Дала четларидан фойдаланиш тартибга солинмоқда
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Сенатнинг 11-ялпи мажлисида “Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бироқ дала четларига экин экмаслик ва йил давомида маҳсулот етиштирмаслик ҳолатлари аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга ҳамда бозорларда маҳсулотларнинг таннархига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, соҳада бошқарув тизимини такомиллаштириш, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни йўлга қўйиш заруратини юзага келтирмоқда.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, иккиламчи ижарага олган ижарачиларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофида қонунчиликка мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш белгиланган майдонларда ва муддатларда мақбул экин экилмаганлиги учун маъмурий жарима қўллаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Солиқ кодексида дала четларидаги бундай майдонларда мақбул экин экилмаган тақдирда, мазкур ер участкасининг экин экилмаган қисми учун ер солиғи ставкасини уч баравар миқдорда ҳисоблаш белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан Қонуннинг қабул қилиниши натижасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер участкаларининг дала четлари ҳамда каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда маҳсулот етиштирилишини самарали ташкил қилишга, суғориладиган ерлардан унумли ва тўлақонли фойдаланишга эришилади, деган фикр билдирилди.
Муҳокама якунида ушбу Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- МИБ директорига янги ўринбосар тайинланди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг