Футбол. Ўзбекистон кучлироқми ёки Туркманистон?

11:40 02 Сентябр 2025 Спорт
819 0

Фото: ЎФА

Бугун, 2 сентябрь куни Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси томонидан ўтказилаётган «CAFA National Cup» мусобақасининг «А» гуруҳида иккинчи тур ўйинлари бўлиб ўтади. Кун доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Туркманистон термаси билан куч синашади. Ушбу ўйин олдидан иккала жамоани ўзаро таққослаб кўрамиз:

Умумий кўрсаткичлар

Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни пайтда FIFA рейтингда 1449,12 балл жамғарган ҳолда 55-ўринни эгаллаб турибди. Бу айни пайтда Тимур Кападзе бошчилигидаги жамоа Осиёда 6-ўринда эканлигини билдиради.

Туркманистон терма жамоаси эса айни пайтда FIFA рейтингида 1092 балл тўплаган ҳолда 140-ўринни эгаллаб турибди. Бу ўз навбатида туркманлар Осиё миқёсида 26-ўринда эканини кўрсатади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси «CAFA National Cup» турнирида шу вақтга қадар 5 та ўйин ўтказган. Жамоа улардан 3 тасини ғалаба билан якунлаган, 1 та баҳсда эса мағлубиятга учраган. 5-ўйинида эса Ўмон Султонлиги терма жамоаси билан дурранг натижа қайд этди.

Туркманистон терма жамоаси бўлса ушбу мусобақа доирасида жами 4 та ўйин ўтказган. 2 та ўйинда дуранг ўйнаган ва яна 2 та ўйинда мағлубиятга учраган. Таъкидлаш керакки, туркманлар ушбу мусобақадаги дастлабки мағлубиятини айнан Ўзбекистон миллий терма жамоасидан қабул қилиб олишган.

Бош мураббийлар

Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе ҳақида кўпчилик билса керак. Лекин айни пайтда кўпроқ унинг атрофидаги гап-сўзлар кишини кўпроқ ўйлантирмоқда. Кападзе Ўмонга қарши ўйиндан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида интернетда тарқалаётган гап-сўзлар жамоа кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётганини айтиб ўтди. Шундай бўлиши ҳам керак, аслида.

Очиғи, агар терма жамоага хориждан мураббий олиб келиш фикри олдиндан бўлган бўлса, нега Жаҳон чемпионати саралашидан кейин Кападзе билан хайрлашилмагани ғалати бўлди. Мураббий ҳам Жаҳон чемпионатига боргиси келган чоғи, ўз чиқишларида ЎФА томонидан қилинаётган ишлар уни хафа қилиб қўйганини яширмаяпти.

Туркманистон терма жамоасини эса айни пайтда маҳаллий мутахассис Ровшан Мередов бошқармоқда. Ушбу мураббий 1982 йилнинг 24 август куни Туркманистон Республикасининг Ашхобод шаҳрида туғилган.

Мередов футболчилик фаолиятини 2017 йилда якунлаган. 2018 йилдан Туркманистоннинг энг кучли клубларидан бири «Аҳал» жамоаси мураббийлигига келган ва жамоани 2020 йилгача бошқарган. 2022–2025 йилларда Қирғизистон Республикасининг «Каганат» жамоасига мураббийлик қилган.

2025 йилнинг 26 май куни Мередов Туркманистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигига тайинланган. Унинг мураббийлиги остида Туркманистон терма жамоаси 2 та ўйин ўтказди. Осиё чемпионати саралашида Таиланд термасини мағлуб этган бўлса, «CAFA National Cup» турнирида Қирғиз Республикаси билан дурранг ўйнади.

Ровшан УЕФАнинг Pro лицензиясига эга мутахассис ҳисобланади. Мураббий сифатида Мередов кўпроқ 3–4–3 тактик схемага таянади. Ушбу тизим унга ҳужумкор футболни ривожлантириш ва қанотлар орқали тезкор ўйин ташкил этишга ёрдам беради.

Мураббий ўзининг қатъий интизоми, рақибни чуқур таҳлил қилиш қобилияти ва ўйинчиларга руҳий кўмак бера олиш хусусиятлари билан танилган. Умуман олганда, Ровшан Мередов бугунги кунда Туркманистон футболининг истиқболли мураббийларидан бири ҳисобланади.

Футболчилар

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўзагини ташкил этадиган футболчилар — легионерлар ҳисобланади. Терма жамоа етакчилари Англия, Туркия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони каби мамлакатларда тўп сурмоқда.

Фото: ЎФА

Туркманистон терма жамоасининг ўзагини «Аркадаг» жамоасининг футболчилари ташкил этади. Ушбу жамоадан «CAFA National Cup» мусобақасига 18 нафар футболчи жалб этилган. Шунингдек, таркибда «Аҳал», «Олтин аср», «Шагадам» каби маҳаллий жамоалардан футболчилар бор.

Фото: ЎФА

Бундан ташқари, туркманистонлик футболчилар легионер сифатида Қирғизистон, Беларусь каби мамлакатларда тўп сурмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг қиммат футболчиси Абдуқодир Ҳусанов Англия Премьер-лигасида 3-туридан ўрин олган «Брайтон» – «Манчестер Сити» ўйинида жароҳат олди ва ушбу мусобақада терма жамоамизга ёрдам бера олмаслиги аниқ бўлиб улгурди.

Ўзбекистон терма жамоасининг айни вақтдаги энг қиммат футболчиси энди Аббосбек Файзуллаев ҳисобланади. «Transfermarkt» портали уни 8 миллион еврога баҳоламоқда.

Туркманистон терма жамоасининг энг қиммат футболчиси эса «Transfermarkt» порталига кўра Теймур Чариев. Унинг нархи 250 минг еврога тенг.

Солиштириш учун, Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб этилган футболчилар ичида энг паст қийматга баҳоланган футболчи Дилшод Комилов ҳисобланади. «Transfermarkt» портали уни 350 минг еврога баҳолаган.

Ўзаро ўйинлар статистикаси

Ўзбекистон ва Туркманистон терма жамоалари шу вақтга қадар турли мусобақалар ва ўртоқлик ўйинларида жами 13 марта тўқнаш келишган. Ушбу ўйинларнинг 11 тасида Ўзбекистон терма жамоаси ғалаба қозонган. Шунингдек, ўтган 2 та ўйиндан 1 тасида дуранг натижа қайд этилган, яна бири Туркманистон терма жамоасининг ғалабаси билан якунланган.

Фото: ЎФА

Таъкидлаш керакки, Туркманистон терма жамоаси Ўзбекистон энг кўп мағлуб этган терма жамоалар қаторида Қирғиз Республикасидан сўнг, иккинчи ўринда туради.

Жамоалар сўнгги бор 2024 йилнинг 6 июнида Жаҳон чемпионати саралашининг 2-босқичи доирасида Тошкентда тўқнаш келган. Ушбу ўйин Сречко Катанец мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди.

Фото: ЎФА

Ушбу ўйиндаги имкониятлар

Таркиб жиҳатдан қаралса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу ўйинда фаворитдек. Лекин айни пайтда терма жамоанинг кайфияти яхши эмас. Жамоани кейинги ойдан ким бошқариши номаълум бўлиб турибди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам бу борада бирорта пичоққа илинадиган ахборот бермаётгани вазиятни янада чигаллаштирмоқда.

Лекин айни пайтга келиб, FIFA кунлари старт олди ва энди Аббосбек Файзуллаев, Элдор Шомуродов, Ҳусниддин Алиқулов ва бошқа легионер футболчилар Ўзбекистон терма жамоаси ихтиёрига етиб келди. Бу эса Тимур Кападзе жамоасига янада устунлик беради.

Икки жамоага ҳам ғалаба зарур, майдонда нима бўлишини эса бугун билиб оламиз.

Маълумот учун, Ўзбекистон – Туркманистон ўйини бугун, 2 сентябрь куни соат 19:30 да старт олади.

Муҳаммадамин Зуҳриддинов,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?