Масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллашмоқда

12:27 04 Сентябр 2025 Сиёсат
84 0

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Sўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан корпоратив муносабатларни ривожлантириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Муҳокама давомида эътибор масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятини тартибга солувчи нормаларни тизимлаштириш ва бирхиллаштириш ҳамда ижобий хорижий тажрибадан келиб чиқиб, уларни тўлдириш зарурати мавжудлигига қаратилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Ушбу Қонунда жамиятнинг филиаллари ва ваколатхоналарини, шуъба ҳамда қарам хўжалик жамиятларини очиш тартиби, жамият иштирокчиларининг ўртасидаги низоли вазиятни ҳал этиш ҳамда жамият умумий йиғилиши баённомаси нусхаларини иштирокчиларга етказиш масалалари ўз аксини топган. Бундан ташқари, жамият кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш тартиби ҳамда жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи (директор)нинг ва коллегиал ижро этувчи органларининг мажбуриятлари ҳам назарда тутилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Қонун билан жамият нафақат лицензия, балки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар асосида ёки хабардор қилиш тартибида муайян фаолият турлари билан шуғулланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Жамият иштирокчиларига ўз корпоратив ҳуқуқларини амалга ошириш тўғрисида корпоратив шартномалар тузиш каби бир қатор ҳуқуқлар берилиши назарда тутилмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Бундан ташқари, жамият кузатув кенгашининг қарорларини сиртдан овоз бериш ва кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш тартиби, кузатув кенгашининг ваколатлари ҳамда миноритар иштирокчилар қўмитасини ташкил этишга оид қоида мустаҳкамланмоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Мажлисда масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятига замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, улар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф қилиш ҳамда жамият иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Сенаторлар ўз чиқишларида ушбу Қонун жамият иштирокчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашини, уларнинг улушлари алдов ва фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилишига йўл қўймаслик учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Муҳокама якунида мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Акмал Муҳаммадов (фото), Отабек Саидаҳмадов

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?