Депутатнинг бир куни...

14:31 08 Апрель 2026 Жамият
143 0

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси аъзоси Наргиза Саломова фаолиятининг бир куни ҳақида ҳикоя қиламиз.

Яқинда депутат Яккабоғ туманидан тушган мурожаат асосида аҳоли вакиллари билан учрашиб, одамларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, халқ маънавияти, маданияти, қишлоқ турмуш тарзи, имконияти чекланган одамлар ўй-ташвишлари, орзу истаклари, камбағаллик ва фаровонлик ўртасида кўприк бўлаётган мутасаддилар фаолияти билан қизиқди.

—Яшириб нима қилдим, “депутат келибди”, дейишса, баъзан одамларнинг ҳафсаласи пир бўлади,— дейди Н. Саломова. —Гоҳида берилган қуюқ ваъдалар қоғозда қолиб кетгани ҳам рост, бу эса сайловчи ва депутат ўртасидаги муносабатларга дарз етказмасдан қолмаган. Одамлар руҳиятидаги депутатга бўлган салбий фикрларни ўзгартириш эса осон кечмайди. Шунинг учун ҳам Яккабоғ тумани маҳаллаларида оддий ва самимий одамлар ўртасида ўтказган бир кунлик вақтимнинг бирор дақиқасини ҳам беҳуда кетказмасликка интилдим. Залга қишлоқ аҳлини йиғиб, қуруқ маъруза ўқиш анъанасидан воз кечдим. Ҳатто келганимни туман ҳокимига ҳам билдирганим йўқ. Негаки, ёмонни яшириб, яхшини оширишдан бугун ҳеч қандай фойда йўқ. Шундай ўзим одамлар орасига кириб бордим. Бунинг самараларини эса ўзим сездим. Одамлар ҳоким йўқлиги учун ҳайиқмай ўз дарду дунёсини тўкиб солди. Аслида шу керак, бизга.

Мен ҳам сиздек кўргим келар ой-қуёшни...

—Сиз тонгда уйғонганингизда офтобнинг заррин нурлари кўзингизни қамаштиради, чуғурлаётган қушлар, гуллаб турган дарахт ва атроф-муҳитни зийраклик билан кузатасиз, —дейди Н. Саломова. — Кўриш ва қувониш бу сизга табиат томонидан ато этилган энг улуғ неъмат. Бунга қанча шукрона айтсангиз кам. Аммо... офтобни, табиатдаги турфа рангларни, ҳаётни кўра олмайдиган одамлар ҳам орамизда яшаяпти. Улар ҳам ою қуёшни, тоғу тошлару кўм-кўк қир-адирларни кўргиси келади. Начора, бунинг иложи йўқ. Лекин уларнинг ҳам ўз дунёси бор. Ёруғ оламни кўрмаса-да, қалб кўзлари очиқ. Ҳаётни, тирикликни қалбан ҳис қилишади, тирикликнинг ўзини улуғ саодат деб билишади. Яккабоғда яшовчи кўзи ожиз фуқароларнинг мурожаати мени шу ҳудудга чорлади.

Кўзи ожизлик ҳам китоб ўқимасликка сабаб бўла олмас экан. Қаранг, Яккабоғ тумани кўзи ожизлар кутубхонасининг гавжумлигига ҳавасим келди. Ўзбек ва жаҳон адабиётининг нодир намуналари жавонларни безаб турибди. Китобхонлар билан танишар эканман, Нилуфар Бозорова фикрлари диққатимни тортди. У Президентимизнинг асарлари брайль алифбосида чоп этилса, биз ҳам баҳраманд бўлар эдик, деди, астагина. Рости, ийманибгина айтилган бу гап мени жуда қувонтирди ва уни бағримга босдим. Эътибор беряпсизми, мустақиллик билан тенгдош қизимиз гарчи имконияти чекланган бўлса-да, юрагида юртга дахлдорлик ҳисси яшамоқда. Унинг бу таклифи фақат ўзига эмас, бошқа кўзи ожиз фуқаролар учун ҳам қулай имкониятлар эшигини очиши аниқ.

Биринчи гуруҳ ногирони Рўзибой Саломов бу ёруғ дунёни кўришдан мосуво бўлса-да, иссиқхона қуриб, бозорга лимон, помидор, бодринг чиқариб, тўкинликка ҳисса қўшмоқда. Яна денг аукциондан 50 сотих ер сотиб олиб, маккажўхори дони етиштирмоқчи. Демак у элга наф келтирмоқни ўзининг бурчи деб билади. Ишга илҳом билан киришган пайтда ногиронлиги ҳам ёдидан кўтарилиб кетади. Эътибор беринг, Эдилбек қишлоғида яшовчи бу тиниб-тинчимас йигит рафиқаси Гавҳар Ҳамроевани ҳамширалик курсида ўқитишга кўмак беришни сўради. У оиласи бюджетини кўпайтирмоқчи, фаровонлигини оширмоқчи. Бу гапларни нега ёзаётганимда аллақачон фаҳмлаб олган бўлсангиз керак.

“Опен бюджет”да омади чопмаганлар кўчасида байрам

Тумандаги Гулистон маҳалласи аҳли жуда меҳнаткаш. Бу ерда кимдир асалари боқиб, бол етиштиради, бошқаси тадбиркорликда довруқ қозонган. Таълим-тарбияда ҳам мақташга арзигулик натижалар бор. Аммо уларнинг бир орзуси ҳамон амалга ошмай келаётган эди. Бу — йўл азоби.

Тўғри, ҳар мавсум кексаю ёш “Опен бюджет”да жон куйдириб овоз йиғади, ҳаракат қилади. Нимагадир ҳеч омади чопмайди. Ғолиб бўлиша олмагач, “Эй, барибир фойдаси йўқ экан” деган умидсизлик ҳам пайдо бўлган уларда. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, қишда тиззагача лой кечиб, ёзда чанг ютиб яшаш осон эмас-да!

Шу маҳаллага бориб, вазиятни, одамларнинг яшаш шароитини ва ўша одамлар тилидан тушмаётган “лой кўчалар”ни ўз кўзи билан кўрдим. Рости, жуда ачиндим. Одамларнинг маъюс нигоҳига қарай олмадим, гўё бу ҳолат учун ўзимни гуноҳкордек сездим. Кейин бирдан қувониб кетдим. Ахир менда ваколат бор-ку! Кўп овоз тўплаб, лекин ғолиб бўлолмай қолган битта лойиҳани “тортиб чиқариш” ва унга маблағ ажратишим мумкин-ку! Айнан шу маблағни Гулистон маҳалласига ажратишга қарор қилдим.

Натижада маҳаллага 1 миллиард 650 миллион сўм ажратиб бериладиган бўлди. Энди 3 километр ички йўлга тўлиқ асфальт ётқизилади. Лойга ботиб мактабга борадиган болаларнинг қанчалик қувонишини тасаввур қиляпсизми?

Ер ажратилса, маҳалла биносини ўзимиз қурамиз...

Гулистон маҳалласи “еттилиги” ижарадаги бир хонада сиқилиб ўтирганини кўриб, ажабландим. Мурожаат қилувчи фуқароларда “Ўзлари бинога муҳтож бўлса, бизнинг муаммомизни қандай ҳал қилишади” деган фикр туғилиб, “еттилик”ка нисбатан ишончсизлик уйғониши табиий. Шундай экан, маҳаллага бино қуриш масаласини пайсалга солиб бўлмайди. Одамлар эса “маҳалла идораси учун ер ажратилса бас, бинони ўзимиз ҳашар йўли билан қурамиз” дейишди. Маҳалла аҳлининг бу ташаббусидан қувонмай бўладими?

Аммо мен қишлоқ аҳли қўлида китоб кўрмадим. Китоб ўқишга эҳтиёж йўқми ёки имконият деган савол кўндаланг турарди. Ахир китоб энг буюк тарбиячи-ку. Фарзандларимиз китоб ўқиб улғайиши учун ота-онанинг ўзи ҳам китобхон бўлиши керак-да, нима дедингиз. Ўтмишда қишлоқларда хира чироқ ёғдусида Алпомиш достонини бир киши ўқиса, юзлаб одамлар то тонггача тинглашган. Навоийхонлик, Фузулийхонлик кечалари бўлган. Бугунги авлод нега китоб ўқишга ҳафсала топа олмаяпти? Қишлоқ фаолларига янги маҳалла биноси қурилса, унинг ёнида кутубхона ҳам барпо этишни тавсия этдим. Кутубхона битгач, 500 дона жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналарини ҳадя қилишни зиммамга олдим. Одамлар юз-кўзида қувонч пайдо бўлди. Энг муҳими эса депутат сифатида Яккабоғда ўтказган бир куним унутилмас бўлиб қолди. Тошкентга келганимда ҳам қўнғироқлар тинмасди. Бу одамларда депутатларга нисбатан ишонч ҳисси уйғонаётганидан дарак бераётган бўлса ажаб эмас.

Фахриддин БОЗОРОВ

(“Халқ сўзи”) ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер