ОАВ — жамият кўзгуси

12:41 15 Апрель 2025 Жамият
171 0

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими ҳамда Гулистон туман ҳокимлиги ҳамкорлигида «ОАВ — жамият кўзгуси» мавзусида медиа-тур ташкил этилди.

Унда Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси вакиллари, республика нашрларининг Сирдарё вилояти ҳудудий мухбирлари, вилоят, туман ва шаҳар газеталари бош муҳаррирлари, туман ҳокимлиги ахборот хизмати вакиллари, ҳамда туман ҳокими ўринбосарлари иштирок иштирок этди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими хабарига кўра, медиа-тур аввалида ўтказилган матбуот анжуманида оммавий ахборот воситаларининг туман ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўрни, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли муаммолари ва уларни ечишдаги ОАВнинг воситачилик роли ҳақида атрофлича сўз юритилди. Шу билан бирга, жамиятда ахборотга бўлган очиқликни таъминлаш, журналистлар учун яратилаётган имкониятлар, ёшларнинг ОАВ соҳасидаги иштироки ва медиа саводхонлик масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев сўзга чиқиб, туманнинг тарихи, жумладан, Мирзачўлни ўзлаштириш даврларида ОАВнинг, хусусан, «Гулистон ҳаёти» газетасининг ўрни беқиёс бўлганини, салкам бир асрдан буён туманнинг маданий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутганини таъкидлаб ўтди.

Мазкур нашр вилоятда таъсис этилган биринчи газета ҳисобланади. У 1930 йилда «Колхоз меҳнати» номида ўзбек ва рус тилларида чиққан, кейинчалик «Коммунизм учун», 1962 йилдан эса «Гулистон» номи билан чоп этилган. 1998 йилдан бошлаб эса «Гулистон ҳаёти» номи билан туман ҳокимлиги муассислигидаги ягона нашр сифатида фаолиятини давом эттирмоқда. Таҳририятда Шерали Қувондиқов, Ваҳоб Шодмонов, Меҳри Мусаева, Холбўта Худоёров, Баҳодир Муҳаммадиев, Ҳакимжон Халилов, Носир Шокиров, Тўра Сулаймон, Саминжон Султонов, Ҳаётхон Ортиқбоева, Эргаш Халилов, Турғун Норқулов, Баҳор Холбекова, Худойберди Келдибеков, Рашид Самдинов, Мавжуда Холматова каби устоз журналистлар узоқ йиллар фидойилик билан меҳнат қилишган.

Газета бош муҳаррири, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳибаси Баҳринисо Норжигитова газета тарихи, таҳририятнинг сўнгги йиллардаги фаолияти, қўлга киритилган муваффақиятлар ва амалга оширилган ижтимоий лойиҳалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

— Газетамизнинг 95 йиллик архиви тўлиқ сақланган. Кейинги йиллардаги босма нашрларда кузатилган қийинчиликлар бизни ҳам четлаб ўтмади, — дейди Баҳринисо Норжигитова. — Лекин газетамиз мунтазам чиқишда давом этди. Муассис ва ҳомийлар ёрдамига таяндик. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фондининг уч марта грантини ютдик. Бу йил вилоятда матбуотга муносабат тубдан яхшиланган. Тизимга тўғри ва оқилона ёндашув сабаб, ёпилиш арафасида турган баъзи туман ва шаҳар газеталари яна чоп этилмоқда. «Гулистон ҳаёти» газетаси обунаси ҳам 1500 нусхага етди.

Анжуман якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида ОАВ ва давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, жойлардаги долзарб муаммоларни тезкор ва холис ёритиш масалалари бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.

Медиа-тур доирасида журналистлар тумандаги «Aleona Textil» МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Корхонада икки йил ичида 70 нафар нафар аёллар доимий иш билан таъминланган, 2,5 миллиард сўмлик маҳсулот экспорт қилишга эришилган. Ишлаб чиқаришдан тушган даромад ҳисобидан ўз ер майдонида янги бинолар қуриш ишларини олиб бормоқда.

Навбатдаги манзил Дўстлик маҳалласида жойлашган «Намунали томорқачи» кўкрак нишони соҳиби Абдулҳаким Тўраев хонадони бўлди. Бу оила аъзолари узоқ йиллардан буён иссиқхона ва томорқачилик билан шуғулланади.

— Бир неча турдаги ҳосил етиштириб, даромад оламиз, — дейди хонадон соҳиби. — Олти сотихли иссиқхонасига декабрь ойида экилган редиска ҳосили ҳисобидан 20 миллион сўмга яқин даромад қилдик. Меҳнатимиз ортидан фарзандларимизни уй-жой қилдик, фаровон ҳаёт кечирмоқдамиз.

Анжуман иштирокчилари Гулистон туманидаги иқтисодий-ижтимоий ўзгаришлар билан танишдилар, туман ҳаётида ОАВ нинг роли ҳақида батафсил тушунчаларга эга бўлдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?