М.Ворисова: "Сўнгги йилларда турли сабабларга кўра, оила ажримларининг ошиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз"​

09:00 09 Июль 2020 Сиёсат
2878 0

Оила — ҳаётнинг абадийлиги, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган тарбия ўчоғидир.

Жамиятимизда оила билан боғлиқ ўзига хосликни асрлар давомида ҳаёт синовларидан ўтиб келаётган никоҳнинг муқаддаслиги, ота-онанинг фарзандлар, фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчи, ўзаро иззат-ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, ибо-ҳаё, оила шаъни ва номусини асраш каби ҳамма бирдек итоат этадиган ҳаётий қонунлар амал қилиб келмоқда.

Аммо сўнгги йилларда турли сабабларга кўра, оила ажримларининг ошиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Мисол учун республика бўйича 2019 йилниг 11 ойида 277,4 минг никоҳ қайд этилган бўлса, 28,7 минг оила ажрашган. Бу янги тузилган ҳар 10 оиладан биттасида ажрим рўй берди деганидир.

Оилавий ажримларнинг сабаблари кўп. Бунга уй-жой масаласи, ишсизлик, моддий етишмовчилик, ёшларнинг мустақил ҳаётга тайёр бўлмасдан оила қуриши, эр ёки хотиннинг ишлаш учун бошқа мамлакатларга кетиб қолиши, оилада маънавий-ахлоқий муҳитнинг ёмонлиги, оилага ташқаридан бошқа шахсларнинг аралашуви сабаб бўлиши мумкин. Юртимизда бу муаммо олимлар томонидан ўрганилганда, барча ажримларнинг тенг ярмида сабаб қилиб ёшларнинг бир-бирини тушуна олмаслиги, ҳаётга, оила масаласига енгил қараши эканлиги аниқланган.

2020 йилнинг январь-март ойларида республика бўйича ФҲДЁ органлари томонидан 7,8 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган. Ҳудудлар бўйича энг кўп ажримлар Тошкент шаҳри, Андижон, Самарқанд, Тошкент вилоятларида кузатилган.

Ачинарлиси, никоҳ бекор қилинар экан унинг қийинчиликлари асосан аёлнинг зиммасига тушади. Чунки аксар ҳолларда у яшаб турган уйидан болалари билан чиқиб кетиши ҳамда ўзи ва болаларнинг таъминотини ўйлашга мажбур бўлади.

Никоҳдан ажрашишлар дунёнинг барча давлатларида қайд этилади. Лекин биздаги қонунчиликда турмушидан ажраган аёл ва болаларнинг кейинги тақдири кафолатланмаган. Тўғри, вояга етмаган болалар учун алимент тўловлари қонунда белгиланган. Лекин ҳозирда қанчадан-қанча аёллар ана шу пулларни ундира олмай судма-суд юрганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Ажрашиш жараёнининг ўзи ҳам баъзи давлатларникига нисбатан осон.

Агар чет эл тажрибасига мурожаат қилсак, Польшада никоҳ фақат суд орқали бир неча босқичда бекор қилинади. Лекин бу ҳолат ижтимоий меъёрлар ёки вояга етмаган болалар манфаатларига зид бўлса, судлар никоҳни бекор қилишни рад этади. Испаниянинг Олий суди никоҳдан ажрашган эркакка собиқ уй бекаси бўлган хотинига уй ишларни бажаргани учун компенсация ва хотини ҳамда болалари учун алиментлар тўлашга мажбур қилади. Германияда ажрашаётган оилада болалар бўлса, суд аввало уларнинг манфаатларини ҳисобга олади. Шунингдек нафақат мол-мулк, балки пенсия жамғармалари ҳам иккига бўлинади, бунда ҳам ўзига яраша адолат мавжуд. Негаки, бола тарбияси ва уй ишлари билан машғул бўлган аёл пенсия учун жамғарма яратмаган. Бразилияда ҳам оиладаги вояга етмаган болалар манфаати ҳимоя қилинади. Уларнинг ажримдан олдинги таъминот даражаси сақланиб қолиниши мажбурий қилиб белгиланган.

Таъкидлаш жоиз, хорижий давлатларда ажрим ҳақида қарор чиқаришдан олдин судлар болалар ва аёлнинг кейинги тақдири билан қизиқиб, уларни кафолатлашга ҳаракат қилади. Бизда эса, аввал никоҳ бекор қилиниб, ажрим қайд этилади. Кейин фарзандлар тақдири, мол мулк тақсимоти кўриб чиқилади.

Ҳаётимизда бу ҳолатлар қанчалик кўнгилсизликларга сабаб бўлаётгани ҳаммага маълум. Чунки “чиққан қиз чиғириқдан ташқари” дейишади. Аввало, бу хонадонда маънавий тушкунлик, келинлар ва қайтган қиз ўртасида зиддиятлар пайдо бўлади. Баъзида турмушдан ажрашган аёл болаларидан ҳам воз кечади. Оқибатда тирик етимлар кўпайиб, болалар уйларида тарбияланишдек хунук ҳолат юзага келади.

Ажримдан кейинги энг катта ғавғоларга сабаб бўладиган масала бу – уй-жойдир. Ушбу масала ҳам турли келишмовчиликлар, жанжалларга кези келганда ўта оғир ҳолатларга олиб келувчи жиноятларга сабаб бўлади.

Хўш, оилаларни сақлаб қолиш, ажримларнинг олдини олиш учун қандай таъсирли чора кўриш лозим?

Биринчидан, никоҳ қайд этилишидан аввал ёш оила яшайдиган манзил аниқ бўлиши, ажрим юз берган ҳолатда фарзандлар ва аёл турар жой билан таъминланиши шарт.

Иккинчидан, никоҳ қайд этилгач, аёл юқорида кўрсатилган манзилга зудлик билан рўйхатга қўйилиши керак. (ортиқча оворагарчиликсиз, келин фамилияси ўзгаргани сабабли янги паспорт олганда , доимий рўйхатга қўйиладиган манзили ҳам ўзгартирилиши керак).

Учинчидан, болалар учун алиментлар мажбурий ундирилиш механизми жорий қилиниши лозим. Ҳозиргидек кам ҳақ тўланадиган ишга номига жойлашиб, энг кам миқдорда алимент ҳисоблаш амалиётидан воз кечиш керак. Алимент миқдори боланинг ҳаёт кечириши, таълим олиши учун етарли бўлиши лозим.

Тўртинчидан, ота-онаси тирик бўла туриб болалар уйига жойлаштирилган фарзандларга ота-онаси махсус ҳисобга пул ўтказишини жорий қилиш шарт.

Юқорида келтирилган масалалар ечими бўйича мажбурий равишда никоҳ шартномаси тузилса, ҳар қандай эркак ёки аёл ажрашиш ҳақидаги фикрни бир неча бор ўйлаб кўрарди.

Давлат асосини ташкил қилувчи оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, болалар учун соғлом оилавий муҳитни кафолатлаш мақсадида қонунларимизга адолатли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш вақти келди.

Мақсуда ВОРИСОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?