higher Education Impact Rankings 2025» натижаларида ҳам ЎзМУ катта ютуққа эришди. Ушбу рейтингда университет барқарор ривожланишнинг 6 та мақсади бўйича 201–300 ўринлар оралиғида жой олди. Бу эса ўтган йилги натижага (601–800) нисбатан 400–500 поғона юқорилашни англатади. Бу натижа университетда барқарор ривожланишга қаратилган стратегик ташаббуслар, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг фаол иштироки натижасидир.
Ўзбекистон Миллий университети кейинги йилларда халқаро рейтингларда ТОП–500 университетлар қаторидан ўрин олишни мақсад қилган. Бу йўлда университет раҳбарияти ва жамоаси узоқ муддатли стратегия асосида фаол ҳаракат қилмоқда ва келгусида янада юқори марраларни забт этишга интилишни давом эттирмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг