“Чой дамлашни биладиган жин”ман, холос
Баҳор фасли. Май ойи эди. Математика фанини ўқитиш бўйича қайта тайёрлов курсини тамомлаш арафасида эдик. Ҳамма ҳамкурслар раҳбарият томонидан амалиёт қилиш учун 3 гуруҳга бўлиндик. 2 та гуруҳ ўзбек синф ўқувчилари учун, 1 та гуруҳ рус синф ўқувчилари учун. Мени рус синфда амалиёт қилувчиларга ёзишди. Сабаби телеграмм жамоамизда бир-бир русча сўзларни ёзиб турардим. Мансур русчани билади, деб ўйлашганми билмадим. Қисқаси 10 киши Наманган шаҳридаги 52-сонли мактабни 5-синфида амалиёт қилиш учун бордик. Бизни яхши кутиб олишди. Синф хонасига кирганимизда нақд 40 та ўқувчи ва 10 та талаба учун дарс бошланди. Тўғриси домла нима деб тушунтираётганини тушунмадим, лекин математик бўлганим учун унча-мунча жараённи пайқаб турардим. Мавзудан сўнг ўқувчиларга бажариш учун мисоллар берилди. Кимдир-эртароқ, кимдир-кечроқ, ишлаган мисолларини ўқитувчига текширтириш учун олиб боришарди. Бола бари бир болада бир пасда хонада шовқин кўтарилди. Баъзилар тўғри ишлаганини шеригига мақтанган, хато бажарганлар эса дарров тўғрилаш учун жойига шошилган, 5 синфдаги ўқувчилар ишлаётган мисолларни гапириб бажаришади. Бу ҳамма ёш ўқувчиларга хос одат. Баъзи ёши каттароқ шерикларим ҳатто қўллари билан қулоқлари беркитиб олишди. Шунда жимликни сақлаш мақсадида доска олдига бордим. Амалиёт раҳбаримизга бориб “Булар ўзбекчани билишадими?” дедим атайлаб овозимни кўтариб, эшитганлари “ҳа биламиз” дейишди. “Унда мен сизларга ҳозир ҳар қандай сонни бир зумда 11 га кўпайтиришни ўргатиб қўяйми?” деб сўрадим. Бараварига “ҳа” дейишди. Бўрни олиб доскага мисолларни ёза бошладим.
Мана шу мисолларни ишланглар дедим. Ҳаммалари дафтарга ёзиб ишлашди. Жавобларни сўрадим. Шошилганда ярмидан қўпроғи хато ишлашибди. “Ана энди осон усулини ўргатаман”, дедим. Ҳар қандай сони 11 га кўпайтириш учун шу сони масалан: 72 ни, ораси очилади ва шу сонлар орасига иккаласининг йиғиндиси ёзилади — 792, Оппа-осон, ўргатаётганимда хонадаги тинчликдан ўзим ҳам шерикларим ҳам хурсанд бўлишди. “Ҳамма тушундими?”, дейишим билан хонада яна ғала-ғовур бошланди. Шунга доир мисоллар доскага тўлдириб ёзиб қўйдим. “Бўрни қўйиб ишланглар”, десам, “Ишлаб бўлдик, текшириб беринг”, деб дафтарни олиб келиб атрофимга тўпланиб олишди. Шерикларим билан бирма-бир текшира бошладик. Ҳамма ўқувчилар мисолларни 100 фоиз тўғри ишлаган эди. Энг муҳими, ўқувчилар янгича осон усулни ўрганишганидан хурсанд эдилар. Дарсдан чиқиб амалиёт раҳбаримиз билан суҳбатлашиб уйга қайтиш учун ташқарига чиққанимизда ҳамма ўқувчилар мени ўраб олиб айтган гаплари мени ниҳоятда қувонтирди ва бир умрга эсимда қоладиган воқеа бўлди. “Устоз бизни мактабга ишга келинг, бизга сиз дарс ўтинг”. Шунда мен “русча математикани билмайман”, десам, “майли ўзбекча ўргатаверасиз, биз биламиз”, дейишди. Ҳатто биттаси: “агар сиз бизга келмасангиз, мен ўқишимни сиз ишлайдиган мактабга кўчираман”, деди. Аслида улар бир ҳақиқатни билишмас эди. Мен кучли математик эмасман, тажрибам ҳам кам. Марҳум қизиқчи Ҳожибой Тожибоев таъбири билан айтганда мен фақат “Чой дамлашни биладиган жин”ман, холос. Лекин ҳамма нарса билимда эмас. Муҳими, ўқувчига таъсир кўрсата олишда, деб ўйлайман. Амалиётни биринчи кунидаёқ 5-синф ўқувчисини беихтиёр айтган гапи менга бир умр ўқувчиларга математикани ўргатиш учун куч берса керак.
М. Мирзабдуллаев,
Наманган туманидаги 7-сонли мактабнинг
математика фани ўқитувчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Марказий Осиёнинг интеллектуал меросини улуғлашда янги босқич Тошкентда бошланмоқда — The Washington Post
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг