ММТВ қошида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил қилинди
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган мактаб таълими юзасидан видеоселектор йиғилишида болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича кўп ишлар қилинаётгани, бу борада алоҳида қонун ҳам қабул қилингани қайд этилди.
“Тўғри, бугунги кунда ёшлар маънавияти билан ҳамма шуғулланяпти.
Лекин, зарарли ахборотларга қарши тура оладиган миллий контент яратиш, уларни тарғиботи, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш бўйича профессионал ташкилот йўқ”, деди Президент.
Шу муносабат билан Президент қарори билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил қилинди.
Марказ болалар тарбияси ва соғлиғига салбий таъсир қиладиган ахборот маконидаги контентни таҳлил қилади. Маҳаллий ижодкорларга миллий контент яратиш бўйича буюртма беради, соҳада кадр тайёрлашни ташкил қилади. Қори Ниёзий институти марказга илмий жиҳатдан кўмаклашади.
Шу билан бирга, бу масалалар фақатгина битта марказнинг иши бўлиб қолмаслиги, масъул барча вазирликлар марказ билан ишларни бошлаши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Болалар контентини ривожлантириш марказига директор этиб таниқли режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов тайинланди.
Йиғилишда саноқли кунлардан кейин 6 миллиондан зиёд ўқувчи ва 1 миллиондан ортиқ талаба таътилга чиқиши таъкидланди. Ёз ойларида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга экани кўрсатиб ўтилди.
Барча ҳокимлар ва таълим соҳаси раҳбарларига ёзги таътил вақтида барча таълим муассасаларининг спорт майдончаси ва ўқув хоналарида ёшлар учун спорт, фан ва касб тўгаракларини очиш топширилди.
Масалан, ўзлаштириш даражаси паст мактабларга оқсаётган фанлар бўйича энг яхши мутахассислар жалб қилиниб, ўқувчилар учун ҳафтасига олти соатлик ўқув курслари ташкил қилинади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг