Матбуотга “қон” керак
Бугун оммавий ахборот воситалари нафақат ижод маҳсули, балки қарама-қарши дунёқарашлар ва фикрлар кураши майдонига ҳам айланиб улгурди. Бу жараёнда бугунги матбуотнинг аҳволини оғир юк кўтариб кетаётган карвонга ўхшатиш мумкин. Унинг юки шу қадар залворлики, масъулиятини бошқа биров кўтаролмайди.
Ижтимоий тармоқларнинг ҳаётимизга чуқур кириб келгани электрон ОАВ имкониятларини кенгайтиргани бор гап. Аммо на ахборот сайтлари, на ижтимоий тармоқларнинг бирортаси матбуотнинг вазифасини бажаришга қодир эмас. Ахборот тарқатишда ким ўзарга баҳс бойлаётган турли сайтлар қайтага одамларни тоқатсиз, лоқайд қилиб қўяётгандек. Сўнгги пайтларда бу ҳақда жуда кўп гапириляпти. Ҳақиқат шуки, жараён шу зайлда давом этса, соф ўзбек тилимизни бутунлай йўқотамиз. Халқимиз турли жаргонлар ва шеваларда гапирадиган, ёзадиган бўлади. Бу мени, сизни, умуман, миллат келажагига бефарқ бўлмаган ҳар биримизни хавотирга солиши лозим.
Хўш, бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак, дерсиз. Эски гап. Одамларни газета-журнал ўқишга қайтариш зарур. Интернет ёрдамида хабар ва янгиликларни тез, осон ўқиш имконига эга бўлдик, бунга ҳожат қолмади, дегувчилар хато ўйлайди. У сизни фақат ахборотга бўлган кунлик эҳтиёжингизни қондиради, холос. Тафаккурингизни ўстирмайди, мушоҳада қилишга ундамайди, саводхонликни оширмайди. Матбуотда эса ана шундай куч, имконият мавжуд.
Газета-журналларда ўқиладиган нарсанинг ўзи йўқ-ку, деб фикр билдирувчиларнинг ҳам гаплари асоссиз. Чунки сўнгги икки йилда матбуотимизда таҳлилий-танқидий материаллар салмоғи ошди. Жамиятда урчий бошлаган иллатлар жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиляпти. Эътиборли жиҳати, чоп этилган мақолада кўтарилган масала вақт ўтиб, шунчаки унутилмаяпти. Унинг ечими юзасидан мутасаддилардан изоҳ сўраляпти. Алал-оқибат йиллар давомида аҳолини қийнаб келган муаммолар имкон қадар ҳал этилишига эришиляпти. Матбуот бундан-да катта имкониятларга эга, аслида. Бироқ бугун унинг ўзи ҳам кўмакка, қўллаб-қувватлашга муҳтож.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги қарори асосида 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва нашриётлар фойда солиғини ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан озод этилди. Бундан ташқари, таҳририятлар, нашриёт ва босмахоналар оммавий ахборот воситаларининг маҳсулотлари, китоб маҳсулотларини сотишдан ва уларнинг нусхаларини кўпайтириш бўйича хизматлардан олинадиган даромадлар қисмида Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўлашдан беш йил муддатга озод этилган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур имтиёзлар муҳлати яна икки йилга – 2019 йилгача узайтирилди. Бу каби имтиёзлар самараси айниқса, босма нашрлар фаолиятида яққол сезилди. Газета ва журналлар ўзларида сақлаб қолган маблағни таҳририятнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, журналист-ходимларни рағбатлантиришга сарфлади.
Биргина мисол. “Жамият” газетаси 2017 йилда ходимларнинг даромад солиғидан ташқари, солиқ органларига бор-йўғи 5 миллион сўм атрофида солиқ тўлаган. Ваҳоланки, юқоридаги имтиёзлар бўлмаганда таҳририят 42 миллион сўмдан зиёд маблағини қўшимча солиқ тўловларига ўтказишга мажбур бўларди. Шу сингари бугун мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 800 дан ортиқ босма нашрлар ҳам яратилган имкониятдан фойдаланиб, молиявий аҳволини бир қадар яхшилашга эришди.
Кейинги йилдан бошлаб мазкур имтиёзлар тўхтатилса, шундоқ ҳам зўрға кун кўраётган матбуотнинг аҳволи янада оғирлашади. Чунки газета ва журналларни чоп этиш харажатлари ошди, қоғоз нархи ўтган йилнинг бошига нисбатан қарийб 3,2 фоизга кўтарилиб кетди. Яъни, 2017 йилнинг январь ойида бир тонна қоғоз нархи 2 миллион 250 минг сўм бўлган бўлса, йил охирига бориб 5 миллион 728 минг сўмга қимматлаган. 2018 йилнинг айни шу даврида эса бир тонна қоғоз нархи 7 миллион сўм атрофида бўлиб турибди. Нарх-навонинг бундай кескин ўзгариши таҳририятлар бюджетига жуда катта зарба бўлди. Ҳозирги кунда саноқли босма нашрлардан ташқари деярли барча газета-журналлар қарздорлик ҳисобига ишламоқда. Ишчи-ходимларига гонорар тугул ойлик иш ҳақи беришга ҳам қурби етмаяпти.
Масалан, айни кунда 10 минг нусхада чоп этиладиган А3 форматдаги, 16 саҳифадан иборат газетанинг бир ойлик босмахона харажатининг ўзи 28 миллион 680 минг сўмни ташкил этади. Бу жорий йилнинг сентябрь ойи учунгина, холос. Кейинги ойларда хорижий валютанинг бозордаги нархига мутаносиб харажатлар янада ошиб бориши мумкин. Буларнинг бари таҳририятларнинг иқтисодий таназзулига сабаб бўляпти. Айримлари маблағ тополмаганидан ё ёпилиб кетяпти ёки фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлмоқда.
Босма нашрларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмаса, вазият бундан-да оғирлашиши мумкин. Мажозий айтганда, матбуотга янги “қон” керак бўляпти. Бунда, биринчи галда, оммавий ахборот воситаларига берилган имтиёзлар даврини узайтиришдан ташқари, обуна билан боғлиқ масалада ҳам бир тўхтамга келиш даркор. Бу марказий ва ҳудудий нашрлар обунасини уюштиришдан тортиб, уни муштарийга вақтида етказиб беришгача бўлган жараённи қамраб олиши лозим.
Бундан ташқари ОАВда ишловчи ишчи-ходимларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳам кечиктириб бўлмайдиган масалалардан бири. Ҳозирги кунда мамлакатимизда журналистика ижтимоий ҳимояланганлик даражаси бўйича бошқа касбларга қараганда анча ортда. Давлат томонидан ойлик-иш ҳақи миқдорининг оширилгани соҳа ходимларига деярли таъсир қилмайди. Негаки, аксарият журналистлар нодавлат ОАВда фаолият олиб боргани учун таҳририятлар ўз молиявий имкониятига қараб иш ҳақи тўлайди. Рағбатлантириш яхши бўлмагач, турмуш ташвишидан бошқа нарсани ўйламайдиган ижодкордан сифатли материал кутиш мушкул.
Шундай бўлса-да, газета-журналлар аҳолининг умумий маънодаги маънавий-ахлоқий, саводхонлик даражасини бир маромда ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда.
Бироқ соҳа ходимларининг бундай фидойилиги кўп жиҳатдан турли даражадаги раҳбарларнинг газета-журнал мутолаасига эътиборни кучайтиришига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ахборот оқимидаги бугунги бефарқлик эртанги таназзулнинг бошланишидан дарак.
Албатта, вақт ўтиб умумжамият бу босқичдан ўтади, одамлар яна соф адабиётга, ҳақиқий публицистикага қайтади. Матбуот ОАВнинг классик кўриниши бўлиб қолаверади. Шугина умид кўнгилга таскин беради. Янги ижод, янги асарлар туғилишига туртки бўлади.
Қаҳрамон САЙДАЛИЕВ.
“Жамият” газетасининг 2018 йил 12 октябрь, 41 (625) сонидан олинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- Лойиҳаолди ва харид ҳужжатларини комплекс экспертиза қилиш тизими самарадорлиги оширилади
- «Ўзгидромет» шошилинч огоҳлантириш эълон қилди
- Тоғ-кон саноатидаги йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг