Электрон сигареталар «попкорн ўпка» номли бедаво касалликка сабаб бўлиши мумкин

17:50 14 Май 2025 Илм-фан
216 0

АҚШлик олимлар электрон сигареталар (вапе)ни чекиш «попкорн ўпка» номли хавфли касалликка сабаб бўлишини аниқлади. Бу касаллик тиббиётда «bronchiolitis obliterans» деб аталиб, ўпкадаги энг кичик ҳаво йўллари – бронхиолаларни зарарлайди. Касаллик йўтал, нафас қисиши, чарчоқ ва ҳансираш каби аломатлар билан кечади ҳамда қайта тикланмайди, яъни доимий ўпка етишмовчилиги юзага келади.

«Попкорн ўпка» номи дастлаб 2000 йилларда АҚШдаги микротўлқинли попкорн фабрикасида ишлаган ишчилар орасида пайдо бўлган касаллик туфайли пайдо бўлган. Улар ишлаб чиқариш жараёнида попкорнга ёғли таъм берувчи диатсетил деб аталувчи моддани нафас орқали қабул қилган ва ўпкаси зарарланган. Айни диатсетил моддаси бугунги кунда баъзи электрон сигарет (вапе) суюқликларида ҳам мавжуд бўлиб, иситилганда ўта зарарли газ ҳолатига ўтади.

Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда диатсетилни вапе маҳсулотларида қўллаш тақиқланган бўлса-да, айрим бошқа давлатларда бу моддадан фойдаланиш ҳанузгача рухсат этилган. Қолаверса, ноқонуний ишлаб чиқарилган вапе маҳсулотлари таркибида диатсетил билан бир қаторда формалдегид ва атсеталдегид каби ўта заҳарли моддалар ҳам аниқланган. Уларнинг барчаси нафас йўллари учун хавфли бўлиб, ўпканинг ички тузилмасини жиддий шикастлайди.

«Попкорн ўпка» касаллигининг энг хавфли томони – унинг давоси йўқлигидир. Касаллик аниқлангач, шифокорлар фақат симптомларни енгиллаштирувчи муолажалар тавсия қиладилар. Айрим ҳолатларда беморларга нафасни очувчи дори-дармонлар ёки ўпка трансплантацияси керак бўлади. Шу боис бу ҳолатда ягона тўғри чора – касалликнинг олдини олишдир.

Мутахассислар вапе маҳсулотларига нисбатан тартибга солиш, таркибий моддаларнинг қатъий назоратини йўлга қўйиш, аниқ ёрлиқлар ва аҳолини хабардор қилиш кампанияларини бошлаш каби чораларни кўриш кераклигини билдиришган.

Қайд этиш керакки, мамлакатимизда ҳам электрон сигареталарни тақиқлаш борасида ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқишганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?