Китобхон авлод эзгулик ва бунёдкорликка хизмат қилади

18:57 02 Апрель 2024 Жамият
389 0

Фото: Сирожиддин Воҳидов / “Халқ сўзи”

Китоб мутолааси инсоннинг маънавий, бадиий-ахлоқий маданиятини шакллантириш, миллий ғурури ва ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, ижодий маҳорати ҳамда бадиий дидининг ўсишида муҳим ўринга эга. Шу боис мамлакатимизда китобхонликка, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини юксалтиришга, кутубхонаю кутубхоначиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан Республика болалар кутубхонаси қарийб 150 йиллик тарихий биносининг ўзига хослиги сақлаб қолинган ҳолда қайта таъмирланиб, яна китобсеварлар учун очилгани навқирон авлод камолоти йўлидаги яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди.

Кутубхона қисқа вақтда болалар ва ўсмирлар ҳамда уларнинг ота-оналари жамланадиган жозибадор масканга айланиб улгурди. Мутолаа учун шинам жойлар, барча ёшдаги инсонларга мос китоблар, сифатли жиҳозланган компьютер хоналари ва тамомила ижодий муҳит — бари китобсеварлар учун кенг имкониятларни яратади, десак, муболаға эмас.

— Кутубхона шунчаки йўлингиз тушиб, зерикканингизда бир айланай деб эмас, ўз нурини қалбингизга сингдиришга ошиқаётган, саҳифалари бармоқларингизни соғинган китоблар билан тўла, қадамингиз тортиб, юрагингиз истаб, ақлингиз ошиқиб кириладиган хазиналар макони, — дейди зиё масканига ўғли билан келган Маъсума Исмоилова.  — Отам умри давомида китоб йиғган, мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. Балки, шунинг учундир болалигимиздан китобга меҳримиз бўлакча. Республика болалар кутубхонаси оилавий севимли жойимиз. Унинг таъмирлана бошлаганини эшитиб, жуда севиндик, бироқ ичимизда ўзининг тарихий жозибасини сақлаб қолармикан, дея ҳадиксирадик.

Қайта очилганида амин бўлдикки, кутубхонамиз янада кўркамлашган, олдинги ўзига хослиги ҳам сақлаб қолинган. Эски хонадонимиз бу ерга яқин эди, бироқ яқинда янги уйга кўчиб ўтдик. Шунга қарамай, бу жойдан қадамимиз узилгани йўқ.

Таъкидлаш жоизки, кутубхона биноси бой тарихга эга. У XIX аср охирларида қўқонлик тадбиркорлар томонидан қурилган, кўп ўтмай бино сотиб юборилиб, унга Тошкент шаҳар думаси ва жамоат йиғини жойлашади, бир қисми эса болалар кутубхонасига айлантирилади. Ўтган асрнинг 60-йилларида Алишер Навоий номидаги давлат кутубхонасининг Ўсмирларга хизмат кўрсатиш бўлими бу ерга кўчади. Кейинчалик у тўлиқ Республика болалар кутубхонаси тасарруфига берилган. Маълумотларга кўра, кутубхона фонди 1965 йилдан бошлаб шакллантирилиб, 200 минг жилдга яқин нашрдан иборат. Қайта таъмирлаш ишлари мобайнида кенгайтирилиб, яна 21 минг дона китоб қўшилди. Бунда, айниқса, санъатга оид китоблар жамланмаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Масканда китоб фондининг сифат даражасини назорат қилиш мақсадида “Irbis” электрон кутубхона бошқарув тизими жорий этилган. Бу ерда тизимлаштириш, тоифалаштириш, ўқувчиларни излаш, китобларни бериш ва маъмурий бошқарувга оид замонавий технологиялар татбиқ қилинган.

Янгиланган кутубхона шунчаки ўқиш залларидан иборат эмас, халқаро стандартларга жавоб берувчи, кўп функционалли бинога айланган. Бу ерда ўзига хос дизайнга эга қулай парталар, ўриндиқлар, маърузаларни тинглаш, ўқиш, дам олиш учун модуллар, аудио контент билан ишлаш, компьютер синфлари, кичик босмахона, ҳатто ҳовлида кичик амфитеатр ҳам мавжуд.

Кутубхонада замонавий ахборот технологияларидан фойдаланилаётгани ходимлар ишини енгиллаштириб, китобхон болаларга қўшимча қулайлик яратмоқда. Яъни, ташриф буюрувчилар махсус ID-карта олишади, бунинг натижасида китобхонларни рўйхатга олиш, китоб олиш ва топшириш жараёнлари электрон тарзда ташкил этилади. Бу жараёнда фойдаланувчилар овора бўлмайди, уларнинг вақти тежалади.

