Ҳар мавсумда шу бўлар такрор...

Яқинда «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган «Оёқ остидаги неъмат» мақоласини ўқиб, бир тарафдан суюнган бўлсам, бошқа томондан эски дардим янгиланиб, куйиндим. Шу боис, аввало, газета жамоаси ҳамда муаллифга ушбу мавзуни кўтариб, жамоатчилик эътиборини исрофгарчиликка йўл қўймаслик, уволнинг олдини олиш масаласига қаратгани учун раҳмат айтаман.
Куйинганимнинг боиси шуки, мақолада айтилганидек йўл, йўлак четларида экилган тут борки, ҳосили оёқости бўлади. Ва ҳар йили пишиқчилик мавсумида шу ҳолат такрорланаверади. Узоққа бормайлик, пойтахтимиз кўчалари бўйларида экилган мевали дарахтлар ҳосилга кирган паллани кўз олдингизга келтиринг: ширин-шакар мевалар ер билан битта бўлган, оёқости қилинган... Негадир бунга ўтган ҳам, қайтган ҳам эътибор бермайди.
Ҳозир Тошкент шаҳрининг қоқ марказидаги кўчаларидан бирида сайр қилиб, худди шундай манзарага дуч келдим. Ўрик дарахти ҳосили кўплигидан шохлари эгилиб қолган. Пишиб етилган мевалари остига дув-дув тўкиляпти. Бозор расталарида, супермаркетларда фалон пулга сотилаётган ўрикдан асло кам жойи йўқ. Лекин бу бебаҳо неъмат шу ердан ўтаётган йўловчилар оёқларию машиналар остида топталаётгани ачинарлидир.
Куни кеча водийдан келган қадрдон дўстим ҳам шу ҳақда гапириб қолди. Унинг куйинганича бор, албатта.
Ўйлаб қоламан, одамларга нима бўляпти ўзи? Нега бунчалик бепарвомиз? Ё бу тўқликка шўхликмикан? Эҳтимол, йўл бўйидаги мевани териб олишга ҳозирги ёшларнинг ғурури йўл бермас. Аммо ёши катта нуронийлар, маҳалла фаолларичи? Нега улар жим? Нима учун сукут сақлашади? Ҳеч бўлмаса, ёш авлодга уволнинг зарарини уқтиришмайдими?
Ваҳоланки, Японияда ўрик қоқиси, жайдари айтсак, туршак дорихоналарда доривор неъмат сифатида сотилар экан... Чинданда, ўрик саломатлик қалқони, мевалар султони! Тиббиёт илмининг асосчиси Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарида келтирилишича, ўрик меваси кишига дармон бағишлайди, камқонликка даво. Буюк бобокалонимиз юрак-қон томир ва ошқозон-ичак касалликларини даволашда ўрикдан фойдаланган. Хафақонда ўрик мағзидан дамланган чойни, нафас йўллари яллиғланиши, кўкйўтал касаллигини тузатишда мағзини тавсия қилган.
Афсуски, ана шундай бебаҳо неъмат шаҳар, ҳатто қишлоқ кўчаларида ҳам ерга тўкилиб, ахлатга айланмоқда. Бунинг учун ҳеч ким масъулиятни бўйнига олишни истамаётгани кишини ўйга толдиради.
Ўйлаймизки, кенг жамоатчилик назорати билан меваларнинг оёқости қилинишига барҳам берилади.
Бозорбой ДАУЛАНОВ,
меҳнат фахрийси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг