Художон, онамга ўхшар ҳар она, Меҳр устунлари улар дунёнинг
“Халқ сўзи” газетаси ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таҳририят расмий веб-сайти Маданият рукни остида “Ёш ижодкорлар гурунгги” ни ташкил этди. Унда ёш шоир, носир ва таржимонларнинг ижодий ишлари эълон қилиб борилади. Марҳамат, ўқинг, баҳра олинг.
Суҳроб ЗИЁ — 1996 йил 25 октябрда Қашақадарё вилояти Қарши туманида дунёга келган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетини тамомлаган. Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетидаги Олий адабиёт курси тингловчиси. Шу билан бирга “Маърифат” газетасида бўлим муҳаррири вазифасида фаолият юритиб келмоқда.
***
Паришоним, ой кечаси хаёлларинг,
Яна маҳзун баҳорларни соғиндими?
Кафтларингни дуо каби исинтирган
Иссиқ бахтлар юрагингга сиғиндими?
Паришоним, тилим ботмон сукут бўлди,
Додладим-ов, ичимга дод чўкиб кетди.
Ичинг тўла андуҳлигин сезиб туриб,
Мен исмингдан бахт сўзини ўқиб кетдим.
Паришоним, энди оҳ ҳам ингичкадир
Сенга элтмас туйғуларга овунмадим.
Паришоним, шунча ростим кор қилмади,
Бир алдайин, биир алдайин: соғинмадим...
Паришоним, кўзларингда маъюс ҳадик ,
Кўзёшларинг кипригингга шивирлайди.
Қалқиб-қалқиб турса ашкинг кемалари,
Дунёларим меҳваридан қимирлайди.
Паришоним, сўз айтмасга иложим йўқ.
Сўз айтарга ҳаддим сиғмас, қаҳргулим.
Сен - тиғида ўз жонини тилиб юрган,
Кўнгилбоғнинг энг арзанда атиргули.
Дард аримай, ғам қаримай қолармиди?
Ўксимагин, дардсиз диллар хасис бўлар.
Паришоним, бахтни тўкма кўзларингдан,
Оллоҳ бизни дардимиз-ла азиз билар.
Паришоним, энди оҳ ҳам ингичкадир...
Дунёдаги барча оналарга бағишланади
Оҳи фалак ҳам у, жонҳалак ҳам у,
Соясидан офтоб унган сабргул.
Худо айлантирган чархпалак ҳам у,
Ҳавво нафасидан унган атиргул.
Сужудин талашиб ўтар субҳу тун,
Вужуди олмайди дардлар пандини.
Тангрининг синовин енгиб жигархун,
Жилмайиб қучади жигарбандини.
Ойнинг ярми қаро, лекин дил ёруғ
У ҳам сабрим каби тўлин бўлсин дер,
Ўғлим дунёларни олсин дер ҳали,
Қизим кўзмунчоқдай келин бўлсин дер.
Эй, кўзи кир босган дунёфурушлар,
Эй, изи гуноҳдан ортмаган мардум.
Нечук нафсингизда бадбин хуружлар,
Шукрона қилмайсиз нечук тонг учун?
Нечук бул ҳавони симирмоқдасиз?
Виждоннинг кўзига кўринмайсизми?
Шундай гўзал зотлар юрган дунёни
Покиза тутмоққа уринмайсизми?
Ҳар дами бир нурли муножот бўлган,
Ҳар oни шукрона бўлганлар ҳаққи.
Жони азобларда юрган чоғда ҳам,
Жон боласин эслаб турганлар ҳаққи
Художон, онамга ўхшар ҳар она,
Меҳр устунлари улар дунёнинг.
Художон, асрагин мушфиқларимни,
Художон, жонига сиҳат бер, омин!
***
Мажнуна опага
Бўм-бўш шаҳар...
Ташвишларни ортган таналар,
Бу тош йўллар зериктирар ҳатто баҳорни.
Бор оғриқлар юрагимга келиб қамалар,
Сиз сўрайсиз: юрагингиз ҳалиям борми?
Мен скрипка чалаётган содда боладай
Бу дунёнинг рафторини билмаган ҳолда
Тош дунёга юрагимни очдим даладай,
Уни пайҳон қилиб ўтди дайди шамоллар.
Заҳарландим: ўпкам икки бўлинган осмон,
Титилмоқда ҳисларимнинг озон туйнуги.
Кейин мен ҳам заҳар соча кетдим ҳар томон,
Кўнглин пора-пора қилдим мен ҳам кимнидир.
Ойдан айру тунлар мени ўйга толдирар,
Нурдан бино бўлмиш тонгнинг бахтиёрлиги.
Қақшаб кетган қовурғамни ҳайрон қолдирар
Кўксим ичра юрагимнинг ҳали борлиги.
***
Фурсатлар хазондай соврилган чоғи,
Юрак бир илинжга келганида тор.
Ботинга қуласа гуноҳлар тоғи,
Пушаймон бўлмоққа имконимиз бор.
Маъюс нигоҳлардан сизиб чиқар ой,
Қорайиб тўкилар қароғлардан тонг.
Ҳувиллаб ётибди минг-минглаб сарой,
Пойгакда жой етмас вайроналар бор.
Бир булбул қон қусиб берганида жон,
Бир гул ифорини қилганда савдо.
Ишонинг, чин ишқ бор дунёда ҳамон,
У дунё қадами етмаган дунё.
Уммонлар урвоқдир, қоялар зарра,
Ҳар қўшиқ руҳ учун аталган дордир.
Фақат бир нигоҳнинг доирасида
Бахтиёр бўлмоқнинг азоби бордир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг