МСК Президент сайловига тайёргарликни бошлади

15:04 14 Апрель 2021 Сиёсат
2147 0

Қайд қилинишича, 2021 йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури ва Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид қатор низомлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга биноан энди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари сайлови уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури батафсил муҳокама қилинди ва тасдиқланди.

Дастурдан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда илк бор Сайлов кодекси асосида ўтажак Президент сайловига тайёргарлик кўриш борасида қадамба-қадам амалга ошириладиган ишлар ўзининг батафсил ифодасини топган. Бажариладиган вазифаларнинг ижро муддати ва масъул ижрочилари аниқ кўрсатилган.

Аввало, сайловга тайёргарлик кўриш жараёнини ҳуқуқий ва услубий жиҳатдан таъминлаш, сайлов жараёни иштирокчиларининг сайлов қонунчилигига оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни ўз вақтида ва самарали ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда барча округ ва участка сайлов комиссияларининг аъзолари учун семинарлар, тренинглар, ўқув машғулотлари, конференциялар, давра суҳбатлари бошқа тадбирлар, жумладан он-лайн мулоқотлар, ўтказилади.

Асосий тадбирлар дастурида сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, ушбу жараёнда ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш, сайловга тайёргарлик жараёнини коронавирус пандемияси шароитини ҳисобга олган ҳолда ўтказиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартибини белгилаб берувчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш тартиби, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибига доир низомлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?