Ҳарбий техникаларнинг қишки мавсумда фойдаланишга тайёргарлиги текширилди

14:51 15 Ноябрь 2023 Жамият
318 0

Шимоли-ғарбий ҳарбий округда қўшинлардаги энг масъулиятли тадбирлардан бири бўлмиш қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни қишки мавсумда фойдаланиш режимига ўтказиш ишлари қай тарзда олиб борилгани текширилди.

Нукус ва Урганч гарнизонларидаги ҳарбий қисмларда қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни мавсумий фойдаланиш режимига ўтказиш ишлари якунлангани муносабати билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ бошқарув аппаратидан тузилган ишчи гуруҳ ҳар бир техникада иш регламентида кўрсатилган тадбирларнинг сифатли ва самарали бажарилганини кўриб чиқди.

Таъкидлаш жоизки, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларнинг жанговар шайлигини таъминлаш, уларни соз ҳолатда сақлашда кўрсатилаётган техник хизматларнинг аҳамияти катта. Ҳар бир командир, ҳар бир ҳарбий хизматчи биринчи ўринда ўзига бириктирилган қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг соз ва шайлиги учун масъул ҳисобланади. Шу боис, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни мавсумий фойдаланиш режимларига ўтказиш тадбирларига ўта масъулият билан қаралади. Мазкур комплекс тадбирлар ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни юқори жанговар шайлик даражасида ушлаб туриш ҳамда об-ҳавонинг совуқ шароитида фойдаланишга ҳозирлаш учун ташкил этилади.

Тадбирларни бажаришда технологик хариталарга кўра ҳарбий қисмлардаги техникаларда совитиш суюқликлари алмаштирилади, ҳар бир жанговар машина агрегат ва тугунлари текширилади, фильтрларни тозалаш ва алмаштириш ишлари ўтказилади, ёқилғи-мойлаш ашёлари янгисига ўзгартирилади, электр ва алоқа жиҳозларининг созлиги назоратдан ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларида қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни мавсумий фойдаланиш режимларига ўтказиш йилига икки маротаба – баҳор ва кузда ташкил этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?