Китоб ўқишга вақтингиз камроқ ёки иш-юмушларингиз кўп бўлса, сиз учун бу ердаги аудиокитоблар айни муддао. Кўзингизни толиқтирмайди, қимматли вақтингиз беҳуда кетишидан асрайди. Ҳам ишингиз битади, ҳам билимингиз ортади.

Кутубхона фондидан масофадан туриб ҳам фойдаланиш мумкин. Китобхон ёшлар “kitob.uz” платформаси орқали 3 минг 203 та электрон китобни мутолаа қилишлари ва 1 минг 57 та аудио ҳамда 5 номдаги қардош тилларда яратилган аудио эртак китобларни бепул тинглашлари мумкин. Зиё масканида электрон кутубхонани ривожлантириш, видео ва аудио ресурслар фондини бойитиш, фойдали веб-контентлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Алоҳида аудио китобларни тинглаш хонаси ҳам бор. Эндиликда болалар мабодо китобни кутубхонада ўқиб тугатолмай қолишса, ҳеч қандай муаммо йўқ, бемалол ота-онасининг телефонига QR-кодларни сканерлаб, китобни юклаб олиши ҳамда яна келган жойидан мутолаа қилиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари кутубхон очилишига ташрифи чоғида кутубхонани мактаблар билан боғлаб, 180 минг китоб фондидан уларни баҳраманд қилиш, бу ерга кўпроқ ёшларни жалб этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Бу кўп кечиктирилмади, зиё маскани ўз автобусига эга бўлди. Ўтган йилнинг 1 октябридан бошлаб “Мен Республика болалар кутубхонасига кетяпман”, ёзувли автобус Тошкент кўчалари бўйлаб ҳаракатланишни бошлади. Натижада Тошкент шаҳри ва республиканинг бошқа шаҳар ва вилоятларидан кўплаб болалар кутубхона хазинасидан баҳраманд бўлмоқда.
— Кутубхона уйимизга унчалик узоқ эмас, гоҳида онам, гоҳида отам, гоҳида эса опаларим билан бу ерга келамиз, — дейди ёш китобхон Сабина Янгибоева. — Мен бошқа болаларга ўхшаб зерикканимдан китоб ўқимайман. Эртаклар, шеърлар, айниқса, суратли китобларни мутолаа қилишни яхши кўраман. Баъзида ота-онам ишдан келишини орзиқиб кутиб тураман, келишлари билан кутубхонага борайлик, деб ҳоли-жонига қўймайман.

Уйимизда ҳам китоблар кўп, лекин кутубхонада китоб ўқиш барибир бошқача. Чунки бу ердаги муҳит ўқиётган асаримни тўла ҳис қилишимга ёрдам беради.

Республика болалар кутубхонаси деярли ҳар кун навқирон авлод вакиллари билан тўла, чунки бу ерда тез-тез ёзувчи-шоирлар, санъаткорлар, кутубхоначилар иштирокида бадиий кечалар, анжуманлар, кўнгилочар дастурлар, маҳорат дарслари ташкил этилади.

Кунора кутубхонага турли мактаблардан устозлар ўқувчилари билан бирга экскурсияга келишади ва мазмунли ҳордиқ чиқаришади. Кутубхона ходимлари болалар кулгусининг жаранги, ҳатто шовқини ҳам бу ерга ўзгача файз бағишлашини алоҳида таъкидлашди.

Китобхон авлод, албатта, эзгуликка, бунёдкорликка хизмат қилади, ҳамиша яхшилик томонда бўлади. Бутун дунёда болалар ҳаётига очлик, нотинчлик, турли хунрезликлар таҳдид солаётган бир пайтда юртимизда эртамиз эгалари камолоти, маънавий етуклиги йўлида катта маблағ, вақт ва куч сарфланиб, улуғвор ишлар қилинаётгани истиқболимиз, тараққиётимиз айнан ёшлар тақдири билан боғлиқ кўрилаётганининг яққол ифодасидир. Бундай ғамхўрлик ва ишонч ҳар бир ёшни қувонтириши билан бирга янги марралар сари дадил интилишга ундайверади.


Раҳматжон БОБОЖОНОВ
(“Халқ сўзи”).

Фото: Сирожиддин Воҳидов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?