Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қандай ваколатларга эга бўлади?
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонун (ЎРҚ-1002-сон, 15.11.2024 й.) имзоланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Қайд этиш керакки, Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини тартибга солади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мансабдор шахс ҳисобланади. Шунингдек, у давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.
Омбудсман фаолияти қонунийлик, мустақиллик, адолатлилик, инсонпарварлик, камситишга йўл қўймаслик, холислик ва очиқлик каби асосий принциплардан иборат бо`лади.
Қонунга ко`ра, сайланиш куни 30 ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Омбудсман лавозимига сайланиши мумкин.
Қонун билан Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан 5 йил муддатга сайланади ва айни бир шахс Омбудсман лавозимига сурункасига икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Омбудсман сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни ўз ваколатлари муддатига тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши шарт бўлиб, шунингдек, илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
Шунингдек, Омбудсман фуқароларнинг шикоятлари асосида ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди
Қонунга кўра, Омбудсман фуқароларнинг, республика ҳудудида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, юридик шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ташкилотларнинг ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ҳамда ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари, Омбудсман мурожаат этувчига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан ёки бошқа воситалардан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қаноатланмаган бўлса, унинг шикояти бўйича охирги қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан бир йил ичида берилган шикоятларни кўриб чиқади.
Огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома Омбудсманнинг таъсир чоралари ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли.
Шунингдек, Омбудсман ва унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаво, темир йўл, автомобиль йўловчилар транспортида (бундан такси ва шаҳар йўловчилар транспорти мустасно) имтиёзли юриш ҳуқуқига эга.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг