Ўзбекистон делегацияси Парламентлараро спикерлар конференциясининг биринчи мажлисида иштирок этди

20:34 14 Ноябрь 2025 Сиёсат
324 0

2025 йил 11–12 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги парламент делегацияси Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро спикерлар конференциясининг биринчи мажлисида иштирок этди.

Очилиш маросимини Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф бошлаб берди.

Покистон Бош вазири ўз нутқида мамлакатнинг тинчлик, дипломатик мулоқот ва барқарор тараққиёт тамойилларига содиқлигини қайд этди. Конференцияда Содиқ Сафоев глобал хатарлар даврида парламент дипломатиясининг ролини кучайтириш, тинчлик ва минтақавий барқарорликни таъминлаш, транспорт-логистика йўлакларини кенгайтириш ҳамда ўзаро ишонч ва кўп томонлама мулоқотни мустаҳкамлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ҳақида батафсил маълумот берди.

Ушбу ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани, улар минтақада иқтисодий интеграция, хавфсизлик ва тараққиёт учун янги имкониятлар яратиши алоҳида қайд этилди.

Тадбир якунида тинчлик, хавфсизлик, барқарор ривожланиш тамойилларига содиқлик ифодаланган Исломобод коммюникеси қабул қилинди. Унда парламент дипломатиясини кучайтириш, иқлим ўзгаришининг олдини олиш, тенгсизлик ва можароларни бартараф этишда парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, конференция доирасида Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев қатор давлат ва халқаро тузилмалар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Учрашувларда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, кўп томонлама ва икки томонлама кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан фикрлар алмашилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер