Мадуро қўлга олинганидан кейин Трамп яна «унга Гренландия кераклиги» ҳақида гапира бошлади
Дания ва Франция қўшинлари Гренландиядаги машқлар пайтида. 2025 йил сентябрь
2026 йил бошида АҚШ ҳарбийлари Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олиш операциясини муваффақиятли ўтказганидан сўнг, АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг иттифоқчилари яна Гренландияни назорат остига олиш зарурлиги ҳақида гапира бошлади. Гренландия — Дания қироллиги таркибидаги автоном ҳудуд ҳисобланади.
Бу мавзу Трампнинг иккинчи муддати бошида, бир йил аввал ҳам энг кўп муҳокама қилинган масалалардан бири бўлган эди. Ўшанда у Канадани «АҚШнинг 51-штати»га айлантириш, Панама каналини назоратга олиш ҳақида ҳам таҳдидли баёнотлар берган. Трамп Гренландияни сотиб олиш имконини ҳам, уни куч билан эгаллаб олиш эҳтимолини ҳам тилга олган — бу каби гаплар у биринчи президентлик муддатида ҳам янграган эди. Кўпчилик бундай баёнотларни жиддий қабул қилиш керакми, деган саволни ўртага қўйган.
2026 йил бошида мустақил давлатга қарши ўтказилган куч ишлатиш амалиёти Гренландия мавзусини яна жамоатчилик муҳокамасига қайтарди. 3 январь куни Трампнинг биринчи маъмуриятида ишлаган собиқ ходима, АҚШ президентининг таъсирли маслаҳатчиси Стивен Миллернинг рафиқаси Кэти Миллер ижтимоий тармоқларда Гренландия харитасини АҚШ байроғи рангларида жойлаб, «Яқинда» деган изоҳ қолдирди. Х (собиқ Twitter) статистикасига кўра, бу пост 30 миллион мартадан ортиқ кўрилган.
4 январь куни эрталаб The Atlantic нашрига берган интервьюсида Трамп Гренландия АҚШга «шубҳасиз керак» эканини тасдиқлади. Кейинчалик у ўз самолёти бортида журналистлар билан суҳбатда бу мавзуни янада кенгроқ шарҳлади:
«Ҳозир Гренландия тўлиқ равишда Россия ва Хитой кемалари билан ўраб олинган. Миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан бизга Гренландия керак, Дания эса бу вазифани уддалай олмайди, ишонинг. Биласизми, Дания яқинда Гренландия хавфсизлигини кучайтириш учун нима қилди? Улар битта итли чанани қўшди. Бу рост! <…> Миллий хавфсизлик учун бизга Гренландия керак ва Европага ҳам у бизда бўлиши керак. Улар буни билишади».
Трамп айтган «итли чана» Дания ҳарбий-денгиз флотига қарашли элита бўлинма — «Сириус»га тааллуқли. Бу бўлинма ХХ аср ўрталаридан бери Гренландиянинг шимолий-шарқий қисмида ўта қаттиқ иқлим шароитида чаналар ва итлар ёрдамида патруллик қилади. Бироқ у жуда кичик: ҳар йили бор-йўғи 12 нафар ҳарбий, олтита икки кишилик гуруҳга бўлиниб, навбатга чиқади.
Гренландия ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, Трамп аввал гапдан қочиб, ҳозир бу мавзуда гапиришни истамаслигини айтди. Аммо шу заҳотиёқ қўшимча қилди: яқин келажакда бу мавзуга қайтилиши мумкин. «Биз Гренландия ҳақида тахминан икки ойдан кейин ўйлаймиз. Йигирма кундан кейин гаплашамиз», — деди у.
Рафиқасининг резонансга сабаб бўлган постидан сўнг Стивен Миллер CNNга интервью бериб, Гренландия АҚШнинг бир қисми бўлиши керак, деган қараш маъмуриятнинг «расмий позицияси» эканини таъкидлади. У оролни куч билан эгаллаш мавзусидан қочишга уриниб, асосий масала сифатида Даниянинг Гренландияга бўлган даъволари қанчалик қонуний эканини кўтарди.
«Гренландия АҚШнинг бир қисми бўлиши керак. Буни ҳарбий операция нуқтаи назаридан муҳокама қилишнинг ўзи шарт эмас. Ҳеч ким Гренландия келажаги учун АҚШ билан уруш қилмайди», — деди Миллер.
Трампнинг баёнотлари ва Миллернинг твити Гренландияда, Данияда ва Европанинг бошқа мамлакатларида кескин реакцияга сабаб бўлди. Гренландия бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен орол АҚШнинг «авлодлар давомида яқин ва содиқ дўсти» бўлиб келганини, ҳатто оғир пайтларда ҳам Шимолий Американинг хавфсизлиги учун масъулиятни ўз зиммасига олганини таъкидлади. Шу сабабли АҚШнинг ҳозирги риторикасини у «мутлақо қабул қилиб бўлмас» деб атади.
«Дўстлар ўртасида таҳдидлар, босим ва аннексия ҳақида гап бўлмайди. <…> Бас. Энди босим йўқ. Ишоралар йўқ. Аннексия ҳақидаги фантазиялар ҳам йўқ», — деб ёзди у ижтимоий тармоқларда.
Кейинчалик матбуот анжуманида Нильсен Гренландияни «Венесуэла билан таққослаб бўлмаслигини» таъкидлади ва фуқароларни хотиржамликка чақирди. У «бир кечада мамлакатни босиб олиш» ҳақида гап кетмаяпти, деди: «Бу АҚШ шунчаки келиб, Гренландияни забт этадиган вазият эмас».
Дания бош вазири Метте Фредериксен эса Трампнинг Гренландияни назоратга олиш ҳақидаги гапларини «афсуски, жиддий қабул қилишга тўғри келади», деди. У огоҳлантиришича, агар АҚШ НАТО аъзоси бўлган бошқа давлатга ҳужум қилса, «барчаси тугайди» — яъни Иккинчи жаҳон урушидан кейинги хавфсизлик тизими ва НАТОнинг ўзи барбод бўлади.
Европанинг кўплаб сиёсатчилари ҳам Гренландияни қўллаб чиқди. 5 январь куни Литва ва Эстония ташқи ишлар вазирлари ҳамда Латвия президенти ижтимоий тармоқларда Гренландия Дания қироллигига тегишли эканини тасдиқловчи баёнотлар берди. 6 январь куни эса Франция, Германия, Италия, Испания, Буюк Британия ва Польша раҳбарлари Дания бош вазири билан бирга «Гренландия бўйича қўшма баёнот»ни эълон қилди. Ҳужжатда Дания НАТО аъзоси экани, Арктика хавфсизлиги альянс доирасида ва БМТ уставидаги суверенитет ҳамда ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилинган ҳолда таъминланиши кераклиги таъкидланган.
Баёнотда, шунингдек, АҚШ ва Дания ўртасидаги 1951 йилги Гренландияни қўшма мудофаа қилиш тўғрисидаги шартнома ҳам эслатилган. Ҳужжат «Гренландия ўз халқиники» ва «Гренландия ва Дания масалаларини фақат Гренландия ва Дания ҳал қилади» деган сўзлар билан якунланади.
Аввалроқ айрим таҳлилчилар Европа етакчиларининг АҚШ ва Гренландия мавзусида эҳтиёткор сўзлашини Украина хавфсизлиги масаласи билан боғлашган эди — бу Европа Иттифоқи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Сўнгги бир йил ичида АҚШнинг Гренландияга нисбатан сиёсати фақат баёнотлар билан чекланиб қолмади. 2025 йил май ойида The Wall Street Journal АҚШ разведкаси оролда ахборот тўплашни кучайтиргани ҳақида ёзди. Асосий эътибор Гренландия мустақиллиги ҳаракатига ва америкаликлар томонидан табиий ресурсларни ўзлаштиришга муносабатни ўрганишга қаратилган. Шунингдек, АҚШ мақсадларини қўллаб-қувватловчи шахсларни аниқлаш вазифаси қўйилган.
Оммавий даражада ҳам ҳаракатлар бор. Ўтган баҳорда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Гренландияга ташриф буюриб, оролнинг Даниядан мустақил бўлишини кутяпман, деб айтган. Декабрда эса Трамп бизнесмен Том Дэнсни АҚШнинг Арктикани ўрганиш комиссияси раҳбари этиб тайинлади. Дания журналистлари унинг миссиясини «гренландияликларни америкалик қилиш» деб аташган; у, жумладан, Трампнинг Гренландиядаги энг машҳур тарафдори Йорген Боассенни молиявий қўллаб-қувватлаган.
Бундан ташқари, Трамп Луизиана штати губернатори Джефф Лэндрини Гренландиядаги «махсус элчи» этиб тайинлади. The Economist қайд этишича, бу қадам АҚШ оролни Даниядан алоҳида ҳудуд сифатида кўраётганини рамзий тарзда кўрсатади.
2025 йил давомида Дания уч марта америкалик дипломатларни чақиртирди — жумладан, разведка фаолияти кучайгани ҳақидаги материаллар ва «махсус элчи» тайинланганидан кейин. Яна бир ҳолат АҚШ ва Оқ уй билан алоқадор уч нафар америкаликнинг гренланд жамиятига «сингиб кириш»га уриниб, унинг Дания билан алоқаларини заифлаштиришга ҳаракат қилгани ҳақидаги публикация билан боғлиқ эди. Улардан бири Трампни қўллаб-қувватловчи ва қўллаб-қувватламайдиган маҳаллий аҳоли рўйхатини тузган, қолганлари эса маҳаллий сиёсатчилар ва бизнес доиралари билан алоқа ўрнатган.
2025 йил охирида Дания ташқи ва ҳарбий разведка хизмати ўзининг йиллик ҳисоботида илк бор АҚШни мамлакат хавфсизлиги учун эҳтимолий таҳдид сифатида атади. Дания расмийлари The Atlantic нашрига Гренландия қўшиб олиниши мумкин бўлган сценарийни шундай тасвирлади: бир кеча Трамп Truth Social тармоғида Гренландия энди АҚШ протекторати эканини эълон қилади — Дания ва унинг европалик иттифоқчилари эса бунга қарши ҳеч нарса қила олмай қолади. Нашр таъкидлашича, аввал бундай сценарий кулгили туюлган бўлса, Мадуро ўғирлаб кетилганидан кейин у унчалик ғайриоддий кўринмай қолган.
Барак Обама даврида АҚШнинг Даниядаги элчиси бўлган Руфус Гиффорд The Atlantic билан суҳбатда Гренландия мақоми Трампнинг Европа билан Украина хавфсизлиги бўйича музокараларида ҳатто «савдолашув предмети»га айланиши мумкинлигини тахмин қилди.
2025 йил октябрида Дания ҳукумати Арктикадаги мудофаа харажатларини яна 27,4 миллиард кронага (4 миллиард доллардан ортиқ) оширишини эълон қилди. Режа янги патруль кемалари, авиация ва дронлар харид қилишни, Шарқий Гренландияда радарлар жойлаштиришни, Нуук шаҳрида Қўшма арктик қўмондонликнинг янги штаб-квартирасини қуришни, шунингдек, Гренландияда янги ҳарбий бўлинма ҳамда «Сириус» махсус бўлинмаси таркибида чаналар ўрнига қар улоқлари ва моторли қайиқлардан фойдаланадиган янги арктик бўлинма ташкил этишни ўз ичига олади. Бу бўлинма, чанали патруллардан фарқли ўлароқ, бутун орол бўйлаб ҳаракат қила олади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- «Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди», деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг!»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг