Муҳаммадшариф Сўфизода кимлигини биласизми?

ХХ асрнинг 60-йилларига қадар ўзбек жамияти маҳаллий бошқарувида таваллуд саналари реестрини олиб бориш ва уни архивлаштириш жараёнига бефарқлик, лоқайд муносабат кузатилади. Ҳозир ҳам қайси ўзбек хонадонидан сўрасангиз, кимнингдир таваллуд йили ёки куни, исм шарифи нотўғри ёзилгани ҳақидаги маълумотни айтишади. Масалан, бизнинг падари бузрукворимиз Қўймурод ота аслида 1929 йилда туғилган. Бироқ Маматвали бобомиз бахтсиз ҳодиса туфайли икки оёқларидан ажралганидан кейин сарсон-саргардонлик пайтида отамизнинг таваллуд санаси аниқ ёзиб қўйилмаган. Фақат ҳарбий хизматга чақирилганида таваллуд йили 1936 йил деб кўрсатилган. Бу маълумот паспортга ҳам кўчиб ўтган.
Бунақа чалкашликлар шоир ва ёзувчилар таржимаи ҳолида ҳам учрайди. Дейлик, Одил Ёқубов 1928 йил туғилган бўлса-да, фронтга жўнаш иштиёқи сабаб бу санани бир ёшга кичрайтиради. Шунинг учун ҳам Одил Ёқубов туғилган йил турли манбалар ва дарсликларда гоҳ 1927, гоҳ 1928 тарзида кўрсатилади. Таниқли мунаққид Олим Олтинбек “Рауф Парфи қачон туғилган?” номли мақоласида шоир таваллуд санаси билан боғлиқ расмий маълумотлардаги чалкашликлар хусусида батафсил мулоҳаза юритади. Абдулла Қодирий таваллуд топган кун ҳам рамзий равишда 10 апрель сифатида белгиланган.
Муҳаммадшариф Сўфизода туғилган йилни белгилаш масаласида ҳам жамоатчилик ҳали-ҳамон бирор тўхтамга келмагани бундан-да ажабланарли. 1934 йилда шоир таваллудининг 65 йиллиги, 1969 йилда 100 йиллиги, 1989 йилда 120 йиллиги бир гуруҳ ташаббускор зиёлилар томонидан нишонланган бўлса-да, марҳум академик Наим Каримов ўзининг “Сўфизода қачон туғилган?” номли мақоласида бу санани 1869 йил эмас, балки 1870 йил деб белгилаш мақсадга мувофиқлигини таъкидлайди. Чустлик сўфизодашунос Ҳусайнхон Орифий “Эрксевар шоир ёхуд “Ўзбекистон халқ шоири” унвонининг илк соҳиби” номли мақоласида бу маълумотни қўллаб-қувватлайди. Таклифимиз шуки, манбалардаги маълумотларнинг ранг-баранглигини ҳисобга олиб, Муҳаммадшариф Сўфизода таваллуд санасининг шартли равишда 1870 йил деб қабул қилиниши ҳар жиҳатдан ўзини оқлайди.
Маълумки, Муҳаммадшариф Сўфизода ўз замонасида “Ваҳший” адабий тахаллуси билан машҳур бўлган. Албатта, ёш авлодда “Ўзи маърифат учун курашган фидойи шоир нима сабабдан шеърларида “Ваҳший” тахаллусини қўллаган” деган савол туғилиши табиий.
ХIХ аср сўнгги чораги ва ХХ аср бошларида Қўқон адабий муҳитида сатира ҳамда юмор руҳи ниҳоятда кучли бўлган. Собир Абдулланинг “Мавлоно Муқимий” номли романида шу давр адабий жараёнининг диққатга сазовор жиҳатлари батафсил ёритилган. Аёнки, Муҳаммадшариф Сўфизода каби девқомат ва дўлвор табиатли шоирнинг аччиқ кулгига йўғрилган аёвсиз танқид руҳига тўйинган шеърлари Қўқон адабий муҳити забардаст вакилларида ажиб таассурот уйғотган. Шоир феъл-атворидаги қайсарлик ва қатъият, ижодидаги аёвсиз сатира руҳига муносиб тахаллус танлаш масаласида ўша адабий давраларда бир қарорга келинган бўлиши мумкин. Тахаллус танлаш бобида устаси фаранг бўлган Қўқон адабий муҳити ўзи танглайини кўтарган шоирга “Ваҳший” тахаллусини бериши – мантиқан инкор этиб бўлмайдиган воқеа.
Бугунги ўқувчи ХХ аср бошларида адабий муҳитга ўз овози билан кириб келган ижодкорлар ҳаёти ва ижодини ўқиб-ўрганиш жараёнида Муҳаммадшариф Сўфизоданинг биринчи “Ўзбекистон халқ шоири”, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвонига сазовор бўлганидан хабардор бўлади. Шоирга бу унвон 1926 йил берилгани ҳақидаги маълумот эса унинг шуурида жавобсиз саволлар туғдиради: “Муҳаммадшариф Сўфизода ёки Ҳамзага берилган унвон нима сабабдан биз ардоқ билан ўрганаётган Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон каби атоқли сиймоларга раво кўрилмаган?”
Ўқувчида туғилажак саволга жўяли жавоб топиш мақсадида шахсий кутубхонамиздаги, ижтимоий тармоқлардаги, шу жумладан, википедиядаги маълумотларни ўрганиб чиқдик. Уларга қараганда, ҳозиргача 32 нафар ижодкор “Ўзбекистон халқ шоири”, 28 нафар ижодкор “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони билан тақдирланган. Ўзбекистон халқ шоирлари қаторига Ғуломжон Рўзибоев, Назиржон Акбаров, Юнусқори Юсупов каби санъаткорлар ҳам қўшиб юборилган. Айни чоғда, рўйхатдан Муҳаммадшариф Сўфизода ва Рауф Парфи ўрин олмаган. Ўзбекистон халқ ёзувчилари рўйхатида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий номи мавжуд. Лекин Эркин Аъзам номи кўринмайди. Ўйлаймизки, википедиядаги бу ноаниқликлар жонкуяр мутасаддилар томонидан тузатиб қўйилади.
Кўриниб турибдики, халқ шоирлари ва ёзувчилари рўйхатида Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир номлари йўқ. Ғафур Ғулом, Ойбек, Уйғун, Абдулла Қаҳҳор каби ХХ асрнинг 30-йилларида фаол ижод қилган қаламкашлар фақат 60 йиллик юбилейлари муносабати билан тегишли унвонлар билан мукофотланган. Илк бор Муҳаммадшариф Сўфизода ва Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий 1926 йилда тақдирланган расмий унвонга токи ўтган асрнинг 60-йилларигача бошқа бир шахс лойиқ топилмаган. Бунга сабаб сифатида ХХ асрнинг 30-50-йилларидаги шахсга сиғиниш ва қатағон жараёнини кўрсатиш мумкин. Ҳар бир жон таҳликада яшаган машъум репрессия даврида мутасаддилар бирор ижодкорни тегишли унвон билан сийлашга жазм этолмаган. Балки шунинг учундир Муҳаммадшариф Сўфизода биринчи “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига эга бўлгани узоқ вақт унутилди. Ниҳоят, кеч бўлса-да, адолат тикланди. Маърифатпарвар шоир “Ўзбекистон халқ шоири” унвонининг биринчи соҳиби сифатида тилга олинмоқда.
Муҳаммад ВАЛИ,
адабиётшунос.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Ўзбекистон терма жамоаси Қувайт билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг