Ўзбекистонда ноширлик фаолияти соҳаси такомиллаштирилади

19:43 19 Август 2025 Сиёсат
200 0

Фото: Олий Мажлис Сенати

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлисида «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги Қонун ҳамда Гендер тенгликка эришиш стратегиясининг ижро ҳолати муҳокама қилинди.

Мажлисда таъкидланишича, мамлакатимизда ноширлик фаолияти соҳасини такомиллаштиришга, сифатли адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлашга, китобхонлик маданиятини оммалаштиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги 4 йилда нашриётлар сони 3,5 баробарга кўпайиб, 590 тага етган, шундан хусусий нашриётлар 531 тани (90 фоиз) ташкил этмоқда. Нашриётларнинг ишлаб чиқариш қуввати 2 баробар ошиб, ҳар йили ўртача 11 минг номда (олдин 7 минг) 40 млн нусхада китоблар нашр этилмоқда.

Соҳага 25 млн доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритилиб, 2025 йил 1 январдан бошлаб нашриёт корхоналари фойда солиғини тўлашдан 5 йил муддатга озод қилинди.

Таҳлиллар амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, ҳозирда нашриёт бош муҳаррирининг ҳуқуқий мақоми, унга қўйиладиган талаблар ва масъулиятига оид нормаларнинг йўқлиги амалиётда айрим муаммо ва камчиликларни келтириб чиқармоқда.

Жумладан, китобларда қонунчилик ва ижтимоий ахлоққа зид, болаларнинг ёш хусусиятларга мос бўлмаган, тарихий фактлар ва тиббиётга оид китобларда нотўғри маълумотлар нашр этилиши, шунингдек, чоп этилган китоблар давлат стандартлари талабларига мос эмаслиги кузатилмоқда. Нашриётларнинг 248 тасида бош муҳаррир лавозими йўқ.

Қонунда бир қатор янги нормалар белгиланмоқда. Хусусан, бош муҳаррир лавозимига олий маълумотга ва ноширлик фаолиятида камида уч йил иш стажига эга бўлган шахс тайинланиши мумкинлиги қайд этилмоқда. Бунда бош муҳаррир нашриётнинг ижодий фаолияти учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, бош муҳаррир нашрларнинг мавзу йўналишларидан келиб чиқиб, тегишли экспертлар ва олимларнинг ёки илмий-тадқиқот муассасаларининг тақризларини мустақил равишда олишга ёки муаллифдан (муаллифлардан) уларнинг тақдим этилишини талаб қилишга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.

Муҳокама давомида Қонуннинг қабул қилиниши китобларни миллий стандартлар асосида чоп этилишига, китобларда қонунчилик ва ижтимоий ахлоққа зид мазмундаги ахборотларнинг тарқатилишини олдини олишга ҳамда нашриётларнинг ижтимоий масъулиятини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, мажлисда гендер тенгликка эришиш стратегиясининг ижро ҳолати муҳокама этилди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Ички ишлар вазирликлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси масъулларининг масала юзасидан ахбороти эшитилди.

Сенаторлар томонидан ижроси ортда қолаётган вазифалар ижросини, хусусан мазкур йўналишлардаги халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон ўрнини яхшилаш бўйича ишларни янада жадаллаштириш бўйича таъсирчан чоралар кўриш юзасидан тавсиялар берилди.

Шу билан бирга, гендер тенгликка эришиш стратегиясининг ижро ҳолатига доир долзарб масалалар юзасидан таҳлилий маълумотларни Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясига тақдим этиш назарда тутилмоқда.

Мажлис якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер