Осиёлик «Темир хоним». У қитъа ва жаҳон сиёсатида қандай ўзгариш қила олади?

14:08 29 Июль 2025 Дунё
300 0

Архив фото

Сўнгги пайтлар жаҳон сиёсий майдонида Ким Ё Жонг номи кўп тилга олинмоқда. Расмий мақомига кўра, Шимолий Корея Меҳнат партияси Марказий Қўмитасининг раҳбари сифатида қайд этилган бу аёл Корея Халқ Демократик Республикаси президенти Ким Чен Иннинг синглиси ҳисобланади. Жанубий Кореялик таҳлилчилар уни акасидан кейинги энг нуфузли шахс сифатида эътироф этмоқда.

Ким Ё Жонг 1987 йилнинг 26 сентябрида Пхеньянда туғилган. У Швейцариянинг Берн шаҳридаги халқаро мактабда таълим олган. Унинг шахсияти ўқиш мобайнида сир сақланган. Таъкидлаш керакки, Жонг Европада ғарб маданияти, инглиз ва немис тилларини чуқур ўрганган.

Швейцариядан қайтган Жонг Пхеньяндаги Ким Ил Сонг университетида ўқийди. Маълумот учун, ушбу таълим муассасаси Корея Халқ Демократик Республикасидаги энг нуфузли олийгоҳ ҳисобланади ва юқори лавозимдаги давлат амалдорларини тайёрлайди.

Унинг сиёсий майдондаги фаолияти 2007 йилдан бошланди. Жонг Корея Халқ Демократик Республикасидаги ҳукмрон партия — Меҳнат партиясининг ички ҳолатини назорати қилди.

2014 йилдан у халқаро оммавий ахборот воситаларида олдида кўриниш бера бошлади. Жонг шу йилдан Корея Халқ Демократик Республикаси Ахборот ва пропаганда департименти директори ўринбосари этиб тайинланди.

2018 йилдан у ташқи сиёсатда фаол роль ўйнай бошлади. Айнан шу йили қўшни Жанубий Кореяда бўлиб ўтган қишки олимпияда ўйинларида Жонг Шимолий Корея делегациясига раҳбарлик қилди. Бу ҳолат Ким сулоласи вакилининг Жанубий Корея биринчи бор расмий ташрифи сифатида тарихга муҳрланди.

2020 йилда Жонг Корея Халқ Демократик Республикаси Марказий қўмитаси вице-президенти этиб тайинланди. Кўплаб таҳлилчиларнинг фикрига кўра, у Жанубий Корея ва Америка Қўшма Штатлари билан алоқалар бўйича сиёсий раҳбар сифатида ҳам фаолият юритаётгани айтилмоқда.

2024-2025 йилларда унинг сиёсий майдондаги нуфузи жуда ҳам ошиб кетди. Жонг мамлакат номидан Жанубий Корея ва АҚШга қарата кескин баёнотлар берди. Сўнгги вақтларда у АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятини кўп танқид қилди ва Корея Халқ Демократик Республикаси ядровий дастуридан ҳеч қачон воз кечмаслиги ҳақида баралла айтди.

Жонг акаси Ким Чен Иннинг сиёсий қарорларини ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнайди, лекин жамоатчиликка бу доим ҳам маълум қилинмайди.

Жонгнинг сиёсий услуби ҳақида гап борса, уни ҳиссиётлардан ҳоли, таҳдидли ва совуқ дипломат қиёфасида кўриш мумкин. АҚШга қаратилган баёнотларда у тез-тез «аҳмоқона», «масхара», «иккиюзламачи» каби сўзлардан фойдаланмоқда. Бу эса унинг халқаро мусобақаларда қанчалик кескин инсон эканини ифодалайди.

Кўплаб таниқли нашрлар Жонгни «Темир хоним» деб аташади. Сиёсий таҳлилчилар эса уни Корея Халқ Демократик Республикасининг янги раҳбари сифатида кўришмоқда.

Муҳаммадамин Зуҳриддинов тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?