Ғознинг гўшти тотли, даромади ҳам
Нурафшон шаҳрида «Сой бўйи» кўчаси ҳудудидан оқиб ўтувчи сувдан самарали фойдаланиб, паррандачиликни ривожлантириш йўлга қўйилди. Бу маҳалла аҳолиси учун ўзига хос янги йўналишни очди. Ҳозирда бу ҳудудда паррандачиликнинг ўзига хос кластер тизими шаклланмоқда.
2022 йилда Тошкент вилоят ҳокимлиги томонидан 50 бош ўрдакка мўлжалланган кичик ферма ташкил этилган бўлса, 2025 йилгача аста-секин ўрдаклар сони табиий равишда кўпайтириб борилди. Йил бўйи тўлиб оқиб турувчи зовурнинг маълум қисми темир тўр билан ўралиб, бир четда ўрдаклар учун бошпана ҳам барпо этилди. Салкам тўрт йиллик кузатувдан сўнг томорқа эгалари шу имкониятдан фойдаланиб, паррандачиликнинг ноёб турлари билан шуғулланмоқда. Ҳозирда зовурнинг 780 метр узунликдаги қисми европанжара билан ўралиб, 13 та бўлимга бўлинган. Бу ерда жами 1290 бош ўрдак, 200 бош ғоз парваришланмоқда. Яқин орада сувда парранда боқишга мўлжалланган ҳудудни 1200 метрга етказиш ва паррандалар сонини шунга яраша ошириш мўлжалланган.
Шу соҳада тажрибали “JASMINA OʻRDAKCHILИК PARRANDA CLUSTER” масъулияти чекланган жамияти асосий таъминотчи сифатида танлаб олинди. Вилоят «Микрокредитбанк» кредитга талабгорларга хизмат кўрсатиш учун бириктирилди. Таъминотчи томонидан зовур атрофи мустаҳкам, замонавий меъморчилик дизайни жиҳатидан чиройли металл панжара билан ўраб чиқилди. Ҳар бир хонадонга тегишли чегара бўйича паррандалар ўтиб кетмаслиги учун ўртага темир тўсиқ ўрнатилди. Турли наслдаги ўрдак ва ғозлар ҳам таъминотчи томонидан аҳолига етказиб берилмоқда.

– Ҳудудда мазкур таъминотчи корхона томонидан иккита кўчма контейнер ўрнатилиб, паррандабоқарларни бозор нархидан арзонроқ ем маҳсулотлари билан таъминлаш режалаштирилган, – дейди «Деҳқонобод» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Акбар Абдураҳимов. – Энг муҳими, таъминотчи шу ернинг ўзида аҳолидан етилган ғоз ва ўрдакларни бозор нархида сотиб олади.
Ҳозирги кунда 15 та хонадон ушбу лойиҳа бўйича паррандачилик билан шуғулланишни бошлаган. 3 та оилага жами 60 миллион сўм кредит билан кўмак кўрсатилди.
Эътиборлиси, гўшти ноёб, парҳезбоп ҳисобланган ўрдак ва ғозларни боқишга нафақат хонадон соҳиблари, балки тадбиркорлар ҳам қизиқмоқда. Ўртачирчиқлик Баҳриддин Каримов томонидан ушбу манзилда 200 бош ғоз боқилаётган бўлса, Нурафшон шаҳри ҳокимлиги вакиллари томонидан 50 бош ўрдак парваришланмоқда.
Ушбу кўчадаги Раҳматилла Насриддинов узоқ йиллардан бери паррандачилик билан астойдил шуғулланиши нафақат Нурафшонда, балки узоқ ҳудудларда ҳам маълум. Зотан, у оддий паррандаларни эмас, асл зотли, ноёб паррандаларни кўпайтириш борасида кўп йиллик тажрибага эга.
– Паррандачилик билан 10 ёшимдан шуғулланаман, – дейди тадбиркор Раҳматилла Насриддинов. – Банкнинг 10 миллион сўм кредити эвазига таъминотчидан олган ғозларим 2 ёшли, 5-6 кило тош босади, яқинда тухумга киради. Харидорлар ғоз тухумининг ҳар донасини 20 минг сўмдан сотиб олмоқчи. Лекин тухумни сотишни эмас, ғозни кўпайтирмоқчиман. Ғоз бир йилда 30-40 донанинг нари берисида тухум беради, жўжаси қиммат туради. Шунинг учун уни кўпайтириш фойдалироқ. Энг муҳими, бу наслдор ғозлар яшовчан, 15-17 йилгача умр кўради, нарлари 10-12 килогача тош босади. Бунинг ширин гўштини қўяверинг, ёғи табобатда қанчалик қадрланишини билмайдиган киши бўлмаса керак.
Раҳматилланинг уйидан парранда, қорамол туёғи узилмайди. Ахир, улар етти хазинанинг иккитаси-да. Айни кунда ҳам 70 бош атрофида зотдор товуқ, 12 бош курка, шундан Америка «Қизил бурбони» наслли битта хўроз бор. Куркалардан табиий инкубатор сифатида фойдаланади, бир мавсумда уч мартагача жўжа очиради. Куркадан Америка «Қизил бурбони»нинг уч кунлик жўжаси 70 минг сўмдан, бир мавсумда 100 тагача курка жўжаси сотилади. Наслдор хўрозларнинг жўжасини ҳам ўз ишқибозлари бор. Бир йилда 50 та жўжа очтириб, ўртача 3 миллион сўмдан уйидан харидорларнинг ўзлари олиб кетишади. Айни кунда Раҳматилла таъминотчи томонидан берилган 11 бош «Холмагор» навли ғозларни парваришламоқда.

Ғоз гўшти бизнинг шароитимизда тансиқлиги учун ҳам қадрланади. Тўғриси, ғоз, ўрдакларни боқиш учун доимий оқар сув, яйловлар бўлиши шарт. Шу сабабли бу паррандалар хонадонларда кам парваришланади. Бозорларда ҳам нисбатан қимматроқ сотилади. Бир ўйлаб кўринг-чи, охирги марта қачон дастурхонингизга ғоз гўшти тортилган?
– Таъминотчи шундоқ кўчамизда дон маҳсулотларини сотиш учун контейнер ўрнатди, – дейди у. – Тезроқ ишга тушса, яхши бўларди. Чунки, ғозларни яйловда боқиш имконияти йўқ, асосан, ем маҳсулотлари билан боқяпмиз. Бу эса маҳсулот таннархига таъсир қилади. Кечки пайт кўчамиздан ўтинг, юзлаб паррандаларнинг оққушлардек сувда сузишини кўрасиз. Тўғриси, бу одамнинг чарчоғини аритади, ўзини худди ёввойи табиат қўйнидагидек ҳис этади. Кун бўйи тинмасдан томорқамда куймаланиб юрсам-да, чарчамаслигимнинг боиси ҳам балки шундадир.
Ушбу лойиҳанинг яна бир эътиборли жиҳати – ғоз, ўрдаклар боқилаётган ҳудуд шундоққина 13-умумий ўрта таълим мактаби билан туташ. Ҳар куни ўқишга қатновчи ўқувчилар бу омилкорликни кузатиб боради. Бу эса ёш авлод қалбида жониворларга меҳрли бўлиш туйғулари ва томорқадан унумли фойдаланиш кўникмасини шакллантиришда ибрат вазифасини ўтайди. Ахир, бир вақтлар мактабларда жонли бурчаклар бўлган-ку. Ажабмас, ушбу мактаб ўқувчилари орасидан ҳам келгусида эл фаровонлигига ҳисса қўшадиган моҳир тадбиркор, деҳқонлар етишиб чиқса. Чиндан ҳам ердан ва сувдан оқилона фойдаланилган, «Инсон қадри учун!» тамойили устувор бўлган жойда қут-барака, эл дастурхонида эса тўкинлик бўлаверади.
Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг