Фермерларнинг янги имконияти

14:12 18 Ноябрь 2025 Жамият
276 0

Фарғонанинг кўплаб туманларида кейинги йилларда қишлоқ хўжалигидан янада самарали фойдаланиш, бир майдондан икки марта ҳосил олиш бўйича изланишлар олиб бориляпти. Ғалладан бўшаган ерга такрорий экин сифатида пахта экиш тажрибаси фермерларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Бу йўналишда Фарғона давлат техника университети профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Одилжон Ибрагимов ва унинг шогирдлари фаол иш олиб бормоқда.

– Уч йилдан буён олиб борилаётган тажрибалар такрорий экин сифатида экилган пахтадан ҳам яхши ҳосил олиш мумкинлигини тўлиқ исботлади, – дейди профессор О. Ибрагимоқ. – Жорий йилда Тошлоқ туманидаги “Хуршидбек зиё” фермер хўжалигининг 1 гектар майдонида пахтанинг С-8290 ва С-8296 навлари экилди. Ғалла йиғиб олинганидан кейин майдон енгил суғорилди, ер юмшатилди. Июнь ойининг ўртасида экилган чигит бир ҳафтада яхши унди. Дастлабки натижалар шуни кўрсатмоқдаки, такрорий экиндан чиққан пахтанинг сифати ҳам, толаси ҳам баҳорда экилгани билан баробар.

Профессор Ибрагимов ва унинг талабалари 2023–2024 йиллардан буён янги агротехнологияларни синовдан ўтказишмоқда. Бу йил ғўзани чилпиш — чеканка қилиш муддатлари қайта кўриб чиқилди. Янги усул иш берди: ғўзанинг бўйи 65–70 сантиметргача ўсди, кўракларнинг деярли ҳаммаси вақтида очилди.

— Такрорий экин сифатида экилган пахтадан олинадиган ҳосил ҳам, толанинг сифати ҳам деярли баҳордагидан фарқ қилмайди, – дейди университет докторанти Жавлон Тўракелдиев. – Агар бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилса, фермерлар учун катта имконият яратилади.

Албатта, бу жараён кузги буғдойни вақтида экиш билан боғлиқ. Буғдой эрта пишса, уни икки ҳафта аввал йиғиб олиш мумкин. Демак, пахтани ҳам июнь ойининг бошидаёқ экиш имкони пайдо бўлади. Ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш эса даромадни оширади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратган. Андижон дон-дуккакли экинлар илмий тадқиқот маркази олимлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ҳозир вилоятда буғдойнинг эртапишар “Аср чилигиси” ва “Ультра” навлари синовдан ўтказилмоқда. Дастлабки хулосаларга кўра, бу навларнинг ҳосили одатдагидан икки ҳафта эртароқ етилади. Бу эса пахтани эрта экиш ва ўз вақтида териб олишда қўл келади.

Сўнгги йилларда вилоятда пахтачилик ва ғаллачиликни ривожлантириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Хитой тажрибаси, хорижий илмий марказлар билан ҳамкорлик, янги навлар ва технологияларни жорий этиш фермерлар меҳнатининг самарасини оширмоқда. Бугунги кунда сув ва ер ресурслари тобора камайиб бораётганини ҳисобга олсак, бундай янгича ёндашувлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли фаровонлиги учун жуда муҳим. Фарғона давлат техника университети профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар ва талабалар иштирокидаги бундай тажриба келгусида ҳам фермерлар учун амалий кўмакчи бўлиб, ҳосилдорликни ошириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда катта аҳамият касб этади.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер