Музейга айланмаган хазина
Барот ака 30 – 35 йилдирки, бир одатини канда қилмайди. Қадимий китоб ёки осори атиқа дарагини эшитса ҳаловатини йўқотади. Уни сотиб олиб коллекциялари қаторига қўйгачгина кўнгли жойига тушади.
– Дўппини бошдан олиб ўйлаб қарасам, шу йиллар давомида тўплаган китобларимнинг сони 10 мингтадан ошибди, – дейди Жондор тумани “Зарафшон” маҳалласида яшовчи Б. Сафаров. – Уларнинг 500 дан зиёдроғи қадимий китоблар. Аксарияти ўз тадқиқотчисини кутиб турган қўлёзма асарлардир. Шахсий коллекциямда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмийлар, қадимги Хитой даврига оид мис ва кумуш тангалар, кўза, лаган, тақинчоқ, шамдонлар, зардўзлик буюмлари, либослар, бургут дастали қиличлар, мой чироқ, шунингдек, сибизға, най каби ўттизга яқин миллий чолғу асбоблари, ҳатто мақомнинг олтита таронаси муҳрланган Шашмақом пластинкаси бор. Шу каби экспонатларимнинг сони 2 мингтадан ошади.

Барот ака қадимий қўлёзма асарларни тилга олди-ю беихтиёр китобларни реставрация қилиш устаси саналган Давлат Тошевнинг сўзлари ёдимизга тушди.
– Нидерландия, Швейцария, Туркия каби давлатларнинг нуфузли университетлари кутубхоналарида бўлиб, қадимий китобларни таъмирлаш билан шуғулланганман, – дейди у. – Бу масканларда Бухоро, Самарқанд каби шаҳарларимизда маҳоратли хаттотлар томонидан кўчирилган, замона зайли билан юртимиздан олиб кетилган китоблар кўп. Уларни европалик олиму тадқиқотчилар пул ва вақт сарфлаб ўрганишаётгани шоҳидиман. Бебаҳо саналган шу нодир китоблар ҳозир юртимиз кутубхоналари ёки музейларида турганида нақадар ажойиб иш бўлур эди.

Назаримизда, бу сўзлар фидойи замондошимиз Барот Сафаровнинг хайрли иши қадру қимматини ҳам кўрсатади. Агар юртдошимиз қадимий китоблару бой маънавий меросимиздан дарак берувчи буюмларни қишлоқма қишлоқ, уйма-уй юриб тўпламаганида уларнинг анча-мунчаси ёт қўлларга ўтиб кетиши ҳеч гап эмасди.
– Барот ака тўплаган осори атиқалар, жумладан, нодир китобларнинг турган-битгани хазина, – дейди манбашунос Аҳтам Аҳмедов. – Мен у киши билан бу мавзуда кўп бор суҳбатлашганман. Асл касби товаршунос бўлган юртдошимизнинг китобга меҳр қўйганининг ўзиёқ таҳсинга лойиқ. Қанийди, мутасаддилар бу жонкуяр инсонни қўллаб-қувватлашса, унинг чоғроқ музей ташкил этишдек азалий орзусини рўёбга чиқаришса...

А. Аҳмедовнинг бу масалага алоҳида тўхталиши бежиз эмас. Гап шундаки, Барот ака шу бой коллекциясини уйида, аниқроғи, битта хонада сақлашга мажбур бўлиб келяпти. Ваҳоланки, биргина китобларни олиб қарайдиган бўлсак, улар жавондаги ҳар полкада тўрттагача қўйилиши, хонадаги иссиқлик 18 – 20 даража бўлмоғи, ҳарорат кескин ўзгариб кетмаслиги керак. Қолаверса, ёруғлик ва намлик миқдори омили ҳам бор. Уларга риоя этилмаса қоғоз мустаҳкамлигини йўқотади, сарғаяди, эластиклигига зиён етади.
– Ана шуларни ўйлаб, хавотирланаман, – дейди Барот ака. – Осори атиқаларни кўргани ёшу қари келади. “Бу ер уй – музей экан”, дейишади. Аммо ундай эмас. Китоблару минглаб қадимий буюмлар турган бу хона омборхона вазифасини ўтаяпти, холос. Мен бу осори атиқалардан моддий манфаат кўриш ниятида эмасман. Фақат бир чоғроқ музей барпо этилса-ю, халқимиз, айниқса, ёшларимиз маданий-маънавий меросимизнинг бир қисми саналган бу коллекцияни томоша қилиб, ўзликларини англаб, билим ва дунёқарашларини бойитишса яхши бўларди.

Афсуски, миллий қадриятларимиз жонкуяри саналган бу инсоннинг шу масалада қилган мурожаатлари натижа бермаяпти. Наҳотки, Жондорда, қолаверса, вилоятда Барот Сафаровнинг бу ташаббуси ўғил-қизларимизни она-юртга меҳру муҳаббат, аждодлар меросига, миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадга хизмат қилишини чуқур англашмаса, деб ўйга толасан киши.
Сирасини айтганда, Жондор – республикамизнинг йирик туманларидан. Бу ерда 185 мингдан зиёд киши истиқомат қилмоқда. 50 тадан ортиқ мактабда 28 – 30 минг нафар атрофида ўғил-қиз таҳсил олаяпти. Халқ қаҳрамони Маҳмуд Торобийга бешик бўлган бу кўҳна гўшада VII асрга тааллуқли Варахша шаҳри, шунингдек, Шаҳри Ислом қалъаси, Қизбиби меъморий мажмуаси мавжуд. Аммо номига бўлса – да битта музей йўқ.

Бинобарин, ноёб адабиёту осори атиқаларни келажак авлодга зиён-заҳматсиз беғараз етказиш, ёшларни бой тарихимиздан хабардор этиш мақсадини ўз олдига қўйган Барот Сафаровдек жонкуярларни қўллаб-қувватлашнинг мавриди аллақачон келди. Балки бу ишга халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутатлари бош қўшишар. Ҳар ҳолда хайрли ишдан ҳеч ким ўзини четга олмагани маъқул.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг