Маҳаллалар байрам оғушида

14:45 07 Декабрь 2023 Жамият
782 0

Фото: “Халқ сўзи”

Жорий йилда Хоразм вилоятининг Хонқа туманидаги Дургадик маҳалласида “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонлари асосида кенг кўламда қурилиш ва ободонлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўналишида қатор тадбирлар амалга оширилди.

Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича маҳалла ҳудудига 5 та янги трансформатор ўрнатилиб электр таъминоти яхшиланди, 16 км ички йўлларга қум-шағал аралашмаси ётқизилди, 2,7 км узунликдаги йўл асфальт қилинди, 1 км узунликда пиёдалар юриш йўлакчаси қурилди ва 7 км масофага юқори тезликдаги интернет тармоғи тортилди. Ҳудуддаги 8- мактабда 2 та хорижий тил ва 1 та касб — ҳунар ўргатиш хоналари ташкил қилинди. Шунингдек, маҳалладаги тиббиёт пунктида 2318 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди.

Маҳаллада Бош Қонунимиз қабул қилинганлигининг 31 йиллигига бағишлаб ташкил қилинган тадбир “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остидаги юриш марафони билан бошланиб, кўчат экиш тадбирларига уланиб кетди. Бундан ташқари маҳалла аҳли учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бўш иш ўринлари ярмаркалари, ҳамда тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқаролар учун банклар томонидан янги лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди.

— Президентимиз ташаббуси билан бошланган ушбу лойиҳа доирасида ободлик ҳар кўча, ҳар хонадонга кириб борди, —дейди меҳнат фахрийси Кенжабой Артиқов. — Маҳалламизда бир қатор янги объектларнинг очилиши Конституция байрами шодиёналарига уланиб кетди.

Тадбир давомида “Энг обод хонадон”, “Энг обод кўча” номинациялари ғолибларига вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Бундай тадбирлар Боғот туманидаги Саховат, Янгибозор туманидаги Катли, Хива туманидаги Истиқлол маҳаллаларида ҳам бўлиб ўтди.

Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер