Фабио Каннаваро дебют ўйинида ғалаба қозонди

11:32 10 Октябр 2025 Спорт
166 0

Фото: ЎФА

Кеча, 9 октябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи Фабио Каннаваро жамоадаги дебют ўйинини ўтказди. Унда «оқ бўрилар» Қувайт терма жамоасини 2:0 ҳисоби билан мағлуб этдилар. Таъкидлаш керакки, бу орқали Каннаваро Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги фаолиятини ғалаба билан бошлашга эришди. Хўш, Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқарган бошқа хорижлик мураббийларнинг дебюти қандай ўтган?

Убиражара Вейга да Силва

1955 йил Бразилиянинг Порту-Алегри шаҳрида туғилган мутахассис Вейга да Силва 1997 йил «Пахтакор» клубига ёрдамчи мураббий сифатида жалб этилади. Қизиғи, орадан кўп вақт ўтмай, Вейга Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи лавозимига тайинланади. Бу воқеа 1997 йилнинг октябрь ойида юз беради.

Унинг Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги дебют ўйини 1997 йилнинг 25 октябрь санаcида Жаҳон чемпионати саралашининг «final round»и доирасида бўлиб ўтади.

Ушбу баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоасига Қозоғистон термаси рақиблик қилади. Учрашув Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланади.

Голларга «оқ бўрилар»дан Игор Шквирин (2 та), Андрей Фёдоров ва Миржалол Қосимов муаллифлик қилади.

Павел Садирин

1994 йили Россия терма жамоасини Жаҳон чемпионатига бошлаб борган ва 2001 йил саратон касалидан вафот этган Павел Садирин ҳам қисқа фурсат Ўзбекистон миллий терма жамоасида ишлаган. Аниқроғи, унинг фаолияти фақат 1 та ўйиндан иборат бўлган.

2000 йилнинг 18-май куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бангкокда Таиланд термаси билан куч синашган. Ўйин мезбонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Ушбу ўйиндан сўнг, Садирин Ўзбекистон миллий жамоасини тарк этган.

Владимир Сальков

1937 йили Украинанинг Донецк шаҳрида туғилган мутахассис Владимир Сальков Ўзбекистон миллий терма жамоасида статистика жиҳатидан жуда муваффақиятли фаолият олиб борган мураббийлардан бири ҳисобланади.

Унинг бошқарувида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 19 та ўйин ўтказиб, уларнинг 10 тасида ғалаба қозонган. Сальковнинг дебюти ҳам омадли чиққан.

У Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида 2000 йилнинг 26-июль куни «Мердека кубоги» доирасида биринчи ўйинини ўтказган. Ушбу ўйин 2:1 ҳисобига «оқ бўрилар»нинг Ҳиндистон устидан қозонган ғалабаси билан якунланган.

Голларга Ўзбекистон миллий терма жамоасидан Бахтиёр Ҳамидуллаев ва Анвар Бердиев муаллифлик қилган.

Леонид Остроушка

Аслі Украинда туғилган қозоғистонлик мутахассис Леонид Остроушкани кўпчилик «Дўстлик» клуби билан Ўзбекистон Олий лигаси чемпионлиги ва кубоги соҳиби бўлгани билан яхши эслашади.

Аммо, Леонид 2001 йили Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам қисқа фурсат ишлаган. Унинг бошқарувида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 1 та ўйинда майдонга тушган ва ўша баҳсда Хитой термаси мағлубиятга учратилган. Ўйинда киритилган ягона голга Николай Ширшов муаллифлик қилган.

Ҳанс-Юрген Геде

Германиялик мутахассис Ҳанс-Юрген Гедени кўпчилик «Шалке-04» жамоасидаги футболчилик фаолияти билан танийди. У мураббийлик фаолиятини асосий қисмида Эронда ўтказган.

Турли йилларда Геде «Персеполис», «Истиқлол Теҳрон», «Шаҳид Ғанди», «Зоб Аҳан», «Алюминум» каби жамоаларда, шунингдек, Эроннинг турли ёшларидаги терма жамоаларида ишлаган. Геде 2003 йил Ўзбекистон миллий терма жамоаси ёрдамчи мураббийи сифатида ишга таклиф қилинган. 2004 йилда эса Ҳанс-Юрген миллий терма жамоа бош мураббийи сифатида тайинланган.

Унга терма жамоани 2006 йилги Жаҳон чемпионатига олиб чиқиш вазифаси қўйилган. 2005 йилнинг 9-феврал куни Геде терма жамоа бош мураббийи сифатида биринчи ўйинини ўтказган. «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтган баҳсда Ўзбекистон терма жамоасига Саудия Арабистони рақиблик қилган. Ўйин 1:1 ҳисобидаги дуранг натижаси билан якунланган. «Оқ бўрилар»дан киритилган ягона голга Анвар Солиeв муаллифлик қилган.

Валерий Непомняшчий

Камерун терма жамоасини Жаҳон чемпионатига олиб чиққани билан дунёга танилган Валерий Непомнящий 2006 йил «Пахтакор» клуби бош мураббийи сифатида Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Осиё чемпионати саралаши олдидан Валерий Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида иш бошлайди. 2006 йилнинг 22 февраль санаcида у Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида дастлабки ўйинини ўтказган. Ушбу баҳсда «оқ бўрилар» 5:0 ҳисобига Бангладешни мағлуб этишни уддалаган.

Ўйинда киритилган голларга Александр Ҳейних (2 та), Максим Шацких (2 та) ва Сервер Жепаров муаллифлик қилган.

Боб Хоутон

«Фулҳем», «Брайтон» каби клублардаги футболчилик фаолияти билан барчага танилган Боб Хоутон Осиёдаги кўп йиллик фаолиятидан кейин 2005 йил Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланган.

Жаҳон чемпионати саралаши доирасидаги 2005 йилнинг 17 август куни Қувайт терма жамоасига қарши ўтган баҳсда Боб Ўзбекистон термасидаги дастлабки ўйинини ўтказган. Ўйин «оқ бўрилар»нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.

Ўзбекистон миллий терма жамоасидан киритилган голларга Сервер Жепаров, Максим Шацких ва Анвар Солиев муаллифлик қилган.

Эктор Купер

«Валенсия» ва «Депортиво» каби клублардаги мураббийлик фаолияти билан танилган Эктор Купер 2018 йилнинг август ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигини қабул қилиб олган.

Унинг бошқарувида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 17 та ўйин ўтказган. Унинг дебюти 2018 йилнинг 6 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган. Ушбу баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сурия термаси билан 1:1 ҳисобига дуранг ўйнаган.

Ушбу ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоасидан киритилган ягона голга Марат Бикмаeв муаллифлик қилган.

Сречко Катанец

Ўзбекистон миллий терма жамоасини Жаҳон чемпионатига чиқишига асосий сабабчилардан бири бўлган Сречко Катанецни ҳали унутганимиз йўқ.

2021 йилнинг август ойида Ўзбекистон миллий терма жамоасини қабул қилиб олган Сречко «оқ бўрилар» бошқарувида 43 та ўйин ўтказган. Ушбу ўйинларнинг 27 тасида Ўзбекистон термаси ғалаба қозонган.

Сречко Катанецнинг терма жамоадаги дебюти 2021 йилнинг 5 сентябрь санаcида бўлиб ўтган. Солна шаҳрида бўлиб ўтган ушбу ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Швеция билан куч синашган. Ўйин Европа вакилининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.

Ўзбекистон терма жамоасидан ушбу ўйинда киритилган ягона голга Элдор Шомуродов муаллифлик қилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?