Носфурушдан олинган журнал

14:01 06 Август 2024 Жамият
324 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Олотлик Жўрақул акани қай бир маъракада кўрманг, давранинг тўрига ўтқазишади. Бу бежиз эмас. Салкам етмиш ёшли бу инсон ҳаётнинг пасту баландини кўп кўрган. Дунёқараши кенг. Фикри теран. Сўзларидан кўп китоб ўқигани шундоқ сезилиб туради. Газетхонлигу журналхонликни ҳали-ҳануз канда қилмайди.

— Ўшанда 1976 йил эди, — деб қолди Жўрақул ака бир суҳбатида. — Мен юқори синф ўқувчиси эдим. «Шарқ юлдузи» журналининг 12- сонини почтальон негадир уйимизга келтирмади. Ҳар гал сўраганимда, мени бола кўриб, «Журналнинг шу сони келмади», дея гапни қисқа қиларди.Кўнглимга қил сиғмай қолди. Орадан бир ҳафта ўтиб, почта идорасига бордим. Бошлиққа арз қилдим. У қўлимдаги обуна варағига разм солиб, «Уйингга боравер, журнални элтиб беришади», деди.

Эртасига кечга яқин дарвоза тақиллади. Чиқсам, велосипед етаклаган почтальон турибди. Қовоғидан қор ёғаяпти. Хўмрайганча журнални узатди. «Сени деб туман марказидаги бозорга боришга мажбур бўлдим. Носфурушдан сотиб олдим», деди зарда билан.

Мен эса суюмли журналимнинг етиб келганидан хурсанд эдим. Унда эълон қилинган шеърлар, қисса ва мақолаларни бирма-бир ўқишга тутиндим. «Шарқ юлдузи»нинг ушбу сонини китоб жавонимда алоҳида олиб қўйибман. У менга болалигимни, мутолаага ташна дамларимни ёдимга солиб туради. Айтмоқчи, журналнинг ўша сонидан таниқли адиб ва шоир Асқад Мухторнинг бир туркум шеърлари, Самарқанд давлат университетида фаолият кўрсатган таниқли олим Худойберди Дониёровнинг Алишер Навоий ва ўзбек адабий тилига оид мақоласи, ҳикоя ва тақризлар ўрин олган.

Жўрақул аканинг айтишича, у тўплаган китоб ва журналларни фарзандлари ҳам ўқиб чиқишган. Суҳбатдошимизнинг нафақага чиққунига қадар қишлоқ мактабининг олд муаллимлари қаторида турганини, ўғил-қизлари нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олишганини назарда тутсак, бунда китобу журнал ва газетанинг ўрни катта бўлганини англаш қийин эмас.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер