Маҳаллаларда хавфсиз муҳит қандай таъминланади?

17:57 17 Январь 2026 Жамият
399 0

Архив сурат

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2026 йил 5 январь куни “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу ҳужжатда 2025 йилдаги натижаларни мустаҳкамлаш ва хавфсиз муҳитни янада яхшилаш назарда тутилган. Таъкидлаш жоизки, ушбу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида 2025 йил 3 январда қабул қилинган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қароридаги вазифаларнинг ижроси натижасида маҳаллаларда жиноятчилик қарийб 1,5 баробарга камайган. Бу борадаги ишларнинг натижадорлигини ошириш мақсадида давлатимиз раҳбари янги қарор имзолади. Янги қарор маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш ишларини тизимли ташкил этиш, ҳар бир масъул раҳбар зиммасига аниқ вазифалар юклаш ва аҳоли мурожаатларига тезкорлик билан жавоб бериш тизимини яратишга қаратилган.

Қарор асосий эътиборни оила-турмуш муносабатлари доирасида, аёллар ва ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг олдини олишга, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этишга ва замонавий технологиялар ёрдамида ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга қаратади. Энг муҳими, ушбу ҳужжат ҳар бир фуқаронинг хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун давлат, маҳаллий ҳокимият ва жамоатчилик биргаликда самарали ишлаши зарурлигини белгилайди.

Нималар ўзгаради ва кимлар ушбу ўзгаришларга масъул?

Қарорга кўра, 2026 йилда республика бўйлаб маҳаллалар уларнинг криминоген вазиятига қараб масъул раҳбарларга бириктирилади. Бу шунчаки расмий тайинлаш эмас – ҳар бир масъул раҳбар ўз маҳалласида хавфсизликни таъминлаш учун шахсан жавобгар бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, маҳаллалар жиноят содир этилганлиги даражасига қараб бир нечта тоифаларга “яшил”, “сариқ” ва “қизил”га ажратилган. Айни шу тоифалара Президентнинг янги қарорида ҳам тилга олинган.

Хусусан, криминоген вазияти оғир маҳаллалар туман ҳокимлари, прокурорлари ва ички ишлар органлари бошлиқлари зиммасига юкланади. Улар ўз ҳудудларида жиноятчиликни камайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиши ва амалга ошириши керак. Беш йилдан буён «қизил» тоифада бўлаётган маҳаллалар Миллий гвардия ва вилоят даражасидаги раҳбарлар назоратига берилади. Бу маҳаллаларда чуқур таҳлил ва ўзига хос ёндашувлар талаб этилади. Уч йилдан буён муаммоли бўлган маҳаллалар ҳуқуқ-тартибот идораларининг таълим ва илмий ташкилотларига топширилади. Уларда илмий асосда муаммолар ўрганилади ва ечимлар ишлаб чиқилади. Аёллар жиноятчилиги, спиртли ичимликлар ва гиёҳвандлик муаммоси юқори маҳаллалар оила ва хотин-қизлар, соғлиқни сақлаш ҳамда адлия бошқармалари масъулиятига юкланади. Бу муаммоларни ижтимоий ёндашувлар билан ҳал этиш кўзда тутилади.

Қарорнинг амалий жиҳати шундаки, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ҳокимлари ҳар ой камида иккита муаммоли маҳаллага шахсан боришлари шарт. Улар у ерда ёшлар, аёллар ва ишсизларга нисбатан қандай ижтимоий ёрдам кўрсатилаётганини ўрганади ва аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш бўйича аниқ чоралар кўради. Ҳар ой охирида ҳокимлар маҳаллаларда содир этилган жиноятларнинг сабабларини танқидий муҳокама қилади ва иш юритишда ҳаракатсизликка йўл қўйган ташкилот раҳбарларига нисбатан чоралар кўради. Бу дегани, эндиликда маҳаллаларда содир бўладиган ҳар бир жиноят чуқур таҳлил қилинади ва унинг сабабларини бартараф этиш учун аниқ ишлар амалга оширилади.

Қарор фуқаролар мурожаатларига муносабатда муҳим ўзгаришлар киритади. Ички ишлар вазирлиги 2026 йил якунига қадар фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги оғзаки мурожаатларини ички ишлар органлари ходимларининг хизмат планшетлари орқали реал вақт режимида қабул қилиш ва тезкорлик билан жавоб бериш тизимини йўлга қўяди. Бундан ташқари, 2026 йил 1 ноябрга қадар «Менинг инспекторим» мобил иловаси ишлаб чиқилади. Бу илова орқали фуқаролар ўз маҳалла профилактика инспекторлари билан онлайн мулоқот қилиши, фото, аудио ва видео материаллар юбориши ҳамда инспекторлар фаолиятига баҳо бериш имкониятига эга бўлади. Бу шаффофлик ва жавобгарликни оширишга хизмат қилади.

Қарор замонавий ахборот-коммуникация ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этишни ҳам назарда тутади. Хусусан, 2026 йил 1 майга қадар «Е-ижтимоий профилактика» ахборот тизимининг «Е-низоли оила» модули ишга туширилади. Бу тизим низоли оилалар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва мониторинг қилиш имконини беради, бу эса оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Қарор самарали ишлаганлар учун рағбатлантириш тизими ҳам назарда тутилган. Ҳокимлар ҳар чоракда маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш йўналишида ўрнак кўрсатган камида 15 нафар раҳбар ва ходимни маҳаллий бюджет даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг бир баравари миқдорда пул мукофоти билан рағбатлантириб боради. Шу билан бирга, жавобгарлик ҳам оширилади. Жиноятларни ҳисобдан яшириш, сохта маълумотлар киритиш ва аҳолининг мурожаатларига бефарқ муносабат билдирган масъул шахсларга нисбатан лавозимидан озод этишгача бўлган чоралар кўрилади.

Қарор ижросини таъминлаш учун Бош прокуратура ҳузурида тузилган Республика идоралараро мувофиқлаштириш ишчи гуруҳи фаолиятини давом эттиради. Муҳим жиҳат шундаки, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш йўналишида амалга оширилган ишлар ҳар ой якунида вилоят прокурорлари ва ички ишлар органлари бошлиқлари ҳузурида, ҳар чорак якунида эса ички ишлар вазири ва Бош прокурор ҳузурида танқидий муҳокама қилинади ва Президент Администрациясига таҳлилий ахборот киритиб борилади.

Қисқа қилиб айтганда, қарорнинг асосий мақсадлари аниқ ва оддий: маҳаллаларда хавфсиз муҳитни ишончли таъминлаш, оила-турмуш муносабатлари доирасида ҳамда аёллар ва ёшлар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг асл сабабларини топиш ва бартараф этиш, ҳар қандай ноқонуний ҳолатларга тезкорлик билан жавоб бериш ҳамда аҳоли розилигига эришишдир.

Бу қарор оддий аҳолига нима беради?

Аввало, ҳужжатда кўзда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилиши маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантиради. Иккинчидан, аҳоли муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш имкониятига эга бўлади – эндиликда сиз маҳалла инспекторингиз билан мобил илова орқали тўғридан-тўғри боғлана оласиз. Учинчидан, ишсизлар учун иш топиш, бизнес бошлаш, ҳуқуқий ёрдам олиш янада осонлашади – «Ижтимоий профилактика ҳафталиги» доирасида барча керакли хизматлар бир жойда тақдим этилади. Муҳими, қарор шунчаки қоғозда қолиб кетмайди. Ҳар бир масъул раҳбар зиммасига аниқ вазифа юкланмоқда ва натижасиз ишлар учун келажакда жавобгарлик кўзда тутилмоқда. Бу эса маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш ишларини янги босқичга олиб чиқади.

Ўзбекистон маҳаллалари – бу нафақат яшаш манзили, балки биз ҳаёт кечирадиган, болаларимизни тарбиялайдиган, кексаларимиз дам оладиган муҳит. Бу муҳитнинг хавфсизлиги ва фаровонлиги давлат, маҳаллий ҳокимият, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва биз, оддий фуқароларнинг биргаликдаги масъулиятидир. Янги қарор айнан шу биргаликдаги ишни тизимлаштиради ва ҳар бир иштирокчининг вазифасини аниқ белгилайди.

Хушназар Жўраев, Тошкент давлат юридик университети, Ҳуқуқ ва технологиялар шуъбаси ўқитувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер