Эксперт: Ўзбекистон истиқболда глобал газ бозорининг салмоқли иштирокчисига айланиши мумкин
Бугун Ўзбекистон минтақа энергетика бозоридаги жиддий иштирокчилардан бири ва истиқболда глобал газ бозорининг салмоқли вакилларидан бири бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Газ экспорт қилувчи мамлакатлар форуми (GECF) бош котиби Юрий Сентюрин.
Унинг таъкидлашича, дунёда энергияга бўлган талаб фақат ошиб бормоқда. Биргина 2040 йилга келиб бу борадаги кўрсаткич нефть эквиваленти бўйича 17,8 гигатоннага етади.
“Боз устига, табиий газга бўлган талаб жадал суръатларда ўсиб боради ва 2040 йилга келиб унинг дунё энергетика балансидаги улуши 25-26 фоизга етади ҳамда мазкур эҳтиёжларни қондиришдаги йирик ўринлардан бири Ўзбекистонга тегишли бўлади”, дея қайд этади эксперт.
“Ўзбекистон салмоқли углеводород ресурслари ва захиралари, жумладан, газга эга бўлиши шарофати билан минтақа энергетика бозорининг жиддий вакили ҳисобланади ва у истиқболда глобал бозорда ҳам шундай поғонага чиқишини истисно қилмайман. Ўйлашимча, Ўзбекистон раҳбариятининг газ қазиб чиқаришни ошириш бўйича режаси мамлакат газ дунёсида муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилганини ўзида ифодалайди”, - дейди Сентюрин.
Экспертнинг фикрича, мазкур режалар янги конлар, геологоразведка ишларига фаол сармоя йўналтириш, мавжуд инфратузилмаларни модернизация қилиш, янгиларини очиш ҳисобига рўёбга чиқади. Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг халқаро бозордаги ҳиссаси Марказий Осиё – Хитой глобал лойиҳаси доирасида янги тармоқ ҳамда Туркманистон — Афғонистон — Покистон — Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувури барпо этилиши ҳисобига мустаҳкамланиши мумкин.
“Ўзбекистон ТАПҲ лойиҳасида иштирок этиш бўйича қарор қабул қилиши мумкин. Ўзбекистон раҳбарияти шу бўйича таклиф олганидан хабарим бор. Ҳозир шу ҳақда ўйланмоқда. Бир қанча вақт аввал биз учун жуда истиқболли кўринган яна бир лойиҳа ҳақида айтишганди. Уни амалга ошириш қийин бўлса-да, ҳисобдан чиқармаган бўлардим. Бу жанубий йўлак бўйича янги шохобча қуриш ҳисобига Хитойга газ етказиб беришдир”, - деди GECF бош котиби.
Маълумот учун, Газ экспорт қилувчи мамлакатлар форуми (GECF) халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, ўзида Жазоир, Боливия, Венесуэла, Миср, Эрон, Катар, Ливия, Нигерия, БАА, Россия, Тринидад ва Тобаго, Экваториаль Гвинея каби давлатларни бирлаштирган. Ироқ, Қозоғистон, Нидерландия, Норвегия, Уммон ва Перу ушбу ташкилотнинг кузатувчилари мақомига эга.
Мазкур давлатлар дунё газ захираларининг 67 фоизини, суюлтирилган газ савдосининг 65 фоизини ва газ қувурлари орқали зангори олов етказиб беришнинг 63 фоизини назорат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг