Нукусда “Жўхори гуртик” куни кўтаринки руҳда ўтмоқда
Қорақалпоқ миллий қадриятларини асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш ҳамда минтақада гастрономик туризмни ривожлантиришга қаратилган тадбирлар доирасида жамоатчилик ташаббуси билан бир неча йилдирки 25 февраль — Қорақалпоғистонда миллий таомлардан бири бўлган (жуўери гуртик) “Жўхори гуртик куни” кенг нишонланиб келинмоқда.

Бугун Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти 1-сонли талабалар турар жойида 25 февраль – Жўхори гуртик куни муносабати билан қорақалпоқ халқининг миллий таоми – жўхори гуртик тайёрлаш бўйича танлов ташкил этилди.
– Ҳар йили талабалар турар жойида ушбу байрамни нишонлаб, талабалар билан биргаликда жўхори гуртик тайёрлаб, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган урф-одатлар, анъаналар ва қадриятлар ҳақида суҳбатлашамиз, ўзаро фикр алмашиб, тарихимиз ва маданиятимиз ҳақида маълумотлар берамиз. Бу байрам вилоятлардан келган талабалар ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотади. Улар қорақалпоқ халқининг миллий таоми жўхори гуртик ва унинг тайёрланиши ҳақида маълумотларга эга бўлади. Албатта, бу байрам орқали биз юртимизнинг ўзига хос маданияти, тарихи, урф-одатлари ва миллий таомимизни дунёга танитишга ҳисса қўшамиз, – дейди педагог-тарбиячи Муҳаббат Абдимуратова биз билан суҳбатда.

Тадбирда институтнинг тегишли масъуллари иштирок этиб, ёшларимиз орасида шундай миллийлигимизни тарғиб қилишга ҳисса қўшаётган талабалар турар жойи жамоасига ва педагог-тарбиячиларига миннатдорчилик билдирди.
Танлов доирасида талаба-ёшлар биргаликда миллий таом – жўхори гуртикни тайёрлаб, байрам дастурхонига тортди. Иштирокчилар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.

Таъкидлаш жоиз, 2023 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикасида 25 февраль жамоатчилик ташаббуси асосида “Жўхори гуртик куни” сифатида халқимиз орасида кенг нишонланиб келинмоқда.
Албатта, бундай ташаббуслар аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган анъаналарни келгуси авлодларга етказиш, миллатлар ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маълумот учун: Ҳозирга қадар “Жўхори гуртик”нинг энг кўп масаллиқ ишлатган ҳолда катта қозонда Нукус шаҳрида жойлашган Президент мактабида тайёрланган. Унда ушбу таомни тайёрлаш жараёнида 20 та курка гўшти, 35 кг жўхори уни ва 15 кг буғдой уни сарфланган. Тайёрланган таом диаметри 3,5 х 2,5 метр ўлчамда тайёрлаб олинган “лаган”га сузилган.
Ғайрат ОТАЖОНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 1 март — Зулфия таваллуд топган кун. «Бугун тунда келармиш баҳор»
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг