Миллий қадриятлар ва анъаналарни ривожлантиришнинг бебаҳо манбаи
Энг қадимий санъат турларидан бири бўлган бахшичилик миллий маданиятимиз, маънавиятимиз, анъана ва қадриятларимизни ўзида мужассам этади. Элимизнинг эзгу ният ҳамда истакларини ифодалайди.
Бироқ, афсуски, маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган ушбу ноёб санъат кейинги даврларда бирмунча унутилаёзди. Шундай бир шароитда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бахшичилик санъатини бебаҳо номоддий маданий мерос сифатида қайта тиклаш, янада ривожлантириш, бойитиш ташаббуси билан чиқди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрдаги қарори асосида Термиз шаҳрида ташкил этилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали халқ оғзаки ижодининг мазкур йўналишидаги ноёб намуналарини асраб-авайлаш, янада равнақ топтириш, кенг тарғиб қилиб, уни жаҳон узра ёйиш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Ушбу фестиваль кўлами ва аҳамияти жиҳатидан жуда нуфузли саналади. Буни унинг ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётгани, мазкур санъат байрамида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (АЙСЕСКО), шунингдек, Афғонистон, Туркия, Тожикистон, Кувайт ҳамда бошқа давлатлардан кўплаб фахрий меҳмонлар, 80 дан ортиқ мамлакатлардан 300 га яқин вакиллар қатнашишидан ҳам билиш мумкин. Шунингдек, 20 давлатнинг оммавий ахборот воситалари ходимлари анжуманни бевосита ёритиб бориши кутилмоқда.
Миллий қадрият ва анъаналаримизни янада ривожлантириш, фольклор санъатимизни бойитиш, дунё бўйлаб кенг тараннум қилиш борасида олиб борилаётган бундай эзгу ишларни халқимиз катта мамнуният билан кутиб оляпти. Бу барчага фахр-ифтихор, ғурур бағишламоқда. Санъат, маданият, адабиёт соҳаси ижодкорларидан айримларининг қуйидаги фикрларидан ҳам буни англаш мумкин.
Ёқуб АҲМЕДОВ, Ўзбекистон халқ артисти:
— Бахшичилик барча санъатларнинг онасидир, десам адашмайман. Ўз ҳис-туйғуларини бир маромга солган шоирнинг ҳам, сўзларга мос куй яратган бастакорнинг ҳам, сўз ва оҳанг жўрлигида ўз орзу-умидларини куйлаган хонанданинг ҳам, халқ қаҳрамонларини гавдалантиришга интилган актёрнинг ҳам илк вакили бахши бўлган, назаримда. Бахшичилик ана шундай қадимий, чуқур илдизларга эга санъат. Шу боис ҳам бахшиларни тингламаган, тинглай олмаган ашулачини чинакам ашулачи, у куйлаган достонлардан, термалардан тўрт қатор ёд билмаган шоирни чинакам шоир, дўмбира жарангидаги мазмунни ҳис қилмаган бастакорни бастакор, дейиш қийин. Бахшининг қалб оламини, руҳиятини англамаган, тушунмаган актёр ҳам ҳақиқий актёр бўлолмайди.
Шу маънода, йиллар мобайнида турли талатўпларни бошдан ўтказиб, қарийб унутилаёзган бу асл санъатнинг Президентимиз ташаббуси билан эъзозланиши улуғ иш бўлди. Унинг янги шакл ва мазмун билан бойиши, моҳияти, аҳамиятини бутун элимиз, айниқса, ёшларга чуқур тушунтириш борасида олиб борилаётган бугунги кенг кўламли ислоҳотлар санъатимизни, маданиятимизни, маънавиятимизни юксалтиришнинг янги босқичини бошлаб беряпти, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрдаги қарори асосида Термиз шаҳрида ташкил этилаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали ҳам бетакрор миллий санъатимизни оламга намоён этиш билан бирга, халқимизни дунё халқлари оғзаки ижоди намуналаридан баҳраманд қилиш, жаҳон мусиқа санъатида кечаётган ижодий жараёнларни атрофлича ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу нуфузли фестиваль турли қитъалар халқларига мансуб бадиий жамоаларнинг фольклори, миллий куй-қўшиқлари манзарасида инсониятни тинчлик-тотувлик, бағрикенглик, инсонпарварлик, маънавий комиллик йўлида бирлаштиради. Бугунги мураккаб замонда халқлар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.
Техника-технология жадал тараққий этаётган, ахборот алмашинувлари тобора кучаяётган бугунги замонда санъатнинг ҳеч қандай талаб ва мезонларига жавоб бермайдиган “асар”лар пайдо бўлаётгани, айрим ёш ижрочи ва ижодий гуруҳлар мавзу, мусиқа, ижро усули, саҳна ҳаракатларида очиқдан-очиқ ажнабий маданият кўринишларига тақлид қилаётгани дилни хира қилади. Бу ёш авлоднинг эстетик диди ва савиясини ўтмаслаштирмоқда, онги, қалби, маънавиятига занг туширмоқда.
Мазкур жараёнда улкан маънавий меросимизни асраб-авайлаш ва ўрганиш, уни ёшларга безавол етказиш, миллий ва умумбашарий мусиқа санъати ютуқларини, жаҳон фольклорининг энг яхши намуналарини ўрганиш муҳим. Халқаро бахшичилик санъати фестивали ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши, эртамиз эгаларини умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялашда, улар қалбида буюк маданиятимиз ҳамда санъатимиздан фахрланиш туйғусини, дўстлик, эзгулик, меҳр-мурувват ришталарини мустаҳкамлашда катта ўрин тутиши унинг қадри ва аҳамиятини янада оширади.
Халқимиз қўшиқни, куйни севади. Эзгулик соғиниб, яхшилик қилишга интилиб яшайди. Интиқ кутилаётган халқаро фестиваль ҳам дилларимизни яйратиши, биз, ижодкорларни янги ижодий парвозлар сари руҳлантириши, шубҳасиз.
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг