Кореяда мавсумий ишчилар дастури қайта тикланди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев бошчилигидаги делегация Корея Республикасининг Геонгсангнам-до провинцияси губернатори Пак Вансу билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақида Миграция агентлиги хабар берди.
Мазкур учрашув давомида томонлар E-8 мавсумий ишчи визаси асосида Тошкент вилояти аҳолисидан ишчиларни танлаб олиш ва уларни провинциянинг Ҳапчон, Чонгнянг округлари ҳамда Мирянг шаҳрида 8 ой (5+3) муддатга қишлоқ хўжалиги соҳасида ишга жалб этиш бўйича келишиб олган.
Шунингдек, Миграция агентлиги ва Геонгсангнам-до провинцияси ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида мавсумий ишчи кучини жалб қилиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик келишуви имзоланган. Корея Адлия вазирлиги талабига кўра, бундай келишувларда ишчи кучини юборувчи ва қабул қилувчи ҳудудлар аниқ белгиланиши шарт.
«14 октябрда Миграция агентлиги билан имзоланган ҳамкорлик келишувида юқорида қайд этилган ҳудудлардаги мавсумий ишларга айнан Тошкент вилояти аҳолисидан ишчиларни танлаш белгиланган. Пилот тарзда провинциянинг 3 та ҳудудидан ишчи кучига бўлган талабнома олиш ва 2026 йилдан бошлаб ўзбекистонлик ишчиларнинг интизоми ва самарадорлигига қараб, ҳамкорликни бошқа ҳудудларга ҳам кенгайтириш режалаштирилган», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, 2021 йилда Ўзбекистон Кореяга E-8 визаси орқали ишчи юборган илк давлат бўлган ва 420 нафар фуқаро пилот лойиҳа асосида ишлаган эди. Бироқ, айрим ишчилар 5 ойлик шартнома муддати якунлангач ҳам ватанга қайтмагани сабабли, ушбу виза дастури Корея томонидан тўхтатилган эди.
«Кўп сонли фуқароларимизнинг мурожаатларига кўра, икки давлат масъул ташкилотларнинг бир неча йилдан буён олиб борган музокаралари натижасида Корея ҳукумати мазкур имкониятни яна қайта очишга қарор қилди ва бундан унумли фойдаланишни сўраб қоламиз», — дейилади агентлик хабарида.
Бундан ташқари, Миграция агентлиги фуқароларимиздан меҳнат шартномаси ва Корея қонунчилигига қатъий амал қилиш ҳамда белгиланган муддатда ватанга қайтишни сўраган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг