Миллат алами

Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган «Аламим бор...» номли мақоласини ўқиб кўнглимдан ўтган ўйлар
Мафкуравий курашлар авж олган бир даврда яшаяпмиз. Тарихлар тафтиш этиладиган кунларга гувоҳ бўляпмиз. Бундай вазиятда миллатнинг мафкуравий иммунитетини кўтариш, ўтмишдан сабоқ олиш, бугунги кунларнинг қадрига етиш, келажакни белгилаш жуда муҳим.
Мен сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Аламим бор...” номли мақоласини бу борадаги бўшлиқни тўлдириш йўлида муҳим тадқиқот деб ҳисоблайман. Бугун бизга айнан мана шундай — миллатни бирлаштирадиган, бепарволик, лоқайдлик иллатларига қарши курашадиган мақолалар зарур. Президентимиз Шавкат Мирзиёев мафкуравий сиёсатининг туб моҳиятини очиб берадиган тадқиқотлар, изланишлар керак. Айниқса, ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат уйғотадиган, ворислик ҳиссини берадиган фикрлар, мулоҳазалар жуда зарур.
Ўтмишдан хулоса чиқариш, тарих ҳақиқатларини англашимиз учун ҳам “Аламим бор...” каби мақолалар ёзилиши, чоп этилиши, кенг оммага ҳавола қилиниши жуда муҳим. Мақсад кимнидир айблаш ёки ўтган йилларни қоралаш эмас, ҳақиқатни билиш, ҳақиқатни англашдир. Жаҳонда юз бераётган мафкуравий курашлар бизни ўйлашга, мулоҳаза юритишга ундаши зарур.
Миллат қалбидаги аламларнинг нима эканлигини, айниқса, биз катта авлод вакиллари яхши биламиз, чуқур тушунамиз. Чунки ўша аламли йилларни биз ўз кўзимиз билан кўрганмиз, гувоҳи бўлганмиз. “Аламим бор...” мақоласида айтилган фикрларнинг нақадар тўғрилигига, муҳимлигига иймон келтирамиз.
Қаердасан, Афшона?
Самарқанд давлат университетининг дўстлари, ҳамкорлари бўлган икки улуғ олимнинг ибратли зиёрати мени ўйга толдирган эди.
АҚШнинг Шимолий Каролина университети профессори, Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот соҳиби, Нобель мукофоти совриндори, СамДУ фахрий профессори Азиз Санжар Самарқандга ташрифи чоғида, улуғ ёшга етганига қарамасдан сафар машаққатларига бардош бериб, саломатлиги яхши бўлмаса-да, буюк олим Абу Али ибн Сино туғилган Бухоронинг Афшона қишлоғига отланди. Ўшанда Америкадан Самарқандгача салкам 15 соат самолётда учиб келган Азиз Санжар Афшонага бориб, Ибн Сино туғилган тупроқни кўзига суртганди.
АҚШнинг Техас университети профессори, СамДУ фахрий профессори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Анвар Зоҳидов Самарқандга ташрифи давомида Афшонага бориб Ибн Синони дунёга берган заминни тавоф этганди.
Мен ўйлаб қоламан. Ўзбекистонда туғилиб, яшаб Афшонани кўрмаганлар қанча? Олимлик рутбасига эришиб, Ибн Сино туғилган заминни билмаганлар қанча?
Азиз Санжар Туркияда туғилган, бутун умри Америкада ўтган. Унинг иш столи олдида Мирзо Улуғбекнинг сурати илиниб турар экан. У Мирзо Улуғбек яшаган Самарқандни яхши кўриб қолганини айтиб, бу табаррук тупроқда нафақат туғилиш, балки мангу қўним топиш ҳам бахт эканлигини таъкидлаган эди.
Ҳар икки улуғ ёшдаги олимларнинг зиёрати, эътирофи мени тўлқинлантириб юбoрганди. Шу билан бирга, биз буюк миллат эканлигимизни, буюк мамлакат эканлигимизни ҳис қилишимиз учун яна қанча вақт кераклигини алам билан ўйлагандим...
Сочилган салоҳият
Дунёнинг қудратли, тараққий этган, ривожланган қайси бир мамлакатига бормайлик, унинг музейларида сақланаётган бизнинг боболаримизга тегишли бўлган қўлёзмами, осори-атиқами, ҳатто бир буюмми олиб кетилганига, сақланаётганига гувоҳ бўласиз.
Алам билан ўйлайман: бу мўъжизаларни биз яратмаганмиз. Улар улуғ аждодларимиз машаққатли меҳнатининг мевасидир. Биз буюк ва бой маданий меросни ҳатто сақлашнинг ҳам уддасидан чиқа олмаганмиз.
Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон 1980 йилда алам билан ёзганидек:
Жуда табаррук эди,
бу коса.
Балки ундан
Бобур бол ялагандир.
Балки ундан
Ҳайём май симиргандир.
Сув ичаётиб синдирибсан-а,
ландавур!
Биз дунё бўйлаб сочилиб кетган салоҳиятимизни, ҳатто йиғиб олишга ҳам ярамадик. Мустақилликнинг дастлабки 25 йилини ҳавога совурдик. Аксинча, бой маданий меросимизни ўғирлаш, талаш, талон-торож қилиш давом этганлигини афсус-надомат билан тан олишдан бошқа чорамиз йўқ.
Бу ўринда мен ворислик, эгалик ҳақида тўхталмоқчиман. Биз ўзимизни англашимиз учун бир асрдан кўпроқ вақт керак бўлди. Баъзан даврни айблаймиз, баъзан ҳамма нарсани пулга тақаймиз. Лекин тан олгимиз келмайди: биз ватанпарвар миллат эмасмиз. Агар ватанпарвар бўлганимизда эди, бугунги алам-изтироблар ўрнини бошқа туйғулар эгаллаган бўларди.
Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камолнинг қуйидаги эсдаликлари ёдимга тушди. У мустабид тузум даврида Ўзбекистон Фанлар академияси Александр Пушкин номидаги Ўзбек тили ва адабиёти институтида ишлаган пайтни шундай хотирлайди.
Озарбайжонга хизмат сафарига борган шоир мазкур сафар гувоҳномасини расмийлаштириш учун мезбонларга узатади. Шунда бир озарбайжон ёнидаги ҳамкасбига: “Қара, Ўзбек тили ва адабиёти институти Пушкин номида экан”, дейди ва давом этади: “Ўзбек тили ва адабиёти институти директори ўринбосари корейс экан”, дейди. Буни эшитиб ўтирган озарбайжон Жамол Камолга қараб: “Жонинг борми, қардош?” деган экан.
Менимча, изоҳга ҳожат йўқ.
Маърифат қутқазган
Тарихнинг қайси бир даврини олиб қараманг, ўзбек давлатчилигининг энг юқори чўққиси маърифат ва маънавият бўлган. Қайси даврда маърифат кучайган бўлса, давлатчилигимиз мустаҳкамланган.
Темурийлар ҳукмронлигини тарозининг бир палласига қўядиган бўлсак, Мирзо Улуғбек маърифати тарозининг иккинчи томонини тўлдириб, тош босиб турибди. Бу ҳақиқатни инкор қилиб бўлмайди. Миллатни таназзулдан маърифат олиб чиқади. Миллатни маърифат юксалтиради. Миллатни маърифат бирлаштиради.
Қачон ночорлашган, қачон давлатчилигимиз хавф остида қолган бўлса, бу ҳам маърифатсизлигимиз туфайли юз берган. Узоққа бориш керак эмас. Чор Россияси Туркистонни ишғол қилганда ҳам маънавий-маърифий, мафкуравий аҳволимиз ўта ночор эди.
Ватанпарварлик маърифат ва маънавият билан уйғунлашгандагина ҳақиқий ватанпарварликка айланади. Мен илмсиз, маънавиятсиз миллатнинг ватанпарварлигига ишонмайман.
Ватанни, миллатни таниш, англаш учун ҳам илм зарур. Илмсизлик мустақилликни хавф остида қолдиради. Мен илм дунёвий ва диний илмга ажратилишига мутлақо қаршиман. Бир бутун илм ажралмас, бўлинмас илм деб қаралиши керак.
Ҳар қандай илм одами қадрланиши, эъзозланиши шарт. Олими хўрланган, илм аҳли оёқости қилинган миллат ҳеч қачон рўшнолик кўрмайди. Илмсиз тараққиётга ҳам, тинчликка ҳам эришиб бўлмайди.
Маърифатли жамият қуриш орзуси ҳамма вақт бўлган. Инсоният илмсизликнинг нима эканлигини аллақачон тушуниб етган. Менинг назаримда, ватанпарварликнинг ўзи ҳам илм. Илм бўлганда ҳам, улуғвор илм. Ҳатто мустабид тузум йилларида ҳам ватанпарварлар бўлган, миллатпарварлар бўлган. Тўғри, қаттол тузум уларни маҳв этган. Иброҳим Мўминов, Ҳамид Сулаймон, Ҳоди Зариф каби буюкларимизни афсус надомат, алам-изтироблар билан эслаймиз. Улар бошида қилич турганига қарамасдан, миллатимизнинг, Ватанимизнинг улуғворлигини кўрсатишган.
Бошингни кўтар, болам!
Босқинчилар, биринчи навбатда, халқни билимсиз, саводсиз қилишга интилишган. Мадрасаларни, масжидларни вайрон этган. Қўлёзмаларни ёққан. Олимларни, илм аҳлини дорга осган. Тарихни кўмган. Илмсиз, тарихсиз, китобсиз, олимсиз қолган миллатни эса бошқариш осон кечган.
Босқинчилар ҳамма вақт тарихдан қўрққан. Тарихни сохталаштиришга интилган. Миллат ёшларини тарихдан нафратланишга ундаган. Босқинчиларга ватанпарварлар керак эмас эди. Улар осон бошқариш учун миллат тарихини чиркин тасвирларди. Энг даҳшатлиси, бутун бир авлодлар ёлғон мафкура қурбонига айланишди. Дину диёнатдан узоқлашган миллатнинг эртаси, ҳаётда яшашдан мақсади бўлмайди.
Болаларимизга биз, аввало, буюк миллат эканлигимизни англатишимиз, уларнинг онгидан қуллик қарашларини йўқотишга интилишимиз зарур.
Бўғзимда бир нидо бор: бошингни кўтар, болам! Сенинг қонингда Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Замахшарий, Хоразмий, Термизий, Насафий, Мотуридий, Марғиноний қони бор. Сен уларнинг қонуний ворисисан, меросхўрисан. Қачонки бошингни баланд кўтарсанг, боболаринг каби дунёни забт этасан. Илм олишга интил. Айниқса, замонавий илмларни ўрган. Тил бил, тараққиётга интил. Энг асосийси, ватанпарвар бўл, миллатпарвар бўл.
Кечиккан Нобель мукофоти
Менинг дўстим, Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар суҳбатларимиздан бирида қуйидаги фикрни айтган эди. Нобель мукофоти ХХ аср бошида таъсис этилган. Агар Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек даврида ҳам шундай мукофот бўлганида эди, ўзбек халқи Нобель мукофоти олганлар рўйхатида биринчи ўринда турарди. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.
Менинг назаримда, ўзбек халқи каби бой тарихга, бой маданий меросга, улуғ аждодларга эга бўлган халқлар дунёда жуда кам. Алам қиладигани биз бир асрдан кўпроқ вақт давомида мана шу улуғ хазинадан узиб қўйилдик. Кимларнинг авлоди эканлигимизни унутдик. Қонимиздаги ватанпарварлик, миллатпарварлик туйғулари мажбурий суғуриб олинди. Қаттол тузум зўр бериб бизни ўзлигимиздан, илдизларимиздан, қадриятларимиздан узоқлаштирди. Қулликнинг ҳамма усулларини жорий этди. Миллат муаллақ қолди. Ҳамма суянч ва таянч олиб ташланди.
Аламлиси, биз ҳали-ҳамон ўзлигимизни тополганимиз йўқ. Бизда ватанпарварлик, миллатпарварлик ҳисси етишмайди.
Ўзлигини излаётган миллат
Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Аламим бор...” мақоласида кўтарилган ғоя ва фикрларни аслида миллат алами дегим келади. Бу мақола менинг вужудимдаги аламларни, афсус-надоматларни юзага чиқарди.
Бугун миллатнинг ҳар бир зиёлиси мана шу мақсад йўлида бирлашиши керак. Бу аламдан қутулиш чораларини излашимиз, топишимиз зарур.
Бу алам бизнинг вужудимизда бир асрдан зиёдроқ вақт давомида яшаб келмоқда. Бу алам аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келмоқда.
Бу алам қалб-қалбимизга ботиб кетган, уни узиб ташлаш вақти аллақачон келган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу йўлда барчамизга ибрат. Давлатимиз раҳбари мана шу алам-изтиробларни йўқотиш йўлида тинимсиз курашмоқда.
Янги Ўзбекистонда бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мажмуаси миллатнинг бошини баланд кўтариши учун асос, ҳужжат бўлади. Миллатнинг тафаккуридан қулликни бутунлай бартараф этади. Миллатни ўзлигига қайтаради. Ўзликни англаш имконини беради.
Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов мақоласида таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев мафкуравий сиёсатининг асл ўзаги ҳам шу.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг