Гулхайри экиб, катта бизнес қилаётган қамашиликлар

18:24 08 Май 2025 Жамият
181 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қамаши туманида фаолият юритаётган «ББУ — Азамат» хусусий корхонаси бундан 6-7 йил аввал тасарруфидаги кичик майдонларда доривор ўсимликларни етиштириб, уни Европа давлатларига экспорт қилиш фаолиятини бошлаган эди.

Табиий шароитда, иссиқ қуёш тафтида етиштирилган доривор гиёҳнинг сифати хорижлик ишлаб чиқарувчиларга ҳам маъқул тушди. Буюртмалар ҳажми орта бошлади. Бу эса тадбиркорни фаолиятини янада кенгайтириб, маҳсулот етиштириш ҳажмини оширишга ундади. Бу борада энг мақбул йўл ҳудуддаги томорқачиларни ҳамкорликка чорлаш эди. Корхона раҳбари Азамат Чориев шундай қилди. Аввалига маҳалладаги, кейинроқ туман ва вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги юзлаб хонадонларни бу ишга жалб этди.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда қишлоқ ва маҳаллаларда истиқомат қиладиган аксарият оилалар томорқа ер майдонига эга. Аммо ҳамма ҳам ундан самарали фойдаланишни уддалай олмайди. Бунга кўп ҳолларда уларнинг маълум бир маҳсулотни етиштириш борасида етарли тажрибага эга эмаслиги, қолаверса, етиштирилган маҳсулотни кимга ва қай тартибда реализация қилишда аниқ режаси йўқлиги сабаб бўлиши сир эмас.

Шу маънода айтганда, «ББУ — Азамат» хусусий корхонасининг ҳамкор томорқачиларга доривор гулларнинг уруғини етказиб бериб, уларни парваришлаш бўйича доимий тарзда йўл-йўриқ кўрсатиб бориши, олинган ҳосилни шартнома асосида тўлиқ ўзи харид қилиб, маҳсулотни экспортга йўналтириши томорқачилар учун ҳам айни муддао бўлди. Натижада корхона билан ҳамкорликда маҳсулот етиштириш истагидаги хонадонлар сони ортиб бормоқда.

— Айни пайтда вилоятимиздаги 1200 дан зиёд хонадон биз билан ҳамкорликда ўз томорқасида доривор гулхайри ўсимлигини етиштирмоқда, — дейди корхона раҳбари ўринбосари Дўстмурод Чориев. — 2026 йил мавсумидан бўтакўз гулини ҳам аҳоли томорқасига кенг миқёсда етиштириш режалаштирилган. Айни вақтда махсус плантацияларда яна йигирмага яқин турдаги доривор гуллар етиштирилмоқда. Қамаши ва Шаҳрисабз туманининг тоғ ҳудудларида тажриба сифатида янги навлар парваришига ҳам киришилган.

Аҳамиятли жиҳати, тадбиркорнинг биргина муваффақиятли лойиҳаси ортидан бугун ҳудуддаги 30 нафар кишининг доимий ҳамда юздан ортиқ кишининг мавсумий ишлар билан бандлиги таъминланган. Минглаб хонадонлар ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, яхши даромад топмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?