Ўзини эр билган, ўзгани шер билади
Одатда, тобимиз қочса, “тез ёрдам”га телефон қилиб, дўхтир юборишни сўраймиз. “Марҳамат, киринг”, деб пешвоз чиқамиз. Шифокорга бемор олдига жой тайёрлаймиз. Касал шикоятини айтади. Дўхтир танометр олиб қон босимини, термометр билан ҳароратини ўлчайди. Бемор маълумотларига кўра ё шифохонага ётқизилади, ё дори-дармон белгилайди.
Эгнидаги оқ халатлари каби ниятлари оппоқ касб соҳиблари давлатимиз эътиборида, халқимиз ардоғида.
Жиззахда Улуғбек Маматқулов деган шифокор бор. У ўзи хизмат қилаётган Хайрабод ҳудудидаги деярли ҳаммани танийди. Одамлар ҳам Улуғбекни яхши билади. “Тез ёрдам” чақириғига шу киши келса, хурсанд бўлишади. Қаранг, шифокор самимий бўлгач, аҳоли ҳам унга меҳр кўрсатади...
Бироқ бугунги кунда ҳаётимизда шундай ҳолатлар ҳам юз бермоқдаки, бунга ажабланмай иложимиз йўқ. Гап кейинги пайтларда тез-тез кузатилаётган “тез ёрдам” шифокорларига жисмоний тазйиқлар ҳақида кетмоқда.
... Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанаётган беморнинг ўғли ортопедия ва жароҳатлар оқибатлари бўлими ходими Бобур Шавкатовнинг қўлини боғлаб, устидан бензин сепиб, ўт қўйишга аҳд қилибди. Яхшиям, одамлар вақтида ёрдамга келиб, қутқаришибди. Шифокор бўламан, деб қанча ўқиб, одамларга ёрдам беришдек савобли ишда ишлаётган мутахассис шундай ҳолга тушса, алам қилмайдими?! Маълум бўлишича, Бобур Шавкатов хусусий тиббиёт муассасасига ўтиб кетибди. Ахир шифокорлик дунёда энг тинчликпарвар, савобли касб эмасми?!
Навоий вилояти Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасига қўнғироқ бўлди. “Тез ёрдам” юборишларини сўрашди. Шифокор Нажмиддин Болиқулов ва фельдшер Улуғбек Ражабов биргаликда айтилган манзилга етиб боришса, уларни мушт кўтариб, қарши олишди. Эндигина институтдан кейин иш бошлаганига икки ой бўлган Нажмиддин бундай муносабатдан ҳафсаласи пир бўлган.
Яқинда Фарғонада юз берган воқеа ҳаммасидан ўтиб тушди. Оилавий поликлиникага келган она ўз қизи билан бирга ҳамшира Матлуба Маъмуровага тажовуз қилиб, унга жиддий жароҳат етказишди.
Ажабо! Ёрдам бераман деганга миннатдорлик ўрнига қўл кўтарилса! Бундай хурмача қилиқ халқимизга қандай ёпишди? Нега бунча баджаҳл, бургага аччиқ қилиб кўрпани ҳам ёқадиган, енгилтак бўлиб қолдик? Қанчадан-қанча оғир дамларда синовдан ўтган дўстлик, иноқлик, меҳр-оқибат қаёқда қолди?
Биз бундай можароларнинг ҳаммасида шифокорлар ҳақ, деган фикрдан йироқмиз. Уларнинг баъзида ўз ишига лоқайдларча қараётгани, айрим ҳолларда масъулиятсиз, тажрибасизлик, билимсизлик қилаётгани бор гап. Лекин бу безориликни, бировга нисбатан жабр-зулмни оқлай олмайди. Шифокордан норозимисиз, марҳамат, шикоят ёзинг, жуда ошиб кетса, судга беринг. Ҳақлигингиз исботланса, чора кўрилади. Лекин ҳеч кимнинг инсонга қўл кўтаришга ҳақи йўқ!
Зиёли касб эгалари деганда, аввало, ўқитувчиларни ва шифокорларни тушунамиз. Ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрни давра тўрида эканлиги анчадан буён маълум, келинг, кўнглида инсон саломатлигидан бошқа нарсани ўйламаётган шифокорларнинг обрў-эътиборини юксакларга кўтарайлик, халқимиз бу савобли касб соҳибларини “жонга жон шифокорлар” деб эъзозлаб келишган. Ўзини ҳурмат қилган, маданиятли, тарбия кўрган одамлар атрофдаги ҳамма инсонларга яхшилик билан, хайрихоҳ муносабатда бўлади. Ўзини эр билган, ўзгани шер билади.
Шуҳрат ЖАББОРОВ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг