Хитойдан Ўзбекистонга 2,5 млн дона қалбаки акциз марка олиб кираётган жиноий гуруҳ фош қилинди

Фото: Божхона қўмитаси
Ўзбекистон Республикаси акциз маркасининг Хитойда тайёрланган 2,5 млн дона қалбаки нусхалари муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси томонидан Андижон, Самарқанд, Фарғона вилояти божхона бошқармалари ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари билан ҳамкорликда трансчегаравий жиноий гуруҳни фош қилиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилган.
Қирғизистон божхона хизматидан олинган тезкор маълумотга кўра, «Хитой-Қирғизистон» йўналишида Бишкек шаҳрига олиб келинган халқаро курьерлик жўнатмасида Ўзбекистон Республикаси акциз маркаларининг 2,5 млн дона қалбаки нусхалари борлиги аниқланган. Маълум бўлишича, Хитойда тайёрланган ушбу сохта маркалар дастлаб Қирғизистонга, сўнгра Ўзбекистонга олиб кирилиши режалаштирилган.
Ўтказилган тезкор тадбирнинг дастлабки босқичида Бишкек шаҳрида акциз маркаларни Ўзбекистонга олиб кетиш мақсадида қабул қилиб олган қўшни мамлакат ва Ўзбекистон фуқаролари божхона ходимлари томонидан қўлга олинган. Шундан сўнг, тезкор тадбир Андижон вилоятининг Бўстон туманида давом эттирилиб, қалбаки акциз маркаларни қабул қилиб олаётган маҳаллий фуқаро ҳам ушланган. Ушбу шахс қалбаки акциз маркаларни Самарқанд вилоятида яшовчи фуқарога етказиб бериши керак бўлган.

Тезкор тадбирнинг якуний босқичи Самарқанд вилоятида ўтказилиб, ниҳоят қалбаки акциз маркаларни қабул қилиб олувчи асосий шахс ҳам фош этилган. Ушбу фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида ердан ҳам 710 минг дона қалбаки акциз маркалар борлиги маълум бўлган.

«Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 3 млн 210 минг дона Ўзбекистонда алкоголь маҳсулотларини қадоқлаш учун фойдаланиладиган қалбаки акциз маркалар айланмасига чек қўйилди. Бунинг натижасида эса давлат бюджетига 34,2 млрд. сўм зарар етказилишининг олди олинди. Шу билан бирга, минглаб юртдошларимизнинг саломатлиги асраб қолинди», дейилади қўмита хабарида.
Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг