Чиқиндиларни ким саралаши керак?

11:40 21 Январь 2025 Жамият
554 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Дунёда қаттиқ маиший чиқиндиларга хомашё сифатида эътибор қаратилаётганига анча бўлиб қолди. Ҳатто ривожланган мамлакатларда уларнинг ташилиши, қайта ишланиши ва рекуперацияланиши(ишлаб чиқаришга қайта жалб этилиши)ни трансмиллий корпорациялар ўз зиммасига олишган.

Шунга қарамасдан қаттиқ маиший чиқиндилар инсониятни ташвишга солган муаммолардан бири сифатида қолиб, сўнгги йигирма йилда уларнинг ҳажми қарийб 250 баробарга ортган. Агар улар она сайёрамиз бўйлаб ёйиб чиқилса, 2 сантиметр қалинликдаги чиқинди “пойандоз”и ҳосил бўларкан.

Арзон, бироқ қимматга тушади

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қатиқ солинган оддий пластик идиш тупроқ остида чиришига 400 йил, полиэтилен тўрвалар учун бунданда кўпроқ муддат керак бўларкан. Алюминь ва шиша идишлар тупроққа қоришиб кетиши учун эса салкам минг йил зарур бўлади.

— Бир марта ишлатиладиган пластик қадоқлаш материаллари маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар учун арзон ва сақланиш муддатини ҳам узайтиради, — дейди Ўзбекистон Республикаси “Жонли табиат” жамоат бирлашмаси директори Эшмамат Тоғаев. — Бироқ бўшаган бу идишлар қайта ишланмасдан шунчаки кўмиб ташланишининг атроф-муҳитга зарари ниҳоятда қимматга тушади. Яъни тупроққа тушган ҳар бир пластик ва полиэтилен идишлар ўзининг кимёвий ва физик хусусиятларини ўзгартириб, тупроқ таркибида фойдали тирик макро ва микро организмларга қирғин келтиради. Ернинг унумдорлигини бузади. Бундан ташқари, ифлослантирувчи моддалар билан биргаликда касаллик қўзғатувчи бактериялар, гельминт тухумлари ва бошқа зарарли организмлар кўпайиб, улар аксарият ҳолларда тупроқнинг қуйи қатламларигача кириб боришига шарт-шароит яратади.

Шу жиҳатдан Ер юзининг 8 миллиардлик аҳолиси ҳар 115-120 йилда тўлиқ янгиланишини инобатга олсак, ушбу қадоқлаш идишлари неча авлоднинг ҳаётий эҳтиёжларига зиён етказишини фаҳмлаш мушкул эмас. Бир сўз билан айтганда, аксарият қадоқлаш идишлари қанчалик арзон бўлмасин, унинг зарари бир неча авлод ва миллиард-миллиард кишилар саломатлиги учун қимматга тушиши тайин.

“Кўздан йироқ” муаммолар

Мамлакатимизда, хусусан, Навоий вилоятида яқин-яқинларгача ҳудудларни қаттиқ маиший чиқиндилардан холи этиш коммунал хўжаликлар ва аксарият ҳудудларда аҳолининг зиммасида бўлиб, у “кўздан йироқроқ” тамойилида амалга оширилар эди. Натижада шаҳар ва қўрғонлар атрофида чиқинди полигонлари, қишлоқ чеккаси ҳамда ариқ ва зовурларда ноқонуний чиқиндихоналар пайдо бўлиб, узоқ йиллар атроф-муҳит тозалиги, экологик мувозанатга, ҳудудлар, айниқса, қишлоқларимизнинг санитария ҳолатига доимий равишда таҳдид солиб келган.

Шу боис Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017 — 2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Навоий вилоятида ҳам маиший чиқиндиларни олиб чиқиш ва утилизация қилиш субъектлари фаолияти йўлга қўйилди. Вилоятнинг шаҳар ва туманларида филиаллари ташкил этилди. Уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш мақсадида мавжуд полигонларни утилизация қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 апрелдаги “2019 — 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2024 йилнинг 5 январида қабул қилинган Президентимизнинг “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари эса қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги инфратузилмани такомиллаштириш, мавжуд қаттиқ маиший чиқинди полигонларининг санитария талаблари ва экологик меъёрларга мувофиқлигини таъминлаш каби соҳада комплексли чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаларини белгилади. Шу асосда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш бўйича самарали тизим яратилиб, уларнинг фуқаролар соғлиғи ва атроф-муҳитга зарарли таъсирини бартараф қилиш мақсадида “Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси” Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси Давлат муассасаси ташкил этилди.

— Вилоятимизда жами 16 та чиқинди полигонлари мавжуд бўлиб, шундан 13 та қаттиқ маиший чиқинди полигонлари, 2 таси қурилиш чиқинди полигонлари, 1 та заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар консервация қилинадиган махсус полигон ҳисобланади, — ҳудудий бошқарма бошлиғи Жасур Абсаломов. — Уларнинг 12 таси, яъни 11 та маиший чиқинди полигони ҳамда 1 та заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар сақланаётган полигон Ҳудудий бошқарма балансига олинди ва кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди. Шунингдек, ўтган давр мобайнида “Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси” ДМ ўртасида 16 та юридик ва 2 та жисмоний шахслар билан Хизмат кўрсатиш шартномаси тузилди.

2024 йил март ойидан бошлаб “Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси” ДМ вилоятнинг бешта ҳудудида жойлашган қаттиқ маиший чиқинди қабул қилиш полигонларига жами 93854 метр куб чиқинди жойлаштирилиши таъминланди. Ҳар бир полигон махсус техникалар билан таъминланган бўлиб, доимий суриш ва кўмиш ишлари олиб бормоқда.

Шиша идишларни қаерга топширамиз!?

Йўқдан бор бўлмайди, бор нарса эса изсиз йўқолмайди. Физиканинг “олтин қоидаси”, табиийки маиший чиқиндиларга ҳам тегишли бўлиб, мутахассислар уни аҳоли яшаш манзилларидан четроққа чиқариш, ҳатто кўмиш ҳам муаммонинг туб ечими эмаслигини таъкидлашади. Яъни биологик ва биокимёвий парчаланмайдиган бирикмалардан тайёрланган турли хил қадоқлаш материаллари, суюқликларни сақлаш учун идишлар, каучук, лавсан, синтетик полимерлар, ювиш воситалари, бўёқлар чиқинди полигонларида ер остида парчаланиш жараёнида атроф-муҳитга карбонат ангидрид ва метан газини чиқаради. Бу ўз-ўзидан атмосферадаги иссиқликни ушлаб, сайёрамизга таҳдид соладиган иссиқхона эффектини яратади.

— Шу сабабдан ҳам республикамизда 2025 − 2027 йилларга мўлжалланган пластик билан ифлосланишни камайтириш бўйича миллий дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилиб, 2027 йилдан полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш, олиб кириш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда, — дея давом этади Э. Тоғаев. — Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб экологик жиҳатдан зарарсиз (биопарчаланувчи) пакетлардан фойдаланишни рағбатлантириш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, пластик қадоқдаги товарларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилардан уларни йиғиш ва утилизация қилиш учун махсус жойларни талаб қилиш режалаштирилмоқда.

Кези келганда таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда қаттиқ маиший чиқиндилардан оқилона, хомашё сифатида фойдаланиб, уларнинг атроф-муҳитга зарарини бартараф этиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилишига қарамасдан фуқароларнинг иштироки деярли кузатилмаяпти. Хусусан, чиқиндиларни саралаб жойлаштирмасдан, ҳамон дуч келган контейнерларга шунчаки аралаш улоқтириш ҳолатларини ҳар қадамда учратиш мумкин. Ваҳоланки қаттиқ маиший чиқиндилар таркибий қисмининг 70 фоизи қайта ишлашга яроқли материаллар ҳисобланиб, Европа мамлакатларида ўтган аср ниҳояларидаёқ уларни “саралаб”, “йиғиш” тизими жорий этилган. Шу ўринда бежиз қўш тирноқларни ишлатмадик, боиси бизда ҳамон чиқинди улоқтирилиб, кейин уни айрим шахслар титиб, саралайди, йиғиб турли қайта ишлаш цехларига топширади. Натижада давлат муассасалари даромаддан қуруқ қолишади. Маълумотларга кўра бугун аҳолининг маиший чиқиндилар учун ҳар ойлик тўлови автотранспорт харажатларини ҳам қопламас экан. Энг ачинарлиси, ўша ахлат титувчилар шиша идишларнигина ҳудудларнинг тозалик ва санитария бўйича масъул корхоналарига қолдиришади.

— Шиша ва ундан тайёрланган буюмлар 1000-1500 йилгача сақланиб қолади, — дейди Эшмамат Тоғаев. — Дунёнинг ривожланган мамлакатларида шиша идишларга маҳсулотини қадоқлаган корхоналар унинг кейинги тақдирига масъул ҳисобланади. Шу амалиёт бизда ҳам жорий этилса, шиша қадоқлар ва синган шиша буюмлар билан боғлиқ муаммоларга ечим бўларди.

Чинданам шиша идишлар бугунги кунда ҳеч кимга керак бўлмай қолган. Уларни қайта ишлатишда стерлизация билан боғлиқ масалалар сабаб қабул масканлари йўқолиб, ҳатто жонли уловда кўча оралаб териб юрувчи — халқ тилидаги “шара-барачи”лар ҳам йиғмай қўйишган. Натижада катта йўллар ёқалари шиша идишлар, уларнинг ўткир тиғли парчалари билан тўлиб кетмоқда.

Чиқиндиларни саралашнинг энг муҳим аҳамияти шундаки, улар туфайли полигонлар юкламаси камаяди. Уларнинг йўқ бўлиб кетиш имконияти ошади. Афсуски, чиқиндиларни саралаб йиғишда жамоатчилик иштироки паст даражада қолиб, бу ер ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятимизни ҳам камайтирмоқда. Шу боис аҳолининг экологик маданияти юксатириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни алоҳида йиғиш кўникмасини болаликданоқ шакллантириш ва кучайтиришнинг фурсати етди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?