Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил қилинади

Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Президентининг Хитойга ташрифи давомида энергетика, геология, кимё, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги ўнлаб йирик компания раҳбарлари билан 35 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар пакети шакллантирилди. Бу ҳақда Президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Қайд этилишича, бундай лойиҳалар учун технологиялар ва хитой тилини яхши биладиган минглаб кадрлар кераклиги таъкидланди. Касбга ўргатишда Хитой тажрибасини жорий этиш мақсадида ҳар бир вилоятда 2 тадан «Ўзбекистон – Хитой устахонаси»ни ташкил қилиш топширилди.
Олийгоҳ, техникум ва мактабларда хитой тилини ўқитиш мақсадида 100 дан зиёд тил эгалари ва волонтёрлар таклиф қилинади.
«Бизда 450 минг ўқувчини қабул қила оладиган 598 та техникум бор. Бу ёшлар учун жуда катта ресурс, шароит ва имконият. Лекин бу йил 9-синфни 608 минг ўқувчи битирган бўлса, уларни атиги 182 минг нафари техникумларга боряпти. Бугундан бошлаб бир йил ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлади», деди Президент.
Мутасаддилар зиммасига вилоят ва туман ҳокимлари билан биргаликда Президент ва ихтисослашган мактабда орттирилган тажриба асосида жорий йилда 598 та техникумга халқаро стандарт бўйича замонавий касбга ўқитиш муҳитини олиб кириш вазифаси қўйилди.
Умуман, вилоят ва туман ҳокимларига келгуси ўқув йилида 9-синф битирувчиларининг камида 50 фоизини, ҳозиргига қўшимча яна 200 минг ўқувчини техникумга қамраб олиш топширилди.
Бу ишларни ягона сиёсат асосида олиб бориш учун Касбий таълим агентлиги ташкил қилинади.
Жорий йилдан бошлаб олийгоҳларда қабул квоталарини инвестиция лойиҳаларида кадрларга бўлган талабдан келиб чиқиб шакллантириш тизими йўлга қўйилди.
Эндиликда инвестор буюртмаси билан техникумларда ҳам кадрлар мақсадли тайёрланади. Инвестор сўровига асосан техникумдаги таълим дастурларини 30 фоизгача ўзгартириш мумкин бўлади.
Техникум билан дуал таълимни йўлга қўйган корхоналарга имтиёзли кредит ажратилади.
Шу билан бирга, тармоқ уюшмалари ўзларига аъзо иш берувчиларнинг малака талабларини тайёрлаб бера олмаётгани, оқибатда корхона ҳам зарар кўраётгани, техникумлар ҳам нимани ўқитишни билмаётгани бўйича эътироз билдирилди.
Мутасаддиларга йил якунигача янги агентлик билан биргаликда тармоқлардаги корхоналар учун керакли касблар кесимида стандарт ва талабларни ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилиш давомида соҳа ва ҳудудлар масъулларининг ҳисоботлари тингланди, таълим ташкилотлари раҳбарлари билан мулоқот қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг