«Металлург» қадди қайта тикланди

16:52 23 Январь 2026 Спорт
267 0

«Металлург» футбол клуби расмий равишда қайта ташкил этилди. Клубнинг қайта ташкил этилиши Бекобод шаҳрида ўтказилган тантанали тадбирда эълон қилинди.

«Металлург» футбол клуби 1945 йилда ташкил этилган эди. Ўзбекистон футболида кўп йиллик тарих ва тажрибага эга бўлган ушбу профессионал футбол жамоаси йиллар давомида Суперлига ва биринчи лига мусобақаларида иштирок этиб, Бекобод шаҳри спортида муҳим ўрин эгаллаган. 2002 йилда Суперлигада қўлга киритилган бешинчи ўрин жамоанинг энг яхши натижаси сифатида тарихга кирган. Мазкур клубнинг қайта ташкил этилгани жамоа ва мамлакат футболи тарихида муҳим воқеаларнинг биридир.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодир Абдуллаев сўзга чиқиб, жамоанинг тарихи ва мамлакат футболидаги аҳамияти, қайта ташкил этилишининг стратегик аҳамияти ҳақида гапирди. Раис нутқида «Металлург» жамоасининг нафақат шаҳар, балки бутун Ўзбекистон футболидаги ўрнини алоҳида таъкидлади, жамоанинг истиқбол режасини маълум қилди.

Тадбирда, шунингдек, клубнинг янги бош мураббийси тайинлангани ҳам эълон қилинди. У жамоа таркиби ва футболчиларни ривожлантириш бўйича ўз мақсад ва вазифаларини баён қилди. Унинг бошқарувида жамоа «Пролига» даражасида иштирок этиши ва барқарор натижаларга эришиши режалаштирилгани айтилди. Янги мураббий ёш футболчиларни тарбиялаш ва профессионал муҳитни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор беришини таъкидлади.

Қайта ташкил этилган «Металлург» клуби фаолиятида нафақат Ўзбекистон балки халқаро майдонда танилган истеъдодли футболчилар етишиб чиқиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, жамоа таркибида стратегик ривожланиш, легионер футболчилар билан ишлаш ва спорт инфратузилмасини янада кучайтириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилган.

Тадбир якунида «Металлург» мухлислари ва жамоа ходимларига янги давр бошлангани, профессионал муҳит ва келажакдаги ютуқларга тайёргарлик кўрилгани эътироф этилди. Клубнинг қайта ташкил этилиши нафақат натижа, балки илҳом ва профессионал қадриятларни тарғиб қилишга хизмат қилиши таъкидланди.

«Металлург» нафақат ўз мухлислари орасида, балки бутун мамлакат футбол жамоатчилиги орасида ҳурмат қозонган ва кўплаб ёш футболчиларни етиштиришга ҳисса қўшган жамоадир. Кейинги йилларда юзага келган ташкилий ва молиявий масалалар туфайли фаолияти вақтинча тўхтатган клуб ўтган вақт мобайнида номи, тарихи ва анъаналарини йўқотмади. Бугунги кунга келиб, ўз номи ва қаддини қайта тиклади.

Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер