“Дарғом” канали бўйида замонавий дам олиш боғи барпо этилмоқда

14:05 22 Январь 2026 Жамият
222 0

Самарқанд вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган мастер-режа асосида Самарқанд шаҳри бўйлаб аҳоли дам олиши учун қулай ҳордиқ чиқариш маскани ташкил этиш ишлари давом этмоқда. Шулардан бири “Дарғом” канали бўйида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳа ҳисобланади.

Ҳозирда мазкур янги боғда пиёдалар йўлаклари, яшил майдонлар ташкил этилган бўлиб, ёритиш тизимлари ва ўтиргичлар ўрнатилган. Ҳудудда аҳоли учун барча қулайликларни яратиб, тўлиқ замонавий дам олиш масканига айлантириш кўзда тутилган.

24/7 тартибида фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган ҳудуд аукцион орқали тадбиркорларга таклиф этилиши белгиланган бўлиб, лойиҳа якунлангач бу ерда оилавий дам олиш масканлари, сайр ва ҳордиқ учун қулай инфратузилма объектлари ташкил этилади.

Келгусида Ургут, Тойлоқ, Самарқанд, Паст Дарғом туманларидаги “Дарғом” канали соҳил бўйларида ҳам тадбиркорлар томонидан рекреацион масканлар ташкил қилинади.

Шунингдек, Ургут туманининг Омонқўтон ва Қоратепа маҳаллаларида ҳам 80 гектар майдонда йирик туризм лойиҳалари амалга оширилади. Жумладан, Қоратепа сув омбори ва тоғ ёнбағирларида кемпинг ва капсула “Eco village” шаҳарчалари, Омонқўтон маҳалласида хизмат кўрсатиш нуқталари ва “Омонқўтон” миллий қўриқхонасининг рекреацион зонасида сайёҳлар учун кузатув майдони ва йўлаклар ташкил этилади.

Туманнинг Чорчинор маҳалласини туризм қишлоғига айлантириш режалаштирилган бўлиб, 25 миллион долларлик инвестиция маблағи ҳисобига замонавий овқатланиш масканлари, канат йўли, экоуйлар, ўтовлар, меҳмонхона, сервис ва савдо объектлари фаолияти йўлга қўйилади ва натижада 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Бундан ташқари Ургут, Нуробод, Самарқанд туманлари ҳамда Каттақўрғон сув омбори ҳудудлари бирлашган ҳолда туризм зонаси дирекцияси ташкил этилади.

Шу ўринда айтиш керакки, 2025 йилда Нуробод тумани Оқсой қишлоғига туризм қишлоғи, Ургут туманидаги Омонқўтон ва Самарқанд туманидаги Янгижой маҳаллаларига — туризм маҳалласи мақоми берилди.

Сайёҳларга яратилаётган қулайликлар натижасида ўтган йили вилоятга 8,5 миллион нафарга яқин хорижий ва маҳаллий сайёҳлар келди. Натижада туризм хизматлари экспорти 600 миллион доллардан ошди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер