Элларни бирлаштирувчи йўллар

12:26 12 Март 2026 Жамият
530 0

Иқтисодиёт қон томири ҳисобланган йўлларнинг равонлиги фаровонлигимиз рамзидир. Равон йўллар транспорт воситалари умрини узайтиради, манзилга бехавотир ва тез етиб олишга имконият яратади. Шу жиҳатдан, ҳудудларни боғловчи трассалардан тортиб, маҳаллий йўлларгача алоҳида эътибор берилмоқда. Бугун барпо этилаётган кенг ва равон, зарур инфратузилмага эга замонавий йўллар Наманган вилоятида ҳам узукка кўз қўйгандай ярашиб турибди.

— Янги ва замонавий русумдаги автомобиллар учун равон йўллар керак, — дейди вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Дилшодбек Сайфиддинов. — Вилоятимизда умумий фойдаланилаётган 3229 километр автомобиль йўллари бўлиб, уларни текис ҳолда сақлаш, жорий таъмирлаш ва атрофини кўкаламзорлаштириш доимий назоратимизда. Хусусан, кейинги йилларда йўлсозликда замонавий андозаларга ўтилди. Қурилиш ва таъмирлаш ишларига илғор технология кириб келяпти. Аҳолининг кўп эътирози ички йўллар муаммоси билан боғлиқ. Тўғри, одамларни қийнаб келган қишда лой, ёзда чанг йўллар бор. Уларга файз киритиш ишлари давом этмоқда. Масалан, ўтган йилнинг ўзида биргина “Ташаббусли бюджет” доирасида ғолиб чиққан маҳаллаларнинг 564 километр узунликдаги кўчаларига асфальт ётқизилди.

Кейинги пайтда олис маҳаллалар йўллари носозлиги билан боғлиқ муаммолар босқичма-босқич ечимини топаётгани кишини қувонтиради. Бунда айни ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг фаоллиги яхшигина ҳисса қўшаётганини ҳам таъкидлаш ўринлидир. Масалан, Тўрақўрғон туманининг марказдан 20 чақирим узоқликдаги Шовон маҳалласида 8 километрга яқин йўл кўпчиликнинг молиявий иштироки билан асфальтдан чиқарилди.

– Ҳудудимиз ўтган йили “Обод маҳалла” дастури асосида бутунлай янги қиёфага кирди, – дейди меҳнат фахрийси Муҳаммажон Йўлчибоев. – Давлат ҳисобидан ажратилган катта маблағ ҳисобига тоза ичимлик сув таъминоти барча хонадонларга етиб борди, қўшимча қувват трансформаторлари ўрнатилиши билан тармоқдаги узилишларга бутунлай барҳам берилди. Фуқаролар йиғини учун замонавий бино тикланди, кичкинтойларимизга ўйин майдони қурилди. Бундай хайрли ишлар жамоатчиликнинг қарашини ўзгартирди. Давлат шунча ишларни қилиб беряпти, биз томошабин бўлиб турсак ярашмайди-да, келинглар маҳалла ободлиги учун ўз ҳиссамизни қўшамиз, дейишди кўпни кўрган нуронийлар. Тадбиркорлар билан кенгашиб, ҳудуддаги ички йўлларни асфальтлашга келишдик. Ишбилармонлар ҳомийлигида уч миллиард сўмга яқин маблағ тўпланди. Ҳозирда кўчаларимизнинг бари асфальт билан қопланган. Уни ётқизиш жараёнида маҳалладошларимиз яна фаоллик кўрсатишди. Янгиланган йўл узоқ йиллар хизмат қилиши учун ҳар бир оила ҳовлиси рўпарасидаги асфальт ёқасини цементли аралашма билан чегаралаб чиқди. Ҳар куни тонгда кўчага чиққан чоғим равон йўлларни кўриб дилим яйрайди. Энди ёғин-сочинли кунлардан ҳам кўнглимиз тўқ, лойли кўчалар тарихда қолди.

Эътиборли жиҳати, эндиликда Шовондаги сингари ибратли иш вилоятнинг кўплаб маҳаллаларига кўчган. Жойларда “Ташаббусли бюджет”дан ажратилган маблағни кутиб ўтирмасдан ички йўлларни асфальтлаш ҳаракатини барча туманларда учратасиз.

Вилоятда йўлсозликдаги йирик лойиҳалар изчиллик билан ижросини топаётгани алоҳида эътиборга молик. Улардан бирига мувофиқ Пунгон — Наманган автомобиль йўли қайта қурилмоқда. Мамлакатимиз пойтахтини водий вилоятлари билан боғловчи Фарғона ҳалқа йўлининг бир қисми бўлган мазкур трассада айни пайтда бир кеча-кундузда ўртача 20 мингдан зиёд транспорт воситалари қатнайди. Кейинги пайтларда ҳаракат оқимининг жадал ортиши натижасида унинг ўтказиш қобилияти пасая бошлади. Албатта, бундай ҳолат тирбандликларни юзага келтириши табиий. Шундан келиб чиқиб, 75 километрлик йўлни реконструкция қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Бир муддат аввал ижросига киришилган 246,8 млн. доллар қийматидаги ушбу лойиҳа Хитойнинг “CITIC Construction” компанияси томонидан амалга оширилмоқда.

“Молиялаштириш — лойиҳалаш — қуриш” тамойилига асосланган автойўлни реконструкциялаш ишлари тўрт йилга мўлжалланган бўлиб, айни пайтда қатнов тартибини икки тасмалидан тўрт тасмали цемент-бетон қопламага ўтказиш, юк кўтариш қобилиятини амалдаги 10 тоннадан 13 тоннага ошириш, транспорт воситалари кунлик ҳаракат жадаллигини ўртача 40 мингтага етказиш кўзда тутилган.

Бошқа бир лойиҳа эса Наманган шаҳри — Учқўрғон автомобиль йўлини реконструкция қилишга йўналтирилган. Уйчи тумани орқали Учқўрғон ва Норин туманларини вилоят маркази билан боғловчи 17,5 километр масофада янги йўналиш бўйича қайта қуриш режалаштирилган ушбу объектнинг умумий қиймати 184 млрд. сўмни ташкил этади. Лойиҳа доирасида кўприк қурилиши ҳам кўзда тутилган.

Барчамизга яхши аёнки, сафарнинг бехатар бўлиши йўлларнинг равонлиги билан чамбарчас боғлиқ. Бунда транспорт воситалари ҳаракатига пиёдаларнинг халақит бермаслигига ҳам аҳамият қаратиш керак. Наманган шаҳрининг Сардоба даҳасида барпо этилиб, йўловчилар ўтиши учун яқинда тикланиб, ишга туширилган осма кўприк айни мақсадга хизмат қилади. Уни қуриш ҳудудда жойлашган катта бозор ёнидаги тирбандликни бартараф этиш заруратидан келиб чиққан. Узунлиги 38, эни 3 ва асосий йўлдан баландлиги 6 метрни ташкил қиладиган иншоот фойдаланишга топширилиши билан Алишер Навоий номли кўчанинг ушбу қисмида транспорт воситалари тирбандлигига барҳам берилди.

Халқимиз орасида “Йўл қурмоқ — савоб” деган нақл юради. Иқтисодиётимизнинг қон томири, элларни, дилларни ва кўнгилларни бирлаштирувчи муҳим восита. Қайси мамлакатда йўллар кафтдек текис ва замонавий асосда барпо этилган бўлса, ўша юртда тараққиёт илдам одимлайди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер