Электрон ҳисобварақ-фактураларда хавф даражасини баҳолашда янгича ёндашув

11:29 17 Октябр 2025 Жамият
157 0

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Солиқ қўмитаси томонидан “Электрон ҳисоб-варақ фактураларни хавф даражасига қараб инсон омилисиз автоматлаштирилган тарзда таҳлил қилиш тизими” ҳақида журналистлар учун тақдимот ўтказилди.

Тақдимотда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг “Қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида 2026 йил 1 январдан электрон ҳисобварақ-фактураларни (ЭҲФ) хавф даражасига қараб реал вақт режимида автоматлаштирилган тарзда таҳлил қилиш тизимини жорий қилиш белгиланган.

Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида халқаро экспертлар билан ҳамкорликда янги тизим ишлаб чиқилган бўлиб, бу ЭҲФ расмийлаштиришда қонунбузилиш эҳтимолини баҳолаш имконини берувчи комплекс мезонлар таҳлилига асосланади. Шу билан бирга, янги тизим солиқ маъмуриятчилигининг рақамли трансформациясида муҳим босқичга айланиши ва иқтисодиётда яширин айланмалар улушини кескин камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ҳужжатга кўра, янги тизим ҳар бир ЭҲФни яратиш жараёнидаёқ автоматик таҳлил қилади ва унга хавф даражасини белгилайди. Агар юқори хавф белгилари аниқланса, ЭҲФнинг мақоми харидорга кўрсатилади. Бу эса солиқ оқибатларини баҳолаш ва ҳамкор танлашда эҳтиёткорликни таъминлайди.

Тадбирда таъкидланганидек, ҳозирги босқичда тизим синов тариқасида ишламоқда ва тадбиркорлик субъектлари йўл қўяётган йирик хатолар ва қонунбузилишларни автоматик равишда аниқлайди, уларга нисбатан ҳеч қандай таъсир чоралари қўлланилмаяпти.

Тизимда юқори хавф даражасига эга ЭҲФ бўйича қуйидагилар назарда тутилади:

— уларнинг улуши ҳисобот даврида расмийлаштирилган жами ЭҲФлар сонининг 10 фоизидан ошмаслиги;

— ҚҚС суммаси сотувчи (етказиб берувчи) ёки харидор (буюртмачи) томонидан бюджетга тўлиқ тўлангандан кейин ҳисобга олиниши.

Маълумотларга кўра, июль ойидан бошлаб Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти ва бошқа ахборот каналларида тадбиркорлар томонидан электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) расмийлаштириш жараёнида йўл қўйилаётган қўпол хатолар ва солиқ қонунчилиги бузилиши ҳолатларига оид мисоллар эълон қилиб борилмоқда. Бу ҳолатлар янги тизим ёрдамида аниқланмоқда.

Ўрганиш натижаларига кўра, жорий йилнинг июль — сентябрь ойларида 27 та солиқ тўловчи томонидан иқтисодий мазмунга мос келмайдиган операциялар амалга оширилгани аниқланди. Бу билан 27 та шубҳали корхона томонидан 281 та корхоналарга 5,9 трлн. сўмлик ЭҲФ расмийлаштирилган ва 706 млрд. сўм ҚҚС суммасини ҳисоб (зачёт)га олиш ҳолатлари кузатилган.

Тақдимотда солиқ органлари томонидан хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олиш, қонун устуворлигини таъминлаш, шу билан бирга инсофли, солиқларни ўз вақтида, виждонан тўлайдиган солиқ тўловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида шубҳали операцияларни аниқлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани айтиб ўтилди. Бу солиқ мажбуриятларини бажаришда шаффофлик ва адолатни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

“Халқ сўзи”.

Акмал МУҲАММАДОВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?