Хавфсиз озиқ-овқат — хавфсиз ҳаёт ва саломатлик кафолати

14:06 22 Май 2025 Жамият
135 0

Фото: "Халқ сўзи"

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 9-умумтаълим мактабида Бутунжаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги куни муносабати билан “Озиқ-овқат хавфсизлиги: илм-фаннинг амалиётда қўлланилиши” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

У БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, “Zamin” халқаро жамоат фонди, “Eco-Schools Uzbekistan” дастури ҳамда “Ёш фермер” лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбирда озиқ-овқат саноати мутахассислари, илмий экспертлар, академик мутахассислар, профессор-ўқитувчилар ва мактаб ўқувчилари иштирок этиб, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигининг инсон саломатлиги, таълим сифати ҳамда иқтисодий ривожланишдаги муҳим ўрни муҳокама қилинди.

Таъкидландики, озиқ-овқат маҳсулотлари зарарли бактериялар, кимёвий моддалар, замбуруғлар ёки паразитлар билан ифлосланиши оқибатида 200 дан ортиқ турдаги касалликлар юзага келиши мумкин, аммо уларнинг кўпчилиги илмий билимлар ва самарали хавфсизлик чоралари орқали олдини олиш мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб тахминан 600 миллион киши яроқсиз озиқ-овқат истеъмоли сабабли турли касалликларга чалинади. Уларнинг 420 минг нафари вафот этади, шулардан 125 минг нафари — 5 ёшгача бўлган болалардир. Бу рақамлар бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат хавфсизлиги тизимларини мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатади.

Тадбир давомида озиқ-овқат таъминоти занжирининг барча иштирокчилари — ишлаб чиқарувчилар, қайта ишловчилар, ташувчилар, савдо вакиллари ва истеъмолчилар — хавфсизлик стандартларига қатъий риоя этишлари зарурлигини таъкидланди.

Форум доирасида мактабнинг замонавий иссиқхона объектида ўқувчилар ва ўқитувчилар учун барқарор қишлоқ хўжалиги амалиёти ва озиқ-овқат хавфсизлиги протоколлари бўйича махсус маҳорат дарси ўтказилди.

Ўқувчиларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича тушунчаларини ошириш учун интерактив сессиялар, экспертлар томонидан маърузалар ва кўргазмали тақдимотлар ташкил этилди. Бундан ташқари, Тошкентдаги 22 та мактаб ўқувчилари ўртасида Бутунжаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги кунига бағишланган расм мусобақаси ўтказилди. Ғолиблар тадбир давомида эътироф этилди ва уларга совринлар ва дипломлар топширилди.

Ҳар йили 7 июнь санаси БМТнинг ФАО ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташаббуси билан Бутунжаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги куни сифатида нишонланади. Бу сана озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича жамоатчилик эътиборини кучайтириш ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни тарғиб қилиш учун глобал платформа вазифасини ўтайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